Бугун, 22 январь куни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал майор Шуҳрат Холмуҳамедов расмий ташриф билан келган Россия Федерацияси мудофаа вазири Андрей Белоусов бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди.
Дастлаб меҳмонларни фахрий қоровул иштирокида расмий кутиб олиш тадбири бўлиб ўтди. Ҳарбий оркестр томонидан икки давлат мадҳияси ижро этилди.
Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида ўтказилган икки томонлама ҳамкорлик учрашувида генерал майор Шуҳрат Холмуҳамедов делегация аъзоларини Ўзбекистонга уюштирган ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон ва Россия ўртасида кўплаб соҳаларда олиб борилаётган ҳамкорлик ишлари алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Учрашувларда делегация раҳбари билан Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг мудофаа соҳасидаги бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
Учрашув сўнгида мудофаа вазирлари томонидан Россия ва Ўзбекистон мудофаа вазирликлари ўртасидаги 2025 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерасияси ўртасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган ҳарбий соҳадаги стратегик ҳамкорлик дастури имзоланди.
Расмий қабулдан сўнг Россия Федерацияси мудофаа вазири Андрей Белоусов бошчилигидаги ҳарбий делегация вакиллари «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, фахрий қоровул иштирокида «Матонат мадҳияси» монументи пойига гул қўйдилар ҳамда «Шон-шараф» давлат музейи экспонатлари ва «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасининг бошқа кўплаб монументлари билан танишдилар.