Қўшма таълим дастурлари талабага нима беради?

    Бугунги кунда Жиззах вилоятидаги 5 та ОТМда 400 дан зиёд йигит-қиз қўшма таълим дастурларида иштирок этмоқда.

    Инсоннинг билим олиши, ўқиб-ўрганишига киритиладиган сармоя — энг манфаатли инвестициядир. Боиси, арзон ва сифатли таълим олган болада ўқишнинг кейинги босқичларини давом эттиришга рағбат пайдо бўлади, келгусида ўз билимларини бирор соҳа ривожига йўналтириш орқали мамлакат иқтисодиётига ҳисса қўшади.

    Сўнгги йилларда юртимиз таълим тизимини янги шаклга ўтказиш, халқаро стандартларни жорий этиш, меҳнат бозори талабига мос юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш борасида тарихий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, олий таълим тизимини дунё стандартларига мослаштириш, халқаро рейтингларга киритиш, ўқув юртларига қабул қилишда адолатли ва шаффоф тизимни ўрнатишда катта ўзгаришлар кузатиляпти. Бу жараён Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси билан биргаликда фаол кечмоқда.

    Аслида, олий таълим малакали кадрлар тайёрлашнинг энг муҳим тизими ҳисобланади. Мазкур масканда талаба нафақат билим олади, балки бевосита амалиётга киришади. Ана шу босқичда соҳаси бўйича ишлаш кўникмасини эгаллаган ёшлар салкам мутахассисга айланиб, иш жойига кадр сифатида боради. Бу мақсадларга эришишда олий ўқув юртларида қўшма таълим дастурларининг йўлга қўйилиши, хорижий давлатларда амалиёт ўташ жараёнларининг кенг тус олиши, битирувчи талабаларнинг ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ўташи яхши самара бермоқда.

    Жорий йилнинг 9-10 июнь кунлари Туркиянинг Измир шаҳрида бўлиб ўтган Туркия-Ўзбекистон олий таълим муассасалари форумида ҳам икки мамлакат ўртасида техник ва инженерлик соҳасида кадрлар тайёрлаш масаласида муҳокамалар олиб бордик. Мамлакатимизнинг 20 дан ортиқ олий таълим муассасалари раҳбарияти, тегишли вазирликларнинг масъул ходимларидан иборат делегациямизнинг форумдаги иштироки ҳамкорликнинг янги йўналишларини бошлашга дебоча бўлди.

    Дастлабки куниёқ Туркиянинг Анадолу университети, Кайсари университети, Бартин университети сингари нуфузли олий таълим муассасалари билан келишувларга эришдик. Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, машинасозлик, энергетика, кимё технологиялари каби қатор соҳаларда ҳамкорлик битимлари, меморандумлар имзоланди. Жиззах политехника институти ҳамда юқоридаги таълим даргоҳлари ўртасида ҳам кадрлар тайёрлаш бўйича алоҳида келишувлар қабул қилинди.

    Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ўқитувчилар учун малака ошириш, талабалар алмашинувини ташкил этиш, ҳамкор олий ўқув юртларидаги ахборот-ресурс марказларининг ўзаро интеграциясини таъминлаш, крелит-модул тизими бўйича фан дастурларини такомиллаштириш, биргаликда илмий-тадқиқот ишларини олиб боришга қаратилган. Қолаверса, Мевлана, Эрасмус+, Туркия бурслари, Тика сингари халқаро донор ташкилотлар дастурларида ҳамкорликда иштирок этиш кўзда тутилган.

    Туркия таълимидаги ўзига хослик нимада?

    Форумнинг расмий учрашувларидан сўнг делегациямиз билан Туркия университетларида бўлиб, улардаги таълим жараёнлари билан танишдик. Очиғи, бу диёрнинг таълим тизими бизга кўп ҳам бегона эмас. Аммо соҳадаги замонавий тенденциялар жуда тез ўзгариб, янгиланиб бормоқда. Шу боис, жараёнда ўзимиз учун кўплаб янгиликлар олдик.

    Туркия олий таълим тизимида бошқаларникига ўхшамайдиган ўқитиш услубидаги ўзига хосликлар яққол кўзга ташланади. Масалан, у ерда университетларнинг деярли барчаси мустақил. Қанча квота ва грантлар ажратилиши ҳамда шунга ўхшаш барча нормативларни таълим даргоҳининг ўзи белгилайди. Ўқув муассасалари халқаро талабларга тўлақонли жавоб бера олгани боис, Туркиядаги 20 дан ортиқ университет дунё олий таълим муассасалари рейтинги TOP-1000талигидан жой олган.

    Ушбу давлатда мактаб аттестати билан олий таълимга кириш бўйича кўрсаткич 94,2 фоизни ташкил этади. Битта олийгоҳда 50–80 мингга яқин талаба таҳсил олиши ҳам ҳайратланарли. Ушбу жараёнда хорижлик талабаларни қабул қилиш имконияти максимал даражада амалга оширилади. Чет эллик ёшларга яратилган шароит ва имтиёзлар ҳам талайгина.

    Ҳар бир университет талабалари ижтимоий тўгараклар, спорт жамоалари ва маданий тадбирлар воситасида бир-бирига яқинлашади. 206 университетдан қайси бирига борманг, энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган замонавий ва қулай кампус ҳаётига гувоҳ бўласиз.

    Форум доирасида Ўзбекистон делегацияси Туркиянинг етакчи ишлаб чиқариш корхоналарида ҳам бўлди. Олий ўқув юртларининг энг иқтидорли талабалари мазкур корхоналарда амалиёт ўташ, ҳатто, ишлаш имкониятига эга бўлади. Бу тажриба бизда ҳам оммалашиб бораётгани бежиз эмас. Боиси, малакали кадрлар тайёрлаш жараёнида таълим ва амалиёт, илм-фан ва ишлаб чиқаришни уйғун олиб бориш ўз самарасини беради.

    Қолаверса, Янги Ўзбекистоннинг 2022—2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида 2026 йилга қадар 10 та салоҳиятли олий таълим муассасасини QS ва THE халқаро рейтингларига киришга мақсадли тайёрлаш белгиланган. Бунда хориж ОТМлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, илғор тажрибаларни ўрганиб, амалиётга жорий этиш муҳим ўрин тутади.

    Илмий изланиш амалиётга жорий этилса...

    Таълим сифатини оширишда нафақат моддий-техник базани мустаҳкамлаш, балки юқори салоҳиятли ва рақобатбардош кадрларни меҳнат жамоасига жамлаш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Малакали ўқитувчи талабани тўғри йўналтириб, ҳам илмий, ҳам касбий фаолиятида унга яқиндан кўмаклашади. Иқтидорли талабаларни қўшма таълим дастурларига жалб қилади.

    Бугунги кунда Жиззах вилоятидаги 5 та ОТМда 400 дан зиёд йигит-қиз қўшма таълим дастурларида иштирок этмоқда. Жиззах политехника институти асосан 4 та йўналиш — транспорт ва логистика, қурилиш, энергетика ҳамда саноат технологияси бўйича кадрлар тайёрлаб келади. Бу ерда бир нечта хорижий ОТМлар билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари ташкиллаштирилган бўлиб, талаба 2 йил ўзимизда, кейинги 2 йил эса чет эл университетида таҳсил олади. Худди шу форматда Москва Давлат қурилиш университети, Москва энергетика институти, Иванова Давлат кимё-технология университети, Қозон Федерал университетлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Ҳар икки томоннинг таълим имкониятларини уйғунлаштираётган қўшма дастурлар асосида биргаликда юқори малакали кадрлар тайёрланмоқда.

    Шунингдек, 2008 йилдан бошлаб хорижий донор ташкилотларнинг халқаро лойиҳаларида фаол иштирок этиб келяпмиз. Айниқса, охирги йилларда халқаро ҳамкорлик кўлами жадал кенгаймоқда. Хусусан, 2017 йилда Германия давлатидан “Ўзбекистоннинг аҳоли яшайдиган ҳудудларида иқлим ўзгаришига мослашув” номли грант лойиҳаси доирасида замонавий қуёш панеллари ва лаборатория ускуналари олиб келинди.

    2019—2021 йилларда Европа Иттифоқининг халқаро Эрасмус+ дастури доирасида институтда магистратура дастури очилиб, замонавий лаборатория ускуналари харид қилинди. Ана шу дастур асосида 2021—2027 йилларга мўлжалланган талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви ҳам ташкиллаштирилмоқда. Яна бир халқаро лойиҳа — “REILEAP” доирасида эса ҳозирги кунда институтимизнинг 11 нафар профессор-ўқитувчиси Туркиянинг Эгей университетида малака оширмоқда.

    Умуман, таълим тизимидаги бугунги янгиланишлар, илмий фаолиятга очилган кенг имкониятлар ёшларни янада изланишга ундамоқда. Талабаларнинг илмий фаолиятга қизиқиши, иштиёқи ортиб боряпти. Масалан, Жиззах политехника институти талабаси Зиёдабону Муллажонованинг “Пурин ва пиримидин асосларининг госсиполли ҳосилаларини олиш” мавзуидаги илмий изланиши буғдой ҳосилдорлигини оширишга қаратилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзига хос янгилик бўлиши кутилмоқда. Ҳозиргача олинган илк натижалар ҳам ёмон эмас. Бир шохда 40-50 дона дон солган буғдой ўсимлигида олиб борилган тадқиқотлардан сўнг шохдаги ҳосилдорлик 60-70 тага етди. Зиёда долзарб мавзудаги тадқиқоти билан “Мирзо Улуғбек ворислари” Республика кўрик-танловининг финал босқичида ғолибликни ҳам қўлга киритди.

    Институтда ана шундай иқтидорли ёшлар талайгина. Ўқийман, изланаман, янгилик яратаман, деган йигит-қизлар ўз устида тинимсиз ишламоқда. Хориж университетларида ўқишни давом эттириб, тажриба ошириш имконияти эса уларнинг илм йўлидаги интилишларини янада рағбатлантиряпти.

    Алишер УСМОНҚУЛОВ,

    Жиззах политехника институти ректори,

    техника фанлари доктори, профессор

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates