баннер
2 апр 2025
22:01

    Рамазон — саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи

    Моҳи Рамазонда адо этиладиган солиҳ амаллар эвазига мўмин-мусулмонлар кўпдан кўп ажр-савобларга эга бўлади. Чунки табаррук ойда Аллоҳ таолонинг раҳмату мағфирати ҳар қачонгидан-да кўпроқ ёғилади.

    Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

    Аввало, халқимизни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши ва ўз номимдан Рамазон ойи билан самимий муборакбод этаман. Ҳақ таоло ушбу фазилатли, файзли дамларни дунё мўмин-мусулмонлари учун тинчлик-осойишталик, фаровон ҳаёт ва икки дунё саодатига элтувчи ой қилсин.

    Бу борада кечагина муҳтарам Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилингани нур устига нур бўлди, дейиш мумкин. Унда халқимиз учун эзгулик, меҳр-оқибат ва шукроналик тимсоли бўлган қутлуғ ойни бир қатор тегишли ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда миллий анъана ва қадриятларга мос тарзда ўтказишга доир чора-тадбирлар белгилангани юртдошларимизни жуда мамнун этди.

    Дарҳақиқат, ушбу қутлуғ ойда яхшилик, хайру саховат эшиклари янада кенг очилади. Аллоҳнинг афв ва мағфират хазинасидан ҳар бир киши ўз насибасини олишга интилади.

    “Рамазон — саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” шиори остида ўтиши тавсия этилган мазкур ойда ­эҳтиёжмандлар, илм-маърифат йўлида изланаётган ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оила ришталарини мус­таҳкамлаш каби хайрли ишлар қайд этилган. Шунингдек, маҳаллаларда ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини кучайтириш, ҳурмат ва меҳр-оқибат қадриятларини тараннум этиш, атроф-муҳитни асраб-­авайлаш, муқаддас қадамжо, зиёратгоҳ ва қабристонларни ободонлаштириш, кўчат экишдек динимиз ҳам, анъаналаримиз ҳам ёқлайдиган гўзал ишларга даъват этилган.

    Ифторлик сингари тадбирларда меъёрга амал қилиш, исрофга йўл қўймасликка алоҳида эътибор бериш белгиланди. Бу эса фазилатли ойнинг шукуҳли ўтишида катта омил бўлади, инша Аллоҳ.

    Яратганга шукрки, янги Ўзбекистонда барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Айниқса, эмин-эркин ибодат қилиш учун кенг имкониятлар берилаётгани, масжид-мадрасалар обод қилинаётгани, ҳаж-умра қилувчилар сони ошаётгани мўмин-мусулмонларни бирдай қувонтирмоқда.

    Эслаб ўтиш ўринлики, ўтган йили юртимизда ўтказилган халқаро анжуманларда қатнашган хорижлик муфтийлар, таниқли уламолар ва олим-профессорлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларни юқори баҳолади. Яқин келажакда заминимиздан яна Бухорийлар, Термизийлар, Фаробийлар, Берунийлар чиқишига ишонч билдирилди.

    Айни мақсадларни кўзда тутган ҳолда пойтахтимизда бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази юртимиздаги бир неча минг йиллик ўтмиш ва улуғвор мақсадларимизни бир жойга жамлаган муҳташам мажмуа бўлади. Ушбу маскан билан танишган одам Ислом, аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини яққол англайди. Шунинг­дек, Самарқанд вилоятида бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуаси алломаларимизга кўрсатилаётган юксак эҳтиромнинг олий намунасидир.

    Буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, эътиқод эркинлигини таъминлаш, миллий қадриятларни ­эъзозлаш, халқимизни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг ёрқин ифодасидир. Ҳар йили Юртбошимиз Рамазон ойининг кириб келишига, ҳайитларга алоҳида эътибор қаратиши ҳам ҳамюртларимизнинг бу ойни янада кўтаринки кайфиятда, чин ихлос ва ўзгача тайёргарлик ила кутиб олишига сабаб бўлиб келмоқда.

    Моҳи Рамазонда адо этиладиган солиҳ амаллар эвазига мўмин-мусулмонлар кўпдан кўп ажр-савобларга эга бўлади. Чунки табаррук ойда Аллоҳ таолонинг раҳмату мағфирати ҳар қачонгидан-да кўпроқ ёғилади.

    Рамазон — хайру саховат ойидир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

    “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийроғи эдилар. Айниқса, Рамазон ойида янада сахий бўлиб кетар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда шиддат билан ­эсаётган шамолдан-да учқурроқ эдилар” (Муттафақун алайҳ).

    Шундай экан, қўли очиқ инсонларимиз ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувват улашиши, беморлар ҳолидан хабар олиб, кўнгилларини кўтариши энг савобли амал эканини эслатиб ўтиш ўринлидир.

    Таъкидлаш керакки, юртимизда муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан ижтимоий ҳимоя соҳасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор шахслар, етим болаларга манзилли ёрдамлар кўрсатиш, уларни ўқитиш, касб-ҳунар ўргатиш, ишга жойлаштириш борасида ҳам хайрли ишлар қилинмоқда.

    Ана шундай савобли ишларга ҳам­оҳанг равишда ҳожилар иштирокида ўтказилган қарийб етмиш мингта тарғибот тадбирида 430 мингдан зиёд эҳтиёжманд кишиларга моддий-маънавий кўмак берилди. Бундай хайрли ишлар қутлуғ ойда янада қизғин давом этади. Чунки биз, уламолар бу йил Рамазон ойини меҳр-мурувват, хайр-саховат мавсумига айлантиришни ўзимизга шиор қилиб олдик! Токи қутлуғ ойда ҳар бир хонадон, ҳар бир кишининг қалбига хурсандчилик кириб борсин.

    Рамазон — Қуръон ойидир. Аллоҳ ­таолонинг каломи айнан шу ойда нозил бўлган. Ҳақ таоло Бақара сурасининг 185-оятида бундай дейди:

    “Рамазон ойи — одамлар учун ҳидоят манбаи ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”.

    Анъанага кўра, бу йил ҳам мамлакатимиздаги жоме масжидларда таровиҳ намозлари бошланди. Уларда 27 кун давомида хатми Қуръон адо этилади. Аллоҳ насиб этса, барча масжидларда Рамазон ойи­нинг йигирма еттинчи кечаси, яъни Қадр кечасида хатми Қуръонлар якунланиб, бир вақтнинг ўзида бир неча миллион халқимиз Ҳақ таолога дуо қилади. Мана шундай жамулжам илтижолар ижобатидан, юртимиз янада равнақ топади, ҳаётимиз фаровон бўлади. Ўлкамизга илоҳий нур, барака ёғилади, инша Аллоҳ.

    Рамазон — дуо ойидир. Бу ҳақда Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бир қанча ояту ҳадислар келган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

    “Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман. Бас, Менга ижобат қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар. Шоядки, тўғри йўлни топсалар” (“Бақара” сураси, 186-оят).

    Уламолар мазкур оятнинг рўза ҳақидаги оятлардан кейин зикр қилинишида Рамазон ойининг дуо ойи эканига далил ва ишора бор, дейди. Қуйидаги ҳадиси шарифда ҳам Рамазон дуо ойи экани айтилган:

    Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кеча-кундузида дўзахдан озод қилинган (банда)лар бўлур. Улардан ҳар бири учун қабул бўладиган бир дуо бор”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).

    Мана шундай лаҳзаларда Ҳақ таолодан мўмин-мусулмонларимиз тутадиган рўзалари қабул, ибодатлари мақбул ва дуолари мустажоб бўлишини сўраймиз. Аллоҳ таборака ва таоло эзгу мақсадларимиз, яхши ният ва улкан режаларимизни рўёбга чиқарсин!

    Муҳтарам Президентимиз соғ-саломат, Ватанимиз янада обод, халқимиз ҳаёти бундан-да фаровон, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлар ва динлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик муҳити барқарор бўлсин!

    Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,

    Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech