Рақамли иқтисодиёт ривожини солиқ тизимисиз тасаввур этиб бўлмайди

    Суҳбат 4 январ 2021 1777

    Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод КУДБИЕВнинг “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳарририга интервьюси

    — Тадбиркорлар ёки ташкилотлар ҳисобчиси солиқ органлари ходимларидан ҳадиксираб юрадиган замонлар ҳам ортда қолди. Чунки солиқ тизими тубдан ислоҳ қилинди. Бугун солиқчилар тадбиркорнинг яқин кўмакчисига айланган, аҳоли ортиқча солиқ юкидан оғринмайди. Бу кейинги йилларда солиқ тизимида амалга оширилган ишлар кундалик ҳаётимизда акс этаётганини кўрсатади.

    Айтайлик, янги солиқ сиёсати доирасида иш ҳақига солиқ юки 1,5 баробар камайтирилди. ҚҚС ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилди. Қолаверса, 2020 йилда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси кучга кирди. Давлат корхоналарига ва 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ҳамда қарийб 8 миллион фуқарога жами 66 триллион сўмлик солиқ имтиёзлари, кредит муддатларини узайтириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ёрдамлар берилди.

    Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида эътироф этилганидек, 2021 йилда “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар учун бизнес ҳамкорининг солиқ қарздорлиги ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилади. Шунингдек, 20 мингта тадбиркорнинг 400 миллиард сўмлик ер ва мол-мулк солиғини тўлаш муддатини яна бир йилга узайтирилиши мўлжалланяпти.

    Энг аввало, тизимда амалга оширилган ишлар самараларини яна қайси жиҳатларда кўришимиз мумкин?

    — Бу саволга жавоб бериш асносида солиқ тизимида кейинги пайтда амалга оширилган барча ишларни яна бир бор таҳлил қилишга, кўз ўнгимдан ўтказишга тўғри келди, десам муболаға бўлмайди. Қолаверса, келтирилган рақамлар замирида эзгу мақсад-моҳият, кенг кўламли таҳлил ва ҳар кунлик заҳматимиз залвори ҳам намоён бўлиб турибди. Уларга қўшимча равишда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси нормалари асосида Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҳисоботлар шаклларини соддалаштириш, солиқ назорати механизмларини автоматлаштиришни назарда тутувчи 32 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилганини айтиш мумкин.

    Энг аввало, 2020 йил 1 январдан бошлаб барча тадбиркорлик субъектлари учун электрон ҳисобварақ-фактуралар ЭҲФ тизими жорий этилгани ҳисоботларни тез ва осон тақдим этиш имкониятини яратди. ЭҲФни шакллантириш ва уни ҳатто энг узоқ ҳамкорларга юбориш учун бир неча дақиқа етарли бўлиб қолди. Бу қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактураларга сарфланадиган моддий ва инсон ресурс­ларини сезиларли даражада тежашга олиб келди.

    Таққос учун бир мисол. Илгари бир дона ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш учун қоғоз сарфи, манзилга етказиш ва олиб келиш вақти ва йўл ҳақига 7 минг сўмдан ортиқ харажат қилишга тўғри келган.

    Электрон ҳисобварақ-фактурада-чи? Бу тизимда инсон омили иштироки имкон қадар минималлаштирилган. Уни электрон шаклда расмийлаштириш орқали бир ойда 10 мингга ҳисобварақ-фактура шакллантирадиган корхоналар ўрта ҳисобда 67,5 миллион сўм иқтисод қилишга эришяпти.

    Яна бир жиҳат, кичик бизнес субъектлари ва тадбиркорлар учун онлайн назорат-касса техникасини олиш, ўрнатиш, ишга туширишга кетган харажатлар суммасига солиқ тўлови камайиши белгиланган. Бугунги кунда 2 784 та тадбиркорлик субъекти ушбу имтиёздан умумий қийматда 5,3 миллиард сўм миқдорида фойдаланган.

    Онлайн назорат-касса техникаси қўлланилишини оммалаштириш учун Давлат солиқ қўмитаси томонидан ютуқли чек ўйинларининг 6 та тиражи ўтказилди, улар доирасида турли хил қимматбаҳо совғалар шу “жумладан, асосий соврин — 6 та” Chevrolet Nexia 3 автомобили ўйналди.

    Солиқ инспекторлари фаолиятини автоматлаштириш орқали солиқ тушумларининг ўз вақтида тўланишини таъминлаш мақсадида “Солиқларни автоматлаштирилган йиғиш тизими” – САЙТ ишга туширилди ва 1959 та махсус тўлов терминали бириктирилиб, 755,8 миллиард сўм мол-мулк ҳамда ер солиғи йиғилди.

    Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан янги тартиблар жорий этилди. Мазкур фаолият (хизматлар, ишлар) турлари 24 тадан 67 тага етказилгани ҳолда, ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайдиган бўлинди. Бугунги кунда мамлакатимиз бўйича 554,7 мингдан ортиқ ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатга олинган.

    2020 йил 30 октябрда давлатимиз раҳбарининг “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланди. Ҳужжатга биноан, солиқ органларини юқори технологияли сервис хизмати кўрсатишга ўзгартириш асосида Давлат солиқ қўмитасининг вазифа ва функцияларини кенгайтириш, бизнес жараёнларни реинжиниринг қилиш ҳамда автоматлаштириш асосида солиқ органлари ходимлари сонини 10 фоизга (1098 нафар ходим) мақбуллаштириш, янги бўлинмалар ташкил этилиши муносабати билан солиқ хизмати органларининг янгиланган тузилмасини тасдиқлаш каби устувор вазифалар белгилаб берилди.

    — Пандемия шароитида корхоналарнинг анчагина қисми маълум муддат ишламай турди, даромад камайди. Бундай вазиятда иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш, инқирозга йўл очмаслик учун кичик бизнес ва тадбиркорликка имтиёзли шароит яратиш муҳим. Бинобарин, 2020 йил Давлат дастурида белгиланганидек, 1 июлдан бошлаб илк маротаба тадбиркорларга ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш механизми амалга киритилди. Шу жиҳатдан, Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Солиқчи—кўмакчи” тизими кичик бизнес ва ишбилармонликни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришда қандай аҳамият касб этяпти?

    — Бу тизимнинг моҳияти шундан иборатки, биз энди иш бошлаётган тадбиркорга биринчи қадамидан, унга қайси солиқ режими қулай ва фойдали эканини тушунтириб, тўғри йўлдан боришига шароит яратиб беришимиз зарур. Ундан кейин эса, бизнес субъектининг “яшаб кетиши”, фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлганларининг қайта тикланишига кўмаклашиш, бухгалтерия ҳисобини юритиши, ҳисоботларини тўлдириши ва топшириши, хуллас, нима муаммоси бўлса ҳал этиш бўйича хизмат кўрсатишга асосий эътибор қаратилади. Шу боис, бизнинг фаолиятимиз аввалгидек, қанча солиқ қонунчилигини бузиш аниқланди ва қўшимча солиқ ҳисобланди, деб тадбиркорни жазолашга эмас, аксинча, эндиликда солиқ қонунчилиги бузилиши нечоғлик камайгани ва тадбиркорларни ортиқча харажатлардан сақлаб қолишга қанча ҳисса қўшилганига қараб белгиланадиган бўлди.

    Шундан келиб чиққан ҳолда, янги иш бошлаган тадбиркорларга оёққа туриб олиши учун дастлабки 6 ойда бухгалтерияни юритиб бериш, ҳисоботларини тўлдириш, солиқ имтиёзларидан фойдаланишда солиқ идоралари кўмакдош бўляпти.

    Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2021 йилда “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорларга бизнес ҳамкорининг солиқ қарздорлиги ҳақидаги маълумотларни олиш имкониятини яратиш вазифаси юклатилди. Бу вазифани бажариш, биринчи навбатда, мавжуд автомаштирилган тизимларни янада мукаммаллаштиришни тақозо этади. Айни куннинг ўзида мутахассисларимиз бу борадаги ишларни бошлаб юборди.

    Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида қўшилган қиймат солиғидан ҳосил бўлган салбий фарқ суммасини тадбиркорлик субъектларига қайтариб бериш асосий йўналишлардан бири бўлиб ҳисобланади.

    Солиқ кодексига асосан, 2020 йил 1 июлдан бошлаб қўшилган қиймат солиғидан ҳосил бўлган салбий фарқ суммаси тадбиркорларга қайтариб берилиши амалиётга жорий этилди. Бунинг учун солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали солиқ органига белгиланган шаклдаги ариза билан мурожаат қилиш кифоя. Тадбиркорга солиқ органининг қарори асосида солиқ суммасини қайтариш тўғрисидаги ариза тушган санадан эътиборан олтмиш кундан, айрим тадбиркорларга эса етти кундан кечиктирмай қайтарилиши лозим.

    Солиқ суммасини тезлаштирилган тарзда қоп­лаш тартибидан эса, йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслардан тортиб, экспорт ва унга тенглаштирилган операцияларни амалга оширадиган шахслар, ноль даражали ставка қўлланилиши назарда тутилган маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчилари манфаат кўриб келяпти. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, солиқ тўловчиларга 2020 йилда 8,6 триллион сўм, шу жумладан, 1 июлдан кейин 5,7 триллион сўм пул маблағлари қайтариб берилди.

    Мурожаатномада таъкидланганидек, бундан 4 йил олдин тадбиркорлик субъектларида текшириш­лар ўтказишга мораторий эълон қилинган эди. Бунинг натижасида ўтган даврда тадбиркорлар сони 2 баробар кўпайиб, 400 мингтага етди. Президентимиз шундан келиб чиққан ҳолда, мораторий муддатини яна бир йилга узайтиришни таклиф этди.

    — Дунёда ҳамон “яширин иқтисодиёт” яшаб келмоқда. Жумладан, мамлакатимизда ҳам. Бундан буткул қутулиш мумкинми? Бу борада солиқ тизимида қандай ишлар олиб бориляпти?

    — Экспертларнинг баҳолашлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилаётган сўровлар натижасида дунё мамлакатларида “яширин иқтисодиёт”нинг ўртача миқдори 17,2 фоизни, Ўзбекис­тонда эса 48 фоизни ташкил этиши таъкидланмоқда.

    Иқтисодиётда “яширин иқтисодиёт” улушини кес­кин қисқартириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа халқаро ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда, энг муваффақиятли хорижий тажриба асосида яширин иқтисодиётни яқин 5 йилда 2 баробарга қисқартириш бў­йича давлатимиз раҳбари томонидан топшириқлар берилган.

    Жумладан, алкоголь, тамаки, дори воситалари, автомобилларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ савдоси билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар бугунги кунга қадар жами 20 минг 240 та онлайн назорат касса машинаси ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтказилди. Товар айланмаси 5 миллиард сўмдан ошган 3 816 та ҳамда 100 миллион сўмдан ошган 68 минг 401 та тадбиркорлик субъекти ҳам ушбу тизимдан фойдаланяпти.

    Алкоголь маҳсулотлари учун синов тариқасида маркировкаланган ёрлиқлар ишлаб чиқилди, маркировкалаш ахборот тизимининг таркибий қисмлари ўрнатилди ҳамда маълумотларни қайта ишлаш маркази фаолияти йўлга қўйилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 ноябрдаги қарорига асосан, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини 2021 йил 1 январдан идентификация воситалари билан мажбурий рақамли маркировкалаш белгиланди. Кейинги босқичда дори воситалари ва тиббий буюмлар, сув ва салқин ичимликлар ҳамда маиший техникалар рақамли маркировкалаш талаби жорий қилинадиган маҳсулотлар рўйхатига киритилди.

    Бундан ташқари “бир кунлик” фирмалар фаолиятини чеклаш мақсадида тадбиркорлик субъект­ларининг қўшилиши ёки юридик манзилини ўзгартириши бўйича 2020 йил 2 декабрдаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тегишли нормалар киритилди.

    2021 йилда Ҳукумат томонидан бозорда тенг рақобат муҳитини яратиш ва ҳалол-пок, замонавий технологиялар асосида ишлаётган виждонли тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “яширин иқтисодиёт”ни қисқартиришга қаратилган механизмлар жорий этилиши кўзда тутилади.

    Халқаро экспертлар таъкидлашича, “яширин иқтисодиёт”дан буткул қутулиш имкони мавжуд эмас, балки унинг иқтисодиётдаги улушини қисқартириш ва паст даражада ушлаб туриш мумкин. Бу борада фақат солиқ органлари эмас, балки солиқ тўловчилар ва кенг жамоатчилик ҳам муросасиз назоратни ўрнатиш лозим. Ахир қарс икки қўлдан чиқади.

    Мурожаатномада масаланинг айнан шу жиҳатига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Жумладан, “Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур.

    Коррупция ўта оғир жиноят экани ва унга нисбатан муросасиз бўлиш ғоясини фарзандларимизга ёшлик давридан бошлаб сингдиришимиз, уларга фақат ҳалол меҳнат ва тадбиркорлик орқали даромад топишни ўргатишимиз лозим” , деди давлатимиз раҳбари.

    — Маълумки, рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Шу билан бирга коррупцияни йўқотишда ҳам самарали восита ҳисобланади. Давлат солиқ қўмитаси тизимида рақамли иқтисодиёт қай даражада жорий этилган? Бу инфратузилма солиқ тўловчилар учун қандай манфаат келтиряпти?

    — Бугунги давр талаби қатъий: тараққиёти ва истиқболи учун қайғурган ҳар бир мамлакат, аввало, миллий иқтисодиётига янги инновацияларни жорий қилиши, хусусан, рақамли иқтисодиётни ривожлантириши шарт. Бугунги кунда солиқ маъмуриятчилигига IT технологияларини татбиқ этиш ҳисобига солиқ тўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифати ва кўламини оширишга, тадбиркорларга енгилликлар яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, солиқ тўловчилар билан ахборот-коммуникация технологиялари воситасида мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари тақдим этаётган электрон давлат хизматлари сони 45 тага етказилди. 2020 йил давомида солиқ тўловчилар ушбу хизматлардан 700 миллион маротабадан ортиқ фойдаланди.

    Солиқ хизмати инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори бўлиши учун, аввало, солиқ маъмуриятчилигининг янги усулларини жорий қилиши, хусусан, рақамли технологияларни ривожлантириши шарт. Биз даврнинг ана шу қатъий талабига мос тарзда аниқ мақсадлар билан дадил ҳаракатланяп­миз. Негаки, рақамли иқтисодиёт ривожини солиқ тизими иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди.

    Масалан, my.soliq.uz – электрон солиқ хизматлари портали орқали солиқларни мустақил равишда ҳисоблаб чиқаришдан тортиб, ҳисобот ва солиқ дек­ларациялари, мурожаатларни юбориш имкониятигача бор.

    Рақамли технологияларнинг имкониятларидан янада унумли фойдланиш мақсадида порталдаги барча интерактив хизматлар “SOLIQ” мобил иловасида ҳам жамланган. 2020 йилда солиқ тўлашдан бўйин товлаш, ҳақиқий даромадни яшириш, савдо-сотиқ қоидаларига риоя этмаслик, хусусан, нархларнинг сунъий равишда оширилиши каби салбий ҳолатлар ҳақида мобил илованинг “Soliq hamkor” тизими орқали солиқ органларини хабардор қилиш хизмати ишга туширилди. Унинг ёрдамида 67 та фаолият тури бўйича ўзини ўзи банд қилиш шахс сифатида рўйхатдан ўтиш тартиби йўлга қўйилди.

    Мазкур тизим реал вақт режимида қандай маҳсулот харид қилингани ёки сотилганини кўриш, ҚҚС бўйича хатоликларни аниқлаш жараёнини автоматлаштириш ва ҚҚС ҳисобга олишда асоссиз ёндашувларга барҳам бериш учун шароит яратмоқда. Савдо операциялари бўйича барча маълумотлар давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида келиб тушяпти. Бу бизнес ва бевосита солиқ органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни оширишга хизмат қилмоқда.

    Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимидан кўзланган асосий мақсад ҳам рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган.

    Яқинда тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузилган шартномаларни Ягона электрон шартномалар ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш йўлга қўйилди. Мақсадимиз — хўжалик юритувчи субъект ва контрагент ўртасидаги маҳсулотлар реализацияси учун очиқ ва шаффоф ягона платформа яратиш. Бундан ташқари, маҳсулотларни мажбурий маркировкалаш лойиҳасини ҳам йўлга қўйдик. Яқин вақтларда “Asl belgisi” маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизимини жорий қиламиз. Шу муносабат билан “Asl belgisi” номли мобил илова ишлаб чиқилмоқда.

    Яна бир янги лойиҳа — хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида электрон маълумотлар билан тизимлаштирилган ва мувофиқлаштирилган алмашинувни таъминлаш учун республикада сотиладиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) Ягона электрон классификатори. Унга кўра, тадбиркорлик субъектлари tasnif.soliq.uz сайти орқали маҳсулотлар ва хизматларнинг идентификация кодларини (МХИК) қидириш ҳамда уларни электрон ҳисобварақ-фактураларда, онлайн-НКМ ва виртуал касса чекларида акс эттириш хизматидан фойдалана олади.

    Албатта, олдимизда турган вазифалар кўп, аммо мақсадимиз аниқ: миллий иқтисодиётга замонавий ахборот технологияларини фаол татбиқ этиш борасида бошлаган ишларимизни янги, замонавий босқичга кўтариш. Ишонаманки, буларнинг барчаси Ўзбекистонимизнинг рақамли келажагини яратиш учун муҳим ҳисса қўшади.

    — Президентимизнинг 2020 йил 7 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан тизим фаолияти янада кенгайди. Мазкур бирлашувдан кейин собиқ “БТИ”да ўзгаришлар рўй бераётгани эътироф этилмоқда. Бу ўзгаришлар қайси йўналишларда амалий ифодасини кўрсата бошлади?

    — Дарҳақиқат, Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида ташкил этилган Кадастр агентлиги фаолиятида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Мисол учун, аввал ер ажратиш, уларнинг ҳисобини юритиш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, ер назоратини амалга ошириш вазифаларининг ягона органда тўплангани, ер участкалари, бино ва иншоотларга кадастр йиғмажилдини рўйхатдан ўтказувчи шу органнинг ўзи томонидан тайёрланиши тизимда манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқарган эди.

    Солиқ қўмитаси тизимида Кадастр агентлиги ташкил этилиб, кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия ва картография, давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги вазифалар унинг фаолият йўналиши этиб белгиланди.

    Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, соҳага замонавий инновацион ечимларни киритиш, яъни, 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб ер тури, контури, чегараси ва ҳуқуқ эгалари ҳақидаги барча маълумотлар агентликнинг онлайн геопорталига киритилади. Шунингдек, ер баланси ҳамда унинг ҳисоботи, собиқ БТИ тизимида қоғоз шаклида ва қўлда тўлдирилиб келинган Ер кадастри дафтари эндиликда Миллий геоахборот тизимида юритилади. Бундан ташқари, солиқ ва кадастр органлари ўртасида ягона ахборот тизимини жорий этиш ҳисобига солиқ ва кўчмас мулк маълумотлари базалари ягона бўлади, агентлик негизида ташкил этилган Кадастр палатаси рес­публика даражасида давлат рўйхатидан ўтказиш ягона сиёсатини юритади. Қолаверса, кўчмас мулкларга кадастр йиғмажилдларини тайёрлаш ишлари босқичма-босқич давлат органларидан олиниб, хусусий секторга ўтказилади.

    — Солиқ хизмати ходимлари дунёқарашини тубдан ўзгартириш ва малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси қошида Фискал институт ташкил этилмоқда. Умуман олганда, малакали кадрларни тайёрлашнинг яна қандай йўналишларига асосий эътибор қаратилади?

    — Мамлакатимиз миқёсида солиқ тизимига кадрлар тайёрлаш масаласини оладиган бўлсак, ижтимоий-иқтисодий турмушнинг деярли барча йирик жабҳаларида ҳар бир соҳа ўз тармоқ ва таянч олий ўқув юртига эга. Лекин бизнинг тизимимизда ҳозирги кунга қадар бундай таянч олий муассаса йўқ эди. Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг 2020 йил 4 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институтни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ушбу бўшлиқни тўлдириш мақсадини ҳам кўзда тутади, дейишимиз мумкин.

    Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида 2018 йилдан буён фаолият олиб бораётган Малака ошириш маркази негизида ташкил этилган Фискал институт соҳага мутахассис кадрлар етказиб бериш билан бир қаторда, эндиликда малака ошириш фаолиятини ҳам ўз зиммасига олади.

    Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Молия университети ва Фискел институт ўртасидаги ҳамкорлик доирасида мазкур университетнинг бўлинмасини (факультетини) ташкил этишга қарор қилинди. Эндиликда дарс жараёнларига ҳамкор университетдан етакчи мутахассислар жалб этилиши баробарида, институт педагог ходимлари Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Молия университетида стажировка ўташ ва малака ошириш, ҳамкорлик асосида Россияда таълим бериш имконига ҳам эга бўлади.

    Бундан ташқари, ўзаро талабалар ҳам алмашилади, яъни ўзбекистонлик талабалар Россияда, россиялик талабалар эса Ўзбекистонда таҳсил олади. Ўзбекистонлик абитуриентларнинг Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Молия университетига бевосита қабули ҳам йўлга қўйилади.

    Янги ташкил топган Фискал институт молиявий жиҳатдан тўлиқ ўзини-ўзи таъминлаб, хўжалик ҳисобида фаолият олиб боради. Умуман олганда, олий таълимни давлат томонидан молиялаштиришдан воз кечишнинг вақти аллақачон келган, дейиш мумкин. Шунда чинакам рақобат муҳити юзага келади, диплом карьера учун трамплин вазифасини ўташига бўлган умидлар ўтмишга айланади. Жамиятда чинакам мутахассис кадрлар бозори вужудга келади, олий маълумот олишга фақат билими ва иқтидори борлар интилади, шунда қабул жараёнига давлатнинг аралашувига ҳам эҳтиёж қолмайди.

    Ана шундай рақобат шароитида ОТМлар буюртмачига мослашиб, ўқув-режа ва дастурларга ижобий ёндашадиган, таълим сифатини оширишдан бевосита манфаатдор бўладиган муҳит юзага келади. Шунда олий таълим муассасалари маҳаллий ва халқаро матбуотда маблағ эвазига ўзини реклама қилдириб, абитуриентларни ўқишга, мутахассисларни ишга таклиф қила бошлайди, бу эса чинакам тараққиётга муҳим туртки вазифасини ўтайди.

    Бир сўз билан айтганда, янги ташкил этилган Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт ана шу йўлда келажак сари қўйилган хайрли қадамлардан бири бўлгани яқин йилларда ўзини намоён этиши ва исботлашига катта умид боғлаш учун етарли асослар мавжуд.

    Салим ДОНИЁРОВ

    суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates