Ричард ВУН: “Таълим бериш касб эмас, иштиёқдир!”

    Сингапур таълим тизими ҳақида сўз кетганда, “мўъжиза” сўзи қўлланади. PIRLS тадқиқотида ҳам Сингапур аҳолисининг саводхонлик даражаси дунёда энг юқори экани таъкидланади. Мамлакат таълим тизимида эришилаётган муваффақият сири ҳамда Ўзбекистонда соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар ҳақида Сингапурнинг “Six Clouds PTE. LTD” компанияси асосчиси ва раҳбари Ричард Вун билан суҳбат орқали танишишингиз мумкин.

    Халқ таълими вазирлигининг Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ҳамда Сингапурнинг “Six Clouds PTE. LTD” компанияси раҳбарияти ўртасида меморандум имзоланган эди.

    Унга асосан, мамлакатимизда педагоглар малакасини оширишда Сингапур тажрибасидан фойдаланиш, аниқ, табиий фанлар ва чет тилларни ўқитишда замонавий методларни жорий қилиш, ўқитувчиларнинг дарсга тайёргарлик кўриш компетенциясини ривожлантириш, раҳбар кадрларнинг бошқарув соҳасидаги кўникмаларини мустаҳкамлаш учун маҳорат дарслари ўтиш кўзда тутилган. Икки ойдирки, сингапурлик экспертлар педагогларимиз учун махсус ўқув курслари ўтказяпти.

    Мухбиримиз “Six Clouds PTE. LTD” компанияси асосчиси ва раҳбари Ричард Вун билан Сингапур таълим тизимининг илғор тенденциялари ва Ўзбекистон таълим тизимида эришилаётган натижалар ҳақида суҳбатлашди.

    — Икки ой олдин соҳа мутасаддилари билан Ўзбекистонда халқ таълимини ривожлантириш режасини муҳокама қилганмиз ва муайян ўзгаришлар киритилиши кераклиги ҳақида хулосага келганмиз. Шу асосда тизимни такомиллаштириш учун бир неча муҳим вазифани белгилаб олдик, — дейди Ричард Вун.

    Биринчидан, бўлғуси ўқитувчиларнинг олий таълим муассасаларида сифатли педагогик таълим олишини таъминлаш лозим. Чунки айнан мана шу омил дунёдаги ҳар қандай ўқитиш тизимининг асосий таркибий қисми ҳисобланади.

    Иккинчидан, ўқув дастурларини яна бир бор кўриб чиқиш керак. Таҳлил қилганимизда, амалдаги ўқув дастурлари мазмуни ўқитувчи ва ўқувчилар учун жуда оғир ва мураккаб тарзда шакллантирилгани маълум бўлди. Шу боис, миллий ўқув дастурини яна бир бор назардан ўтказиш ва унга компетенциявий таълимни сингдиришни таклиф этдик.

    Учинчидан, педагогларни қайта ўқитиш ва касбий тайёрлаш тизимини марказлаштириш орқали таълим сифатини кўтариш мақсадга мувофиқ. Биз эса уларга фаолияти давомида асқатадиган маҳорат ва компетенцияни ўргатамиз.

    Малакали педагог кадрлар тайёрлаш учун ҳамма ҳудудда миллий педагогика маркази ташкил этилиши ва барча янги ўқитувчилар малака ошириш учун ушбу марказларга юборилиши зарур. Шунда ўқитувчиларни ҳозирги стандартларга мос равишда бир хил тайёрлаш ва малакасини оширишга эришилади.

    Мактабларнинг ўқув режаси ҳам жуда мураккаб тузилган. 1­6­синф ўқувчилари ўзлаштириши учун жуда кўп фанлар киритилган. Шу боис, эътиборни дунёда кенг қўлланаётган асосий фанларга қаратиш орқали ўқув режасини қайта кўриб чиқишни таклиф қилдик. Таълимда самарага эришиш учун асосий фанларни янада соддалаштириш керак. Бу дарсда ўқувчиларнинг муаммоларни мустақил ҳал қила олиши, кенг дунёқарашга ва ХХI аср кўникмаларига эга бўлишига хизмат қилади. Халқ таълими вазирлигига зарур моделни қабул қилиб, уни синовдан ўтказиши ва натижага эришиши учун муҳлат бериш лозим. Ўқитиш жараёнига тез­тез ўзгартириш киритиш унинг самараси учун қилинаётган саъй­ҳаракатларни йўққа чиқаради.

    — Сингапур таълим тизими ҳақида сўз кетганда, “мўъжиза” сўзи қўлланади. PIRLS тадқиқотида ҳам Сингапур аҳолисининг саводхонлик даражаси дунёда энг юқори экани таъкидланади. Мамлакатингиз таълим тизимида эришилаётган муваффақият сири нимада?

    — Бу натижага эришиш осон бўлмаганини айтиб ўтмоқчиман. Фикримча, ҳаммасига сабаб машаққатли меҳнат, оқилона бошқарув тизими, коррупцияга мутлақо тоқатсизлик. Энг муҳими, халқимиз прагматик ва меритократияга ишонади. Мамлакатимизда табиий ресурслар мавжуд эмаслиги туфайли Таълим вазирлиги ёш авлод таълим­тарбиясига катта сармоя киритиб, жамиятнинг барча жабҳасида мустаҳкам ўрин топиши учун уларни зарур кўникма билан таъминламоқда. Мутахассисларимиз фикрича, мамлакатимиз ишчи кучи ҳозирги ва келгусидаги глобал иқтисодий ўзгаришларга мослашуви учун юқори малакага эга бўлиши керак. Аҳолимизнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини таъминлаш учун катта маблағ сарфладик. Бу борада Сингапур Таълим вазирлигининг хизмати катта. Мамлакатимизда ўқув­тарбия жараёни мактабгача таълимдан бошлаб жуда яхши ташкил этилган. Бу йўлда биз ривожланган давлатларнинг энг яхши тажрибаларини ўрганиб, амалиётга жорий этганмиз.

    Сингапур таълим тизимининг муваффақиятига яна бир сабаб давлатнинг келгуси тараққиёт стратегиясини пухта ишлаб чиқишидир. Мисол учун, кейинги 10­20 йилда қайси соҳаларни ривожлантириш кераклигига қараб зарур фанларни мактабда ва университетда ўқитишни кучайтирамиз. Бу жуда ҳам машаққатли йўл. Биз бу ўзгаришларни ақлли, билимли инсонлар билан бирга амалга оширамиз. Шу боис, қаёққа кетаётганимиз ҳақида олдиндан аниқ муайян тушунчага эгамиз.

    — Сингапурда ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш тизимининг ўзига хослиги нимада? Ўзини ўзи ривожлантириши учун педагогларга қандай имкониятлар тақдим этилган?

    — Сингапурда ўқитувчилик шунчаки касб эмас. Мактабда дарс беришдан олдин номзод университетда ўқиб, бир қанча босқичлардан, тренинг ва тайёргарликлардан ўтиши керак. Чунки ўқитувчилар дарсни бир хил суръатда ўтгани билан дарс бериш методикаси ҳар хил бўлади. Бу илм олиш мувозанати бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Шу орқали биз мамлакат бўйлаб бир хил таълим берилишини таъминлаймиз. Бир вақтнинг ўзида давлатнинг бу бурчидаги ўқитувчи бир мавзуни, нариги тарафидаги эса бошқа мавзуни ўргатишини хоҳламаймиз. Бу ҳам таълим тизимимиз ютуғи, десам муболаға бўлмайди.

    Мактабларда ёш ўқитувчилар тажрибали педагоглар маҳоратини ўзлаштириши учун устоз­шогирдлик тизими йўлга қўйилган. Шу тариқа мактаб кластери етакчи муаллимларнинг ўз билимини бир­бири билан ўртоқлашиш ҳамда миллий миқёсда тажриба алмашиш имкониятини янада кенгайтиради. Ўқитувчилар профессионал курслар орқали билим ва кўникмасини ошириш учун ташаббус кўрсатиши мумкин. Уларнинг аксарияти Таълим вазирлиги томонидан қўллаб­қувватланади.

    Яна бир муваффақиятли жиҳат: “6+9”. Буни қуйидагича тушунтираман. Масалан, ҳар биримиз алоҳида инсонмиз ва дунёни ҳар хил кўрамиз. Мен бир рақамни “9” деб кўрсам, кимдир уни “6” дейди. Бу эса ҳар доим ўзаро қарама­қаршиликни келтириб чиқаради. Моҳият эса рақамнинг “6” ёки “9” лигида эмас, мана шундай қарама­қаршиликка қарамай, қандай қилиб биргаликда ишлай олишимиз мумкинлигида. “6” ота­оналар бўлса, “9” ўқитувчилар ва мактаб. Мана шу икки тараф ўртасида ҳамиша келишмовчилик бўлиб туради. Бизда улар ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилган. Шу боис, таълим тизимимиз жаҳонда энг олдинги ўринларга чиқиб олган. Ўзбекистонда ҳам мана шу икки қатлам ўртасида иттифоқ ўрнатилса, таълимда кўтарилиш бошланади.

    — Ўзбекистонлик педагогларнинг салоҳия тини қандай баҳолайсиз? Уларнинг ютуқ ва камчиликлари, бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақидаги фикрларингиз биз учун қизиқ.

    — Ўзбекистондаги ўқитувчиларнинг малакаси юқори. Айниқса, математика ўқитувчиларининг билими ва кўникмаси сезиларли даражада яхши. Кўзга кўринарли камчилик сифатида дарс ўтиш методи ҳамда мураккаб таълим тизимини айтиш мумкин. Айтайлик, менинг 5 та докторлик дипломим бор, лекин билимимни ўқувчига етказиб бера олмасам, бу таълим соҳасидаги бир қанча катта муаммоларга сабаб бўлиши табиий. Сирдарёдаги тренингларимни қуйидагича бошлайман: “Агар давлатингизга иқтидорли инсонлар керак бўлса, сиз улардан бири бўлинг”.

    Ўзбекистон халқ таълими вазири билан суҳбатда ҳам худди шу ҳақда гаплашдик. Мамлакатингизда ўқитувчиларнинг нега шу соҳани танлагани, касби унга нима бераётгани, улардаги ички мотивацияни аниқловчи сўровномалар ўтказилмайди. Сингапурда бу тажрибадан узоқ йиллардан бери фойдаланиб келиняпти. Чунки таълим бериш шунчаки касб эмас, балки биринчи галда иштиёқдир. Ўқитувчилик деганда уззукун меҳнат қилишни, муҳим ва бир оз машаққатли вазифани тушунамиз. Агар инсоннинг юрагида ўқитувчиликка иштиёқ ёнмас экан, у бу ишларни уддалай олмайди. Ҳозирча мамлакатингизда ёшларнинг ўқитувчиликка иштиёқини аниқлаб берадиган механизмни кўрганимиз йўқ.

    Иккинчидан, ўқитувчиларнинг бир хил сифат ва даражадаги малака ошириш тренингларидан ўтишини таъминлаш муҳим. Мана шу иккита омил малакали педагоглар тайёрлашга пухта замин ҳозирлайди, деб ишонаман. Бу орқали ўн йилда Ўзбекистон таълим соҳасида улкан натижаларга эришиши мумкин.

    Биз юртингизда учратган ўқитувчилар жуда билимли, тажрибали. Бироқ ўқувчилар билан самарали мулоқот қила олмасангиз, бу билим унчалик фойдали эмас. Матн ва формулаларни ёдлаш тажриба ёки визуал ўрганиш билан белгиланмайди. Педагогика ғоя ва билимларни узатиш учун фойдаланиладиган усулдир. Ўқитувчилар бу йўналишда ўзини такомиллаштириши зарурлигини ҳис қилдик ва улар билан тажриба алмашиш учун мамлакатингиздамиз.

    Шу ўринда математика фанининг аҳамияти ҳақида гапириб ўтмоқчиман. Бу фан ҳаётда асқатадиган энг муҳим фанлардан. Сиз банкда ишлайсизми ёки мактабдами — математика, албатта, керак. Шу боис, биз математика фанини ўқитишни тезлаштирувчи медиакурслар ишлаб чиққанмиз. Бу дастур 4 йил олдин Президент мактабларида татбиқ этилган. Ҳозир ушбу мактаблар дастурий таъминотимиздан фойдаланмоқда. У ўқувчиларни муаммоларини ҳал этишда креатив ёндашишга ундайди. Ҳаммамиз 1+1=2 эканини яхши биламиз, лекин уни қандай қилиб 10 га айлантириш креативлик талаб этади. Биз ўқувчиларни мана шунга ўхшаш муаммоларга креатив ечим топишга ўргатамиз. Ҳозир вазирлик тасарруфидаги мактабларда ҳам шу дастурдан фойдаланиш бўйича муҳокамалар ўтказяпмиз.

    Президент мактабларида тадқиқот ўтказганимизда ушбу дастур математик формулаларни қандай қилиб, қайси вазиятларда қўллаш бўйича ўқувчилар тасаввурини ривожлантирганини кўрдик. Масалан, болалар алгебра ва геометрия дарсларида жуда ҳам кўп математик шакл ва тушунчаларни ўрганади. Лекин уларни қаерда, қандай қўллашни билмайди. Бу дастур ўқувчиларнинг ўрганаётган билимини яхшироқ ва тезроқ эслаб қолишига ёрдам беради ҳамда ундан ҳаётда қандай вазиятларда қўллаш бўйича тасаввурини кенгайтиради.

    — Икки давлат ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликдан қандай натижа кутиляпти?

    — Бу саволга жавоб бериш бир оз вақт талаб қилади, деб ўйлайман. Бу йўлда асосий вазифани қатъият ҳал этади. Нега деганда, ўзгаришлар қийин ва узоқ муддатли жараён, фақат қатъият ва фидойилик орқалигина уларни рўёбга чиқариш мумкин. Агар бирор натижага эришиш ҳақида гапирсак, ана шу икки жиҳатни ўзимизда қарор топтирайлик. Шундагина биз олиб кираётган ўзгаришлар муваффақият келтиради.

    Янги Ўзбекистон” мухбири

    Рисолат Мадиева суҳбатлашди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates