Риштон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва келгуси йил режаси муҳокама қилинди

    Мамлакатимизда 12 декабр 2020 1829

    Маълумки юртимизнинг барча шаҳар ва туманларида бўлиб ўтаётган Халқ депуталари кенгашининг сессияларда ҳокимлар ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ижроси ва келгуси йилда амалга ошириладиган ишлар ҳақида ўз аҳолисига мурожаат қилмоқда.

    Фарғона вилояти Риштон туманида бўлиб ўтган ана шундай сессияда ҳам туман ҳокими Суфхонжон Солиев 2020 йилги ижтимоий- иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда келгуси йилги режалар бўйича ҳисобот берди.
    Таъкидланганидек, туманда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш динамикасини таъминлаш масадида ҳар бир сектор томонидан Риштон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини яхшилаш юзасидан амалий чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

    Асосий иқтисодий кўрсаткичларни таҳлил қиладиган бўлсак, туманда 2020 йил 9 ойи давомида 230 миллиард сўмлик саноат махсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсишга эришилди. Йил якунига қадар ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 310 миллиард сўмга етказилади.

    Туманда аҳоли сони 205 мингни ташкил этади. Жорий йил 9 ой якуни бўйича 92,5 минг иқтисодий фаол аҳолининг 84,5 мингтаси ёки 91,4 фоизи бандлиги таъминланган. 2021 йилда бу кўрсаткични туманда кичик бизнесни ривожлантириш, 100 дан ортиқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали 93 фоизга бажариш чоралари кўрилади.

    Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жами лойиҳа қиймати 50,9 миллиард сўмлик 23 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиши ҳисобига 225 нафар янги иш ўринлари яратишга эришилди.
    2020 йил учун ҳудудий экспорт прогнози 17 миллион 377 минг АҚШ доллари миқдорида белгиланган бўлсада, жорий йилнинг ўтган даврида 22 та экспортёр корхоналар томонидан жами 11 миллион 493 минг доллар экспорт амалга оширилган. Мазкур экспортчи корхоналар калава ип, чинни буюмлари, керамика буюмлари, хўл ва куритилган мева ва сабзавотлар, дуккакли ва қуритилган мева маҳсулотларини Туркия, Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларига экспорт қилган.

    Туман аҳолисининг 66,8 фоизи марказлашган ичимлик суви билан, 2,4 фоизи канализация хизматлари билан таъминланган. Сув таъминоти корхонаси томонидан аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тўловларни ундириш даражаси ўртача 92,1 фоизни ташкил этади.

    Ҳозирги кунда 2 дона қудуқ қазиш ҳамда 2 дона сув минораси ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

    Маълумки Риштон тумани ҳунармандлар шаҳри. Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва четга олиб чиқиш мақсадида туманда қуриб битказилган ва фойдаланишга топширилиш арафасида турган 19,8 миллиард сўмлик бўлган “Кулоллар шаҳарчаси” фаолиятини йўлга қўйилади. Ушбу шаҳарчада 250 нафар иш ўрни яратилади.

    “Кулоллар шаҳарчаси”га яқин худудда жойлашган “Хўжа Рушноий” зиёратгоҳи ҳам шаҳарча билан биргаликда ревтаврация қилиниб ободонлаштирилди. Зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Шунингдек, 2021 йилда буюк аллома Бурхониддин Ар-Рошидоний зиёратгохини реставрация қилиш ва ободонлаштириш орқали хорижий сайёхларни жалб қилиш режалаштирилмоқда.
    Ҳозирда ғаллачилик кластерлари томонидан азотли ва фосфорли ўғитлар жамғарилиб, фермер хўжаликларига тарқатилмоқда. Бунда ташқари ғаллачилик кластерлари томонидан дон махсулотларини сақлашга мўлжалланган замонавий омборларини қуриш ишларига киришилган. “Замин Голд Инвест 2020” ғаллачилик кластери томонидан йиллик ишлаб чиқариш қуввати 20 минг тонна бўлган донни қайта ишлаш заводини қуриш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

    Мева-сабзавот маҳсулотларини самарали сақлашга мўлжалланган 3 минг 300 тонна сиғимга эга замонавий музлаткичлар ташкил этилган бўлиб, ҳозирда ушбу музлаткичларда аҳоли эҳтиёжлари учун зарур бўлган асосий турдаги қишлоқ хўжалиги махсулотлари захирага жамғарилган.

    Мева сабзавот махсулотларини қуритиш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга мўлжалланган қайта ишлаш корхоналари ташкил этилган бўлиб ҳозирги кунга қадар тумандаги экспортиёрлар томонидан жами 7 минг 559 тонна, қиймати 6,4 миллион доллорлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди.