Ўтган саккиз йилда “инсон қадри учун” тамойили доирасида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан янгилаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва халқимиз манфаатига хизмат қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Жорий йил 19 август куни Президентимиз соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилиш ва тиббий ёрдам сифатини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишиб, соҳа учун узоқ истиқболга қаратилган вазифаларни белгилаб берди. Хусусан, клиник протоколларни халқаро стандартларга мослаштириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, босқичли ва самарали тиббий ёрдам тизимини шакллантириш, тиббиёт олий таълим муассасаларида академик ва дуал имкониятларни кенгайтириш ҳамда халқаро ҳамкорликда юксак малакага эга кадрлар тайёрлаш шулар жумласидан.
Глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида турмуш тарзи тезкор ўзгариб, стресс, гиподинамия ва овқатланиш маданиятидаги хатарлар кучайгани учун “юрагим оғрияпти”, “қон босимим ошяпти”, “инсульт ўтказдим” деган гаплар одамлар орасида тобора кўпаймоқда. Шу боис, кардионеврологик касалликларни “профилактика–скрининг–шошилинч ёрдам–реабилитация” занжирида бошқариш устувор аҳамият касб этади. Тақдимотда таклиф этилган ташаббуслар — 1 минг 500 та клиник протоколни янгилаш, инсульт ва миокард инфарктини эрта аниқлаш, даволашда сунъий интеллектдан фойдаланиш, миллий неврология ҳамда нейрореабилитация амалиётига давлат стандарти даражасида ягона клиник йўриқномаларни жорий этиш, “олтин соат” алгоритмларини тез ёрдамдан бошлаб ангионеврология ва кардиология бўлимларигача узлуксиз татбиқ этиш, телемедицина ва клиник регистрлар орқали тезкор қарор қабул қилиш сифатини оширишни тақозо этади.
Бундай инновацион ёндашувлар биринчи бўғин шифокорларининг хавф омилларини эрта аниқлаш имкониятини кучайтиради, тромболизис ва ангиография каби юқори технологияли даволашни стандартлаштиради, когнитив функцияларни тиклашга қаратилган комплекс реабилитацияни ҳаётга кенг татбиқ этиш имкониятини тақдим этади. Натижада аҳоли саломатлиги мустаҳкамланади, ўлим ва қайта хасталаниш ҳолатлари камаяди, ногиронлик (имконияти чекланганлик) ва меҳнатга лаёқатсизлик кўрсаткичлари пасаяди, соғлиқни сақлаш харажатларининг самарадорлиги эса ошади.
Шу билан бирга, тиббиёт олий таълими тизими учун янги имкониятлар эшиги очилмоқда. Айниқса, фаолиятининг янги босқичига қадам қўйган Тошкент тиббиёт университети ушбу жараёнда етакчи ўринни эгаллаб, замонавий клиник протокол ва алгоритмларни амалиётга жорий этмоқда. Шу билан бирга сунъий интеллектга асосланган инновацион ёндашувларни татбиқ қилаяпти ва халқаро стандартларга мос, рақобатбардош кадрлар тайёрлашни тизимли йўлга қўймоқда. Инновацион ёндашув нафақат республика тиббиётини глобал талабларга мослаштиради, балки таълим ва илмий-тадқиқот интеграциясини чуқурлаштиради, хорижий ҳамкорлик асосида мутахассислар тайёрлаш имкониятларини кенгайтиради ҳамда миллий соғлиқни сақлаш тизимини замонавий стандартлар асосида қайта институционал ташкил этишда малакали кадрлар тайёрлашни долзарб масала сифатида қўймоқда.
Сўнгги саккиз йилда амалга оширилган улкан институционал ислоҳотлар аҳоли ҳаёти сифатига сезиларли ижобий таъсир кўрсатмоқда. Буни қуйидаги рақамлар яққол тасдиқлайди: ўртача умр кўриш давомийлиги 2017 йилда 73,1 йилни ташкил этган бўлса, 2023 йилга келиб 74,5 йилга етди. Болалар ўлими кўрсаткичи эса 2016 йилда ҳар 1000 чақалоққа 13,5 ҳолатдан 2023 йилга келиб 9,8 ҳолатгача пасайди. Ушбу динамика оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган давлат сиёсати самарадорлигини кўрсатади.
Юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар доирасида малакали кадрлар тайёрлаш тизими стратегик устувор йўналиш сифатида белгиланган. Чунки сифатли тиббий хизмат, аввало, етарли салоҳиятга эга мутахассислар тайёргарлиги, уларнинг замонавий билим ва амалий кўникмаларга эгалиги билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ҳам сўнгги йилларда мамлакатимизда тиббий таълим тизими мутлақо янги босқичга кўтарилган. Айни пайтда Ўзбекистонда 11 та давлат тиббиёт олий таълим муассасаси ҳамда 14 та нодавлат университет соҳа учун кадрлар тайёрлаш жараёнида фаол иштирок этмоқда. Бу рақам нафақат ОТМлар сонининг кўпайганини, балки таълимга хусусий секторнинг ҳам фаол жалб этилганини англатади.
Тиббиёт таълимидаги яна бир муҳим қадам халқаро ҳамкорлик ва интеграция жараёнларидир. Айниқса, Россия, Жанубий Корея, Германия, Беларусь, Туркия, Украина, Ҳиндистон, Италия, Хитой, Польша каби мамлакатларнинг 25 та етакчи университети билан имзоланган ҳамкорлик шартномалари асосида қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилди. Улар доирасидаги 12 та бакалавриат, 14 та магистратура, 11 та клиник ординатура йўналишлари фикримиз мисолидир. Бу тиббий таълимнинг мазмуний жиҳатдан янгиланиши, халқаро талабларга мос мутахассисларни етиштиришга йўналтирилган тизимли интеграциялашув натижаси.
Россия, АҚШ, Ҳиндистон, Покистон, Туркманистон, Қозоғистон ва бошқа 20 дан ортиқ мамлакатдан келган 6 мингга яқин хорижлик талаба миллий тиббиёт таълим тизимининг муҳим бўғинига айланмоқда. Бу эса мамлакатимиз тиббий таълимига бўлган халқаро ишонч ва нуфузнинг ошганини ифодалайди.
Дарвоқе, ўрта буғин кадрларини тайёрлашда ҳам тизимли ёндашув шакллантирилди. Давлат раҳбарининг қарорига мувофиқ, Абу Али ибн Сино номидаги 74 та жамоат саломатлиги техникуми ташкил этилди. Бу муассасаларда 7 та ихтисослик бўйича тиббиёт коллежлари базасида қайта шакллантирилган таълим тизими фаолият юритмоқда. Шунингдек, Чилонзордаги Абу Али ибн Сино техникуми негизида Ҳамширалар академияси ва унинг таркибида Туркиянинг соғлиқ билимлари университети факультети ташкил этилди. Бу, ўз навбатида, ҳамширалик таълим тизимини халқаро стандартлар асосида трансформация қилишга хизмат қилмоқда. Муҳими, амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Жумладан, Тошкент тиббиёт университетидаги бакалавриат, магистратура, клиник ординатура ва малака ошириш йўналишларига оид 20 га яқин таълим дастури IAAR — Таълим сифатини таъминлаш бўйича мустақил халқаро агентлик томонидан аккредитациядан ўтказилди ва халқаро сертификатларга эга бўлди. Бундай жадал рақамлашув юртимиздаги тиббий таълим сифатининг халқаро мезонлар даражасида эканлигини англатади.
Соҳадаги самрадорлик 2025–2026-йилларда тиббиёт олий таълимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар соҳа учун юқори билимли, амалий кўникмаларга эга ва халқаро стандартларга мос мутахассислар тайёрлашни таъминлаш имконини беради. Академик ривожланиш соғлиқни сақлаш тизимининг умумий самарадорлиги ва жаҳон стандартлари даражасидаги тиббий хизмат кўрсатишга олиши табиий.
Ислоҳотлар мезони инсон қадрини улуғлаш, тиббий хизматни инсон манфаатига янада яқинлаштиришга, рақамли, сифатли ва адолатли тизимни яратишга йўналтирилади. Бугунги кунда мазкур жараёнлар изчил давом эттирилиб, соғлом ва баркамол миллат барпо этишда стратегик асос сифатида хизмат қилади.
Тиббиёт соҳасини янада такомиллаштириш мақсадида тақдимотда таъкидландики, ҳар бир вилоятда 2 тадан намунавий туман ёки шаҳар илғор тиббий хизмат маркази сифатида шакллантирилади. Шу билан бирга, 7 та ихтисослаштирилган тиббиёт маркази ва 2 та олий таълим муассасаси халқаро аккредитациядан ўтказилмоқда.
Соғлиқни сақлаш тизимида тиббий хизматлар сифатини ва хавфсизлигини оширишга қаратилган стандартлар амалиётга татбиқ қилинади. Патронаж хизматларини кенгайтириш, аҳолини эрта диагностика ва профилактика билан қамраб олиш борасида устувор вазифалар белгиланади. Эришилаётган натижалар давлат раҳбарининг малакали кадрлар тайёрлаш, соҳа инфратузилмасини янгилаш ва тиббиётни рақамлаштиришга қаратилган изчил сиёсати ҳамда йўналтирилаётган катта инвестициялар билан узвий боғлиқ. Президентимизнинг доимий эътибори туфайли тиббиёт олий таълими тизими тубдан янгиланмоқда. Бу жараён Тошкент тиббиёт университети мисолида яққол кўриниб турибди: таълим жараёни халқаро стандартлар даражасига кўтарилмоқда, клиник протокол ва алгоритмлар амалиётга жорий этилмоқда. Шунингдек, сунъий интеллектга асосланган инновацион ечимлар татбиқ этилиб, илмий-тадқиқот ва таълим интеграцияси кучайтирилаяпти. Бундай ўзгаришлар республика тиббиётининг глобал талабларга мослашувини тезлаштиради, мутахассислар тайёргарлиги сифатини оширади ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу маънода, янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган институционал тиббиёт ислоҳотлари Президентимизнинг малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган устувор сиёсати ҳамда тиббиёт олий таълимини жаҳон стандартларига интеграция қилиш йўлидаги изчил қадамлари билан чамбарчас боғлиқ.
Йиғилишда Президентимиз профессионал ва олий тиббий таълимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани ҳам шундан далолат беради. Тиббиёт олий таълими олдига институционал ва амалий ривожланишнинг устувор вазифалари қўйилди. Жумладан, Ҳамширалар академиясини Тошкент давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Профессионал тиббиёт академиясига айлантириш таклифи билдирилди. Янги академия орқали халқаро ҳамкорлар билан қўшма дастурлар жорий этилади, ҳамширалар NCLEX имтиҳони асосида халқаро сертификат олиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, олий маълумотли ҳамширалар тайёрлаш йўналишида қабул квоталари босқичма-босқич оширилиши таълим жараёнида қамров ва сифатни янада яхшилайди.
Тақдимотда тиббиёт олий таълими ислоҳотлари доирасида барча дастурларни халқаро ташкилотлар талаблари асосида аккредитациядан ўтказиш, оилавий тиббиёт бўйича интеграциялашган таълим дастурини жорий этиш ҳамда бир йиллик интернатура тизимини қайта йўлга қўйиш вазифаси белгилаб берилди. Шунингдек, “бемор ёнида” ўқитиш усулининг улушини ошириш, билимларни баҳолашнинг икки босқичли тизимини жорий этиш ва тиббиёт ходимларини ягона рўйхатга олиш тизимини босқичма-босқич амалга ошириш орқали кадрлар тайёрлаш сифати янада юксалиши қайд этилди.
Тақдимотда алоҳида йўналиш сифатида жамоат саломатлигини мустаҳкамлаш белгиланди. Чунончи, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси фаолияти эндиликда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, оналар ва болалар ўлими кўрсаткичини пасайтириш, турли жароҳатланиш ҳолатларининг олдини олишга йўналтирилади. Шу мақсадда миллий дастур ишлаб чиқилиши белгиланди. Мазкур дастур тиббиёт олий таълими тизимида ҳам аҳоли саломатлигини сақлаш соҳасига оид амалий йўналишларни кучайтиришга хизмат қилади.
Қон хизмати масаласи ҳам долзарб йўналиш сифатида кўриб чиқилди. 2026–2030-йилларга мўлжалланган дастурга кўра, тиббиёт муассасаларининг қон билан таъминланиш даражаси 100 фоизга етказилади. Шунингдек, қон препаратлари ишлаб чиқариш, қон хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий усуллари, жумладан, вирусларни инактивация қилиш ва нурлантириш технологияларини жорий этиш режалаштирилган. Бундай чора-тадбирлар ўлим ҳолатларини камайтириш ва қонга бўлган эҳтиёжни самарали қондиришга хизмат қилади. Шу муносабат билан тиббиёт олий таълими муассасаларида қон хизмати мутахассисларини тайёрлаш ва қайта малака ошириш дастурларини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Фармацевтика соҳаси ҳам алоҳида эътибор марказида. Бугунги кунда мамлакатимиз фармацевтика бозори ҳажми 2 миллиард доллардан ошган. Ислоҳотларнинг асосий мақсади аҳолини сифатли, хавфсиз ва самарали дори воситалари билан таъминлашдир. Шу мақсадда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мезонларига асосланган Рўйхатдан ўтказиш тизимини жорий этиш, женерик препаратларнинг биоэквивалент синовларини ташкил этиш, тиббий буюмларни хавфсизлик синфлари бўйича рўйхатдан ўтказишнинг табақалаштирилган тизимини йўлга қўйиш таклифи билдирилди. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаш учун “хабардор қилиш” тартибини жорий этиш ва шартнома асосида технологиялар трансфери механизмларини ривожлантириш режалаштирилган. Фармназоратнинг замонавий тизимини татбиқ этиш эса соҳага илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш имконини беради.
Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар тиббий хизмат самарадорлигини ошириш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва касалликларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятли. Бу жараёнда тиббиёт олий таълими марказий ўрин эгаллаб, малакали мутахассислар тайёрлаш, илмий салоҳиятни юксалтириш ва халқаро тажриба билан интеграцияни таъминлаш орқали соҳа ривожининг янги босқичига замин яратмоқда.
Президентимиз таъкидлаганидек, тиббиёт кадрларини тайёрлашда замонавий протоколлар ва инновацион ёндашувларни жорий этиш, халқаро тажрибани ўзлаштириш соҳа ривожининг асосий устувор йўналишларидан биридир. Ҳамширалар академиясини Профессионал тиббиёт академиясига айлантириш, олий маълумотли ҳамширалар тайёрлаш йўналишини кенгайтириш, интернатура ва интеграциялашган таълим дастурларини жорий этиш каби ташаббуслар эса тиббиёт олий таълимида янги босқични бошлаб бермоқда.
Келгусида амалга оширилаётган ислоҳотлар тиббиёт олий таълими тизимини халқаро стандартларга тўлиқ мос ҳолда модернизация қилиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва илмий-тадқиқот фаолиятини янада кучайтириш имконини яратади. АҚШ, Япония, Германия, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлар олий тиббиёт муассасалари билан академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш орқали талабалар ва профессор-ўқитувчилар халқаро майдонда билим ва тажриба орттириши таъминланади. Бу жараён нафақат билим ва кўникмалар алмашинувига, балки қўшма тадқиқотлар, илмий ҳамкорлик ҳамда замонавий технологияларни амалиётга татбиқ қилишга хизмат қилади.
Ўтган 8 йил ичида тиббиёт олий таълими муассасаларида “таълим–фан–амалиёт” уйғунлиги кучайиши натижасида ёш мутахассислар назарий билим билан чекланиб қолмасдан, клиник шароитларда амалий кўникмаларга эга бўлишмоқда. Бу эса тиббиёт муассасаларида дуал таълим сифати сезиларли даражада ошишига, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда янги босқичга кўтарилишга замин яратади.
Таъкидлаш жоизки, яқин йилларда тиббиёт олий таълими тизими орқали юзлаб йўналишларда юқори малакали мутахассислар тайёрланиши кутилмоқда. Академик алмашинув ва халқаро резидентура дастурлари доирасида кадрлар клиник протоколлар, инновацион технологиялар ва илғор амалиёт усулларини тўлиқ ўзлаштириш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, Тошкент давлат тиббиёт университети ҳамда ҳудудий тиббиёт олий ўқув юртлари етакчи хорижий университетлар билан стратегик ҳамкорлик йўлга қўйиши орқали Ўзбекистон тиббий таълими жаҳоннинг юқори рейтингдаги муассасалари қаторида интеграциялашиши асосий мақсад қилиб белгиланмоқда.
Халқаро академик интеграция миллий тиббиёт мактабининг илмий имижини юксалтириши баробар, қўшма тадқиқотлар ва стартап-лойиҳалар кўламини кенгайтиради, янги патентлар ва инновацияларга замин яратади. Бир сўз билан айтганда, “бемор ёнида” ўқитиш усули ҳамда телемедицина имкониятлари талабаларнинг амалий билимларини мустаҳкамлаб, уларни замонавий тиббиётнинг глобал талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган мутахассис сифатида шакллантиради.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар тиббиёт олий таълими тизимини тубдан янгилаш, уни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари академик тиббиёт тажрибаси билан чуқур интеграция қилишга хизмат қилмоқда. Прогнозларга кўра, истиқболли интеграциялашув келгусида нафақат юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлайди, балки Ўзбекистоннинг минтақавий тиббий таълим ва илмий марказ сифатида глобал миқёсда нуфузини ошириш, тиббиёт фанининг инновацион тараққиётида етакчи ўринлардан бирини эгаллаши учун мустаҳкам асос яратади.
Шуҳрат БОЙМУРОДОВ,
тиббиёт фанлари доктори, профессор








