Фармондан кўзланган мақсад этиб, республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш ҳамда бошқарув харажатларини қисқартириш белгиланди.
2025 йил 1 ноябрдан республика ижро этувчи ҳокимият органларининг мақбуллаштириладиган бошқарув штат бирликлари сони тасдиқланди.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари:
соҳага оид бўлмаган вазифаларнинг қисқартирилиши ва фаолиятига рақамли технологияларнинг жорий этилишини;
маълумотларни қайта ишлаш ҳамда сунъий интеллектга асосланган лойиҳаларни ишга тушириш учун техник инфратузилма яратиш, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида мазкур йўналишдаги устувор лойиҳалар амалга оширилишини;
сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича аҳолининг билим ва кўникмаларини ошириш, кадрлар салоҳияти ривожлантирилишини таъминлаб боради.
Фармонга кўра, Республика ижро этувчи ҳокимият органларида жами 2141 нафар ходим қисқартирилади. Шунингдек, қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларда раҳбар ўринбосарлари сони 16 тага камаяди.
Қуйидаги вазирлик ва идораларда қисқартиришлар амалга оширилади:
- Сув хўжалиги вазирлиги – 224 нафар;
- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги – 218 нафар;
- Адлия вазирлиги – 197 нафар;
- Экология ва иқлим ўзгариши вазирлиги – 176 нафар;
- Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги – 163 нафар;
- Солиқ қўмитаси – 486 нафар;
- Давлат активларини бошқариш агентлиги – 65 нафар.
Раҳбар ўринбосарлари сони қуйидагича қисқартирилади:
- Қўмиталарда – 11 тадан 7 тагача;
- Агентликларда – 12 тадан 6 тагача;
- Инспекцияларда – 13 тадан 7 тагача.
Бу чора-тадбирлар натижасида:
- Давлат бюджети ҳисобига молиялаштириладиган ходимлар сони 43 332 нафарга камаяди.
- Бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобига эса 3 657 нафарга қисқартирилади.
Қисқартириладиган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилинади. Фармонда меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий риоя этиш, қисқартирилган ходимларни ишга жойлаштиришда ёрдам кўрсатиш вазифалари белгиланган. Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси билан ҳамкорликда қисқартириладиган ходимларни ўз вақтида ишга жойлаштириш чораларини кўради.
Ушбу Фармон давлат бошқарувида рақамли технологияларни жорий қилиш ва самарадорликни оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий қисми бўлиб, давлат бюджети харажатларини тежаш ва бошқарув тизимини модернизация қилишга хизмат қилади. Қисқартириладиган ходимларнинг ижтимоий ҳимояси ва уларни иш билан таъминлаш давлатнинг доимий назоратида бўлади.









