Рақамли технологияларни ривожлантириш режалари кўриб чиқилди

    Президент Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни сунъий интеллект технологияларини ҳамда телекоммуникацияларни ривожлантириш бўйича режалар тақдимоти билан танишди.

    “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатимизни минтақавий “IT-НUB”га айлантириш вазифаси белгиланган. Шу мақсад йўлида рақамли технологиялар босқичма-босқич ривожлантириб келинмоқда. Барча ҳудудларда IT-парклар ташкил этилиб, бу соҳада ўқиш ва ишлаш учун имконият кенгайди. Интернет тезлиги ва қамрови ошди. 190 мингдан зиёд аҳоли ишли бўлди.

    Сўнгги йилларда соҳада 3 миллиард доллар инвестициялар ўзлаштирилган. Хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 2017 йилга нисбатан 8,5 баробар ўсиб, уларнинг сони мингтадан ошган. Бугун соҳа вакилларининг ҳар ўнтадан биттаси шундай халқаро корхона. Шунингдек, етти йил аввал 12 та экспортчи корхона бўлган бўлса, бу йил 650 та бўлди. Йил якуни билан ахборот технологиялари ва алоқа хизматлари экспорти 900 миллион доллардан ошади.

    Ҳаётнинг турли жабҳаларида сунъий интеллектни қўллаш кенгаймоқда. Шундай технология асосида 20 дан ортиқ лойиҳалар ишга тушди. Тармоқ ва йирик корхоналар бўйича яна 70 та лойиҳа ишлаб чиқилди. Сунъий интеллектга тайёрлик халқаро индексида Ўзбекистон 17 та поғонага кўтарилди.

    Бу йўналишга эътиборнинг давоми сифатида, Ўзбекистон Президентининг шу йил 14 октябрдаги қарори билан Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси қабул қилинди. Унда сунъий интеллектга асосланган дастурий маҳсулотлар ва хизматлар улушини кўпайтириш, техник инфратузилмани кенгайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш каби қатор чора-тадбирлар белгиланган.

    Тақдимотда рақамли технологиялар вазири келгуси йилга мўлжалланган режалар ҳақида ахборот берди.

    Жумладан, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида “булутли” маълумотлар маркази ишга туширилади. Стартапларга шароит яратиш учун Тошкент ахборот технологиялари ва Инха университетларида сунъий интеллект бўйича лабораториялар очилади. Давлат идораларининг 3 минг нафар ходими, ҳокимлар ва ўринбосарларининг бу борада малакаси оширилади.

    Мутасаддиларга сунъий интеллект асосида ишлайдиган лойиҳалар сонини 100 тага, дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажмини 50 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди.

    Тармоқ корхоналарида бошланган трансформация ижобий натижа бераяпти. Шу йилнинг ўзида телекоммуникация хизматлари ҳажми 16 фоизга ошиб, 21 триллион сўмга етган. “Ўзбектелеком” компанияси даромади 9 триллион сўмдан ошган.

    Энди келгуси йил бошқарувни тўлиқ рақамлаштириб, харажатларни иқтисод қилиш, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув тамойилларини жорий этиб, халқаро рейтингни олиш зарурлиги таъкидланди.

    “Ўзбекистон почтаси” тизимида ҳам ўзгариш бор. Бу йил тушумлар 1,4 баробар, экспорт 20 фоиз ошган. Янги турдаги хизматлар жорий қилингани натижасида жўнатмалар сони 50 фоиз кўпайган.

    Режага кўра, келаси йил 1 минг 600 та почта бўлинмасида электрон тижорат маҳсулотларини топшириш йўлга қўйилади. Рақамли саралаш маркази очилиб, бундай товарлар ва почта жўнатмаларига ишлов бериш сифати яхшиланади. Бу мақсадлар учун Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан маблағ жалб қилинади.

    Соҳа учун муҳим асос – телекоммуникациялар тўғрисидаги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Энди бунга таяниб, барча тармоқ ва ҳудудлар кесимида рақамлаштириш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқилиши белгиланди.

    Жумладан, келгуси йилда 6 мингта янги таянч станция қурилади. 30 минг километр оптик толали кабеллар тортилиб, қамрови 98 фоиз бўлади. Соҳа экспортини 1,2 миллиард долларга етказиш чоралари кўрилади.

    Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилаётган Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳақидаги қонун ишлаб чиқилиши соҳа ривожи учун яна бир катта янгилик бўлади. “Enterprise Uzbekistan” номли ушбу марказда “инглиз ҳуқуқи” тамойиллари, капиталнинг эркин ҳаракати, халқаро стандартдаги меҳнат муносабатлари, хорижий банк филиаллари йўлга қўйилмоқда.

    Тақдимотда сунъий интеллектга доир қонуний асосларни яратиш, рақамли технологиялар соҳасида таълимни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.


    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates