Республикамизнинг ягона фазовий маълумотлар базаси яратилади

    “Яндекс” ёки “Google” хариталаридан фойдаланиш кундалик ҳаётимизда одатий ҳолга айланди.

    Керакли манзилни излаш ва топишнинг бу замонавий усули биргина телефон аппаратига махсус мобиль иловани юклаб олиш билан амалга оширилади.

    Бу бир неча кишидан йўл сўраб, турли об-ҳаво шароитида кўчада сарсон бўлгандан анча қулай. Шу боис, замонавий гаджетларни яхши тушунмайман, деган инсонлар ҳам тез-тез мобиль “йўл кўрсаткичлар”дан фойдаланишга одатланиб улгурди. Аввалига, бошқариш бироз мураккаб туюлган тизим орқали қисқа вақтда керакли объект тўғрисидаги маълумотни кўриш, геолакацияси (координаталир)ни киритган ҳолда, дастурда юкланган харитада ҳаракат йўналиши, масофа, вақти ва бошқа маълумотларни кўриш мумкин. Телефон экранида осонгина пайдо бўладиган бу қайдларнинг бари ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, улар фазовий маълумотларга боғланган ҳолда амалга оширилади.

    Бу маълумотлар рақамлаштириш ва инновацион ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида шакллантириладиган географик ахборот тизимларидан тортиб, веб-порталларгача ўз ичига олади. Мазкур соҳа ривожида сўнгги йилларда ютуқларимиз сезиларли бўлсада, ахборот тизимлари ягона базада жамланмагани, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тарқоқ ҳолда, алоҳида юритилиши натижасида баъзи йўналишларда такрорланишлар ва ноаниқликлар юзага келмоқда.

    Жорий йилнинг 23 июль куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Фазовий маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ана шундай камчиликларга ечим бўлиши кўзда тутилган. 5 боб, 25 моддадан иборат қонун ҳужжати фазовий маълумотларни яратиш, қайта ишлаш ва ривожлантириш ҳамда улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш нормаларини белгилайди.

    Фазовий маълумотлар — фазовий объектлар тўғрисидаги, уларнинг жойлашуви, шакли, хоссалари хақидаги маълумотларни ўз ичига олади. Оддий қилиб айтганда, навигация хариталари, геопорталлар, интернет веб-сервисларнинг маълумотлар базаси фазовий маълумотлардан ташкил топади. Бунда, аэро ва космик суратлар, дронлардан олинган маълумотлар, хариталарда кўрсатилган ер, бино-иншоот, йўллар, дарёлар, қувурлар ва улар тўғрисидаги қўшимча маълумотлар фазовий маълумотларнинг таркибий қисми ҳисобланади.

    Бугунги кунда иқтисодиётнинг барча соҳаларида шу каби маълумотлар шакллантирилиб, улар ёрдамида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари ҳамда бошқа турдаги хизматлар кўрсатилмоқда. Жумладан, фазовий маълумотлар соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи сифатида белгиланган Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан Миллий географик ахборот тизими геопортали юритиб келиняпти. Махсус тизимдан 17 та вазирлик ва идоралар масъул бўлган давлат кадастрлари маълумотлари ҳамда Агентлик томонидан яратилган харита ва ортофотопланлар жой олган. Ҳозирда ушбу ахборот тизими орқали 8 та вазирлик ўртасида автоматлаштирилган маълумот алмашинуви йўлга қўйилган.

    Энг муҳими, юқоридаги Қонун билан фазовий маълумотлар соҳасининг асосий мақсади, уни яратиш принциплари ва маълумотларининг барча манфаатдор фойдаланувчилар учун очиқлиги ҳамда оммавийлиги белгиланган. Мутахассислар барча соҳаларда тадбиқ этилаётган ахборот тизимларини яратишда айни шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Мақсад — аҳоли ўзини қизиқтираётган маълумотларни очиқ ва шаффоф олишини таъминлаш.

    Яна бир жиҳат, Қонун билан Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантиришга доир фаолиятни мувофиқлаштириш мақсадида Кадастр агентлиги ҳузурида Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилиши кўзда тутилган. Фазовий маълумотлар инфратузилмаси маълумотлар базаси ўзига яраша катта йўналиш бўлиб, у барча турдаги космик суратлар ва хариталар, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси, маъмурий-ҳудудий ва ҳудудий бирликларнинг чегаралари, ер участкаларининг чегаралари, аҳоли пунктлари ва уларнинг кўча-йўл тармоқлари каби кўплаб объектлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади. Замонавий қурилмалар ёрдамида уларни шакллантириш натижасида ҳар бир объект харитада тасвирланади ва ушбу объект тўғрисидаги атрибутив маълумотларни кўриш имкони яратилади.

    Қонунчиликда белгиланганидек, ҳуқуқий ҳужжат 3 ойдан сўнг кучга киради ва натижада бир қатор афзалликларга эришилади. Хусусан, ягона координаталар тизими ва фазовий маълумотлардан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг ягона фазовий маълумотлар базаси яратилади, 20 дан ортиқ вазирлик ва идоралар ўртасида автоматлаштирилган ахборот алмашиш тизими йўлга қўйилади, ер ажратиш масалалари ҳамда табиий ресурслар, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа ишлаб чиқариш объектлари ҳисобини юритишнинг шаффоф механизмлари ва бошқа имкониятлар яратилади. Энг асосийси, фуқароларга хизмат кўрсатиш сифати ортиб, уларни сиёсий жараёнлар ва давлат бошқарувига жалб этиш имконияти жадаллашади. Бу каби ўзгаришлар мамлакатимизда бизнеснинг ривожланиши, қолаверса, Ўзбекистоннинг Дуинг-бизнес кўрсаткичларининг ўсишига ҳам хизмат қилади.

    Ихтиёр ЭРГАШОВ,

    Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги

    бошқарма бошлиғи

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates