Қоровуллик хизматлари ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги хабарлар учун моддий рағбатлантирилади

    Вазирлар Маҳкамасининг 14.10.2022 йилдаги 598-сон қарори билан Давлат органлари ва ташкилотлари идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар юзасидан ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларини хабардор қилиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби ҳақидаги низом тасдиқланган.

    Қоровуллик бўлинмалари давлат органлари ва ташкилотларида жиноятлар, ҳуқуқбузарликлар, шубҳа уйғотувчи ва қидирувдаги шахслар, авариялар, ёнғинлар, ҳалокатлар ва бошқа нохуш ҳолатлар аниқланганда:

    • дарҳол ҳудудий ички ишлар органининг навбатчилик қисмига хабар беради;
    • ички ишлар органлари ёки Миллий гвардия ходимлари етиб келгунга қадар ҳуқуқбузарлик ва ҳодисаларнинг излари сақланишини таъминлайди;
    • ички ишлар органлари ёки Миллий гвардия ходимларига ҳодиса юзасидан ахборот беради;
    • табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф қилишда иштирок этади, одамларни эвакуация қилишда ёрдам кўрсатади.

    Берилган хабарлари жиноят содир этган ёки қидирувда бўлган шахсларни аниқлашда, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолатларни бартараф этишда муҳим ўрин эгаллаган қоровуллик бўлинмалари ходимларига бир марталик пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар берилиши мумкин.

    Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий маълумотлар базасида эълон қилинган ва 15.10.2022 йилдан кучга кирган.