Россия делегацияси Ўзбекистондаги ўзгаришларни эътироф этди

    Россия Федерацияси Давлат думаси мудофаа масалалари бўйича қўмитаси раиси, Россия қаҳрамонлари ассоциацияси президенти Владимир Шаманов бошчилигидаги делегация 22-25 апрель кунлари Ўзбекистонда бўлди.

    Делегация аъзоларини дастлаб Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов қабул қилди. Учрашувда икки давлат ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

    Ташриф давомида делегация аъзолари Сирдарё ва Жиззах вилоятларига ҳам ташриф буюрди. Жумладан, Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳрида космонавт Юрий Гагарин шарафига қурилган музейнинг очилиш маросимида иштирок этди.

    Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев, Россия делегацияси раҳбари Владимир Шаманов ва бошқалар ушбу музей космонавтика фани тарихи ва ютуқлари, жаҳон фалакиёти илмига катта ҳисса қўшган Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний каби буюк сиймолар илмий мероси билан ёшларни таништирувчи муҳим илмий-маърифий маскан эканини таъкидлади.

    – Бундан 60 йил муқаддам биринчи бўлиб коинотга илк парвозни амалга оширган Юрий Гагарин жасорати космонавтика фанининг буюк ютуғи сифатида тарихда мангу қолди, – дейди В.Шаманов. – Космонавтика тарихидаги бу ютуқ барчамиз учун қадрли. Ўзбекистонда Гагарин номи билан аталувчи обод шаҳар борлиги, бугун бу шаҳарда космонавтика музейи очилиши мамлакатда илм-фан тараққиётига берилаётган катта эътиборнинг ифодасидир.

    Музейдан космонавтика ютуқлари, унда Ўзбекистоннинг ҳиссаси, Мирзо Улуғбек, Беруний каби буюк алломаларнинг фалакиёт илми тараққиётидаги ўрнига бағишланган бўлимлар барпо этилган.

    Россиялик меҳмонлар музейга янги экспонатлар тақдим этди. Владимир Шаманов Юрий Гагариннинг бир неча суратлари, Солижон Шарипов космосга парвозида олиб чиққан ўзбек дўпписини музейга қўйди.

    – Ўзбекистонга 2 йил муқаддам келган эдик, – дейди асли ўзбекистонлик, Россия Федерацияси қаҳрамони, космонавт Владимир Жонибеков. – Қаранг қанчалик улкан ўзгаришлар юз берибди. Ислом Каримов номидаги аэропортдан Тошкент шаҳрига чиққанимизда, ўзимнинг қадрдон Тошкентимни таний олмай қолдим. Ўзбекистонда ҳар бир соҳада жуда улкан ислоҳотлар амалга ошириляпти. Мен Россияда туриб жонажон юртимдаги улкан ўзгаришлар билан фахрланаман.

    Россия делегацияси Самарқанд ва Бухоро шаҳрида бўлиб, тарихий қадамжоларни томоша қилди.

    Делегация аъзолари Қарши шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юртида ҳам бўлди. У ерда курсантларнинг таълим олиши ва учувчилик сир-асрорларини чуқур ўрганиши учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

    Делегация аъзолари пойтахтимизда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабага ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган ўзбек халқи қаҳрамонлигига атаб бунёд этилган “Ғалаба боғи” ва “Шон-шараф” музейида ҳам бўлди.

    Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида меҳмонлар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, профессорлар, маданият ходимлари, сенатор ва депутатлар, шунингдек, академия жамоаси иштирок этди.

    Мудофаа вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов кириш сўзида сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Россия Федерацияси билан юртимиз ўртасидаги ривожланиб бораётган икки томонлама истиқболли ҳамкорлик ҳар икки давлат ривожи учун улкан ҳисса қўшишини алоҳида таъкидлади.

    Мулоқот чоғида академия курсантлари, ўқитувчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

    Шунинг билан Россия Федерацияси Давлат думаси мудофаа масалалари бўйича қўмитаси раиси, Россия қаҳрамонлари ассоциацияси президенти Владимир Шаманов бошчилигидаги делегациянинг юртимизга ташрифи ниҳоясига етди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates