баннер
30 мар 2025
11:24

    Ахлоқий-руҳий тайёргарлик ва жанговар шайлик

    Қуролли Кучлар тизимида яратилган муносиб шароит ҳарбий қудратимизни юксалтирмоқда

    Мамлакатимизда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ёш авлодни маънавий баркамол ва ватанпарвар этиб тарбиялаш, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг ахлоқий-руҳий тайёргарлиги ва жанговар руҳини мустаҳкамлаш муҳим вазифалардан бирига айланмоқда.

    2024 йилда мазкур йўналишда қабул қилинган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар асосида қўшинларда маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борадаги ишлар янги сифат босқичига кўтарилди. Ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш мақсадида ёзувчи ва шоирлар, олимлар, фан ва санъат арбоблари иштирокида 33 мингга яқин маънавий-маърифий ва маданий тадбир ташкил этилди. Бундай ташаббуслар орқали нафақат Қуролли Кучлар сафидаги ҳарбийлар, балки ёш авлоднинг ҳам ватанпарварлик туйғуси юксалтирилмоқда.

    Президентимиз топшириғига мувофиқ, «Жиззах тажрибаси» асосида юртимиз бўйлаб «Жасорат мактаби» ҳарбий ўқув йиғинлари ўтказилди, уларга уюшмаган ва профилактик ҳисобда турган 5,5 мингдан зиёд ёш жалб қилинди.

    Шунингдек, йил давомида ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва соҳа фахрийларининг ижтимоий ҳимояси эътибор марказида бўлди. Хусусан, ҳарбийларнинг 839 нафар фарзанди олий таълим муассасаларига имтиёзли асосда ўқишга кирди, 1200 нафарга яқин ҳарбий хизматчининг рафиқаси ва ҳарбий пенционерлар иш билан таъминланди.

    Бундай ғамхўрлик учун ҳарбийлар, уларнинг оилалари ва фахрийларимиз юз-кўзларида чуқур ишонч ва миннатдорлик ҳисси балқиб турибди.

    Кўрсатилаётган эътибор ва унинг натижаси миллий армиямизнинг ҳар жабҳасида ўз самарасини бермоқда. Қуролли Кучлар академияси мисолида айтадиган бўлсак, ҳарбий таълим муассасаси жамоаси ҳарбий кадрларнинг жисмоний тайёргарлиги ва ғоявий-мафкуравий иммунитетини ошириш, АйТи ва замонавий технологияларни қўллай оладиган, тезкор қарор қабул қилиш қобилиятига эга офицерларни тайёрлаш борасида қатор тадбирларни ­амалга оширди. Ўтган йили турли таҳдид ва хавфларни ҳамкорликда бартараф этиш мақсадида куч тузилмалари билан биргаликда ҳарбий таълим муассасаларининг курсант ва тингловчилари ўртасида 9 маротаба икки поғонали қўшма қўмондонлик ўқуви ҳамда 2 марта стратегик ҳарбий иш ўйинлари ўтказилди.

    Бунда офицерларнинг жангни режалаштириш ва бошқариш бўйича кўникмаларини ривожлантириш, Қуролли Кучлар тизимини рақамлаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбийлар ва ёшларнинг ғоявий-мафкуравий иммунитетини ошириш, уларни мактабдан бошлаб ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш каби қатор вазифалар параллель равишда ҳамжиҳатликда олиб борилди.

    Академия томонидан реал шароитларга мослашган оператив-тактик вазифалар ишлаб чиқилди. Курсант ва тингловчилар дунёқарашини кенгайтириш мақсадида «Хавфсизлик асослари. Хавф ва таҳдидлар, Миллий манфаатлар», «Сунъий интеллект ва унинг ҳарбий соҳада қўлланилиши» каби факультатив курслар йўлга қўйилди.

    Академия жамоаси давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз тараққиёти унинг мудофаасига узвий боғлиқлиги ҳақидаги хулосалари ва қўйган топшириқларни тўлақонли бажариш йўлида бор куч-ғайрати билан одимламоқда.

    Ҳозирги замонавий қуролли тўқнашувларда сунъий интеллект, робот, ракета, дрон ва уларга қарши кураш воситалари кенг қўлланилмоқда. Глобаллашув ва гибрид урушлар кечаётган жараёнда ИТ ва ахборот технологиялари, дронлар ва уларга қарши курашиш сир-асрорларини чуқур ўрганиш мақсад қилиниб, хорижлик ҳамкорлар билан барпо этилган киберхавфсизлик, дастурлаш лабораторияларида махсус ўқув курслари дастурлари бўйича мустаҳкам алоқалар ўрнатиляпти.

    Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали ҳарбий хизматчилар соғлиғини муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлган тиббиёт муассасасидир. У нафақат Қуролли Кучлар шахсий таркиби, балки уларнинг оила аъзолари ҳамда фахрийлар учун ҳам юқори малакали тиббий хизмат кўрсатяпти.

    Муассаса фаолияти армиянинг умумий жанговар тайёргарлиги ва мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга ҳам бевосита боғлиқ. Чунки соғлом ва жисмонан бақувват ҳарбийлар мамлакат хавфсизлигининг мустаҳкам кафолатидир.

    Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали республикамиздаги энг замонавий, кенг қамровли диагностика ва даволаш имкониятларига эга бўлган тиббиёт масканларидан бирига айланди. Ўтган йилнинг ўзида бу ерда 4 мингга яқин жарроҳлик амалиёти ўтказилди, улардан 46 фоизи юқори технологик операциядир. Аорта-коронар шунтлаш, юрак клапанларини протезлаш, юрак тож томирларини стентлаш, тос-чаноқ ва тизза бўғимларини эндопротезлаш амалиёти шулар жумласидан.

    Ўтган йили оғир жароҳат олган ёки касалликка чалинган ҳарбий хизматчиларни тезроқ соғайтириб, хизмати ва оиласига қайтариш мақсадида энг замонавий реабилитация маркази ишга тушди.

    Нафақат госпиталларни замонавий тиббий техника билан таъминлаш, балки у ерда фаолият юритувчи шифокорлар салоҳиятини оширишга ҳам катта эътибор қаратиляпти.

    Бугунги кунда армиямиз фақатгина моддий-техник базаси билан эмас, балки стратегик режалаштириш, оператив бошқарув ва жанговар тайёргарлик тизими жиҳатидан ҳам жаҳон талабларига мос равишда такомиллашиб бормоқда. Қуролли Кучларимиз қўшин турлари ўртасидаги ҳамкорлик кучайиб, ҳарбий амалий машғулотлар доирасида янги тактик усуллар самарали ўзлаштирилмоқда. Бу эса армиямизнинг жанговар салоҳиятини кескин ошириш билан бирга, ҳар қандай таҳдид ва хавф-хатарларга қарши муносиб жавоб қайтариш имкониятини янада мустаҳкамлайди.

    Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, уларни муносиб маош, ижтимоий кафолатлар ва таъминот билан таъминлаш давлатимиз мудофаа сиёсатида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Бу борада хизматчилар ва оила аъзолари учун замонавий турар жой мажмуа­лари барпо этилиши, тиббий хизмат кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши, болаларининг сифатли таълим олишига шароит яратилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.

    Шунингдек, ҳарбийларнинг маънавий ва жисмоний тайёргарлигини янада ошириш, уларни узлуксиз равишда қайта тайёрлаш учун зарур инфратузилма яратилмоқда. Бундай чора-тадбирлар ҳарбий хизмат нуфузини ошириш, армия сафларига юқори малака ва интизомга эга кадрларни жалб этиш ҳамда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини ­мустаҳкамлашга хизмат қилади.

    Давлатимиз раҳбарининг шу йил 24 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қарорида ҳам бу йўналишда кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин ифодасини кўриш мумкин.

    Ҳусан БУЛТАКОВ, кичик сержант:

    — Шарафли ва масъулиятли хизмат бурчимизни адо этиш давомида давлатимиз раҳбари томонидан бизга билдирилаётган юксак ишонч ва ғамхўрликни ҳамиша ҳис этиб, ундан баҳраманд бўлиб келяпмиз. Президентимизнинг ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган нав­батдаги қарори бизни янада руҳлантирди.

    Хусусан, турар жой ижараси учун тўланадиган ҳар ойлик пул компенсацияси миқдорининг 20 фоиз, оила аъзолари 3 киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда ушбу миқдор 50 фоиз оширилгани, ҳарбий хизматчиларга турар жой сотиб олиш учун ипотека кредити олинишида ажратиладиган дастлабки бадал миқдори уй-жой ҳисобланган қийматининг 35 фоизи миқдорига етказилгани бизни мамнун этди.

    Бу каби ғамхўрлик ва имтиёзларни бизга нисбатан билдирилган юксак ишонч ва эътибор намунаси деб биламан. Ишончга, ватан ҳимоячиси номига доим муносиб бўлишга бор куч ва билимимни сафарбар қилиб, барчасига муносиб хизматларим билан жавоб қайтараман.

    Қуролли Кучларда ўтказилган ислоҳотлар туфайли бугун миллий армиямиз том маънодаги профессионал армия даражасига етди. Унинг таркибида ўз касбининг ҳақиқий фидойилари хизмат қиляпти. Ана шундай мард, баркамол ёшлар сафида эканим менга чексиз фахр, ифтихор бахш этади.

    Раъно БУЛТАКОВА, кичик сержант Ҳусан БУЛТАКОВнинг рафиқаси:

    — Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 февралдаги қарорини катта ҳаяжон билан ўқидим. Таъкидлашни истардимки, биз — ҳарбийларнинг оилаларига эътибор ва ғамхўрлик йилдан йилга ошиб, кўрсатилаётган ёрдам қамрови кенгайиб бормоқда.

    Турмуш ўртоғим хизмат тақозоси билан юртимизнинг турли гарнизонларида фаолият кўрсатди. Демак, мен ҳам ҳар хил шарт-шароитларда яшаб, ҳарбийча ҳаётнинг пасту баланди, ўзига хос қийинчиликлари билан яхши танишман.

    Оила бекаси сифатида, аввало, ватанни ҳимоя қилишдек энг шарафли, элу юрт ардоғидаги, давлатимиз раҳбарияти эътиборидаги касбни танлаган инсон билан ҳаёт йўлимни боғлаганимдан, унга елкадош бўлаётганимдан фахрланаман. Фаровон турмуш кечиришимиз учун қилинаётган саъй-ҳаракатлардан миннатдормиз.

    Ҳарбий хизматчиларга берилаётган бу каби ижтимоий кафолат ва қўллаб-қувватлаш чоралари уларнинг жанговар руҳини мус­таҳкамлаш, хизматга садоқатини ошириш ва армиянинг умумий мудофаа қобилия­тини янада кучайтиришга хизмат қилади. Тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида меҳнат қилаётган фидойи ва ватанпарвар юрт ҳимоячиларимиз берилаётган бу каби эътибор ва рағбатдан янада куч олиб, юксак масъулиятини теранроқ ҳис этиши шубҳасиз.

    Отабек ЙЎЛДОШEВ,

    мудофаа вазирининг ахборот сиёсати

    масалалари бўйича маслаҳатчиси

    — матбуот котиби, полковник

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech