Бугунги кунда қурилиш ва урбанизация кўламининг кенгайиши, қурилиш объектлари майдонларидан чанг ва қум заррачаларининг шамол орқали ҳавога кўтарилиши ҳолатлари атмосфера ҳавосининг ёмонлашишига сабаб бўлмоқда.
Маълумотларга кўра, юртимизда қурилишлар сонининг ортишидан пайдо бўлаётган чанг халқаро нормадан 10 баробар юқори бўляпти. Ҳисоб-китобларга кўра, 500 квадрат метрлик очиқ қурилиш майдонидан йилига ўртача 50 тонна чанг кўтарилади. Бироқ қонунчиликда бундай ҳаракатлар учун аниқ жавобгарлик белгиланмаган.
Аввал хабар берганимиздек, қурилишларда чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган эди. Бугун мазкур лойиҳа қуйи палатадаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун қурилиш ташкилотлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини белгилаш таклиф этилмоқда.
Муҳокамаларда фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши экологик вазиятни яхшилашга, атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олишга, қурилиш ташкилотларининг масъулиятини оширишга, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш борасидаги конституциявий ҳуқуқлари ҳамда саломатликлари таъминланишига хизмат қилишини таъкидлади.
Маълумотларга қараганда, юртимизда охирги икки йилда юрак ва қон-томир касаллиги 13 фоизга, нафас йўллари касалликлари (астма, бронхит) эса 9 фоизга кўпайган. Шундай экан, ушбу лойиҳада кўзда тутилаётган нормалар ҳаётий аҳамиятга моликдир.
Шунингдек, йиғилишда чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда муҳокама қилиниб, бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.