баннер
25 апр 2025
02:17

    Россиянинг Омск вилоятида Фарғона улгуржи тақсимлаш логистика марказининг биринчи босқичи ишга туширилди

    Эндиликда Фарғонада етиштирилган сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тўғридан-тўғри Россия истеъмолчиларига етказиб берилади.

    Қайд этилишича, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги вилоят делегацияси Россия Федерациясининг Омск вилоятига ташрифи доирасида мазкур “Фрукт-Сити” улгуржи тақсимлаш логистика марказининг тантанали очилиш тадбирида иштирок этди.

    Шунингдек, унда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов ҳамда Россия Федерацияси расмийлари, ўзбек тадбиркорлари қатнашди.

    Ўзбек бизнесменлари таъсисчилигида 700 миллион рубль сарфланиб қурилган янги улгуржи тақсимлаш логистика маркази 9 гектар майдонни эгаллаб, замонавий инфратузилма асосида барпо этилган. Мазкур бозор ўз ичига 16 та ҳар бири 380 квадрат метрдан иборат кенг ва қулай ангарларни олади. Бу ангарлар мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва қулай шароитда сотиш имконини беради.

    Шунингдек, бозор ҳудудида 72 та савдо дўконлари фаолият юритади. Уларда турли хил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат ва бошқа истеъмол товарлари сотилади. Марказнинг яна бир муҳим жиҳати, транспорт логистикасига эътибор қаратилганидир. 450 та юк машинаси учун мўлжалланган тураргоҳлар ташкил этилган бўлиб, бу улгуржи савдо жараёнини узлуксиз ва тизимли равишда ташкил этишга хизмат қилади. Мазкур тураргоҳлар юк автомобилларининг эркин ҳаракатланиши ва маҳсулотларни тезкор равишда тушириш ҳамда юклаш имконини беради.Логистика марказининг бир қисмида Фарғона савдо уйи ҳам очилди.

    Дастлаб вилоят делегацияси мана шу яратилган шароитларни кўздан кечирдилар.

    Тантанали тадбирда сўз олганлар мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Россия Президентлари ташаббуси билан амалга оширилганини таъкидлаб, унинг икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этдилар.

    Ҳозирда лойиҳанинг биринчи босқичи якунлангани, тез орада иккинчи ва учинчи босқичларининг қурилиш ишлари амалга оширилиши маълум қилинди.

    — Бугун биз Фарғона вилоятидан Россия бозорига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини барқарор етказиб бериш имконини берувчи муҳим логистика марказини очмоқдамиз. Бу ҳудудларимиз ўртасидаги ҳамкорлик, ишонч ва стратегик шериклик самарасидир. Фарғона қишлоқ хўжалигининг бой салоҳиятига эга вилоятдир. Табиий, юқори сифатли маҳсулотларимиз истеъмолчиларга тез ва энг яхши ҳолатда етиб келишида мазкур замонавий логистиканинг ўрни катта бўлади, — деди вилоят раҳбари.

    Марказда махсус савдо дўконлари, сақлаш омборлари, логистика хизматлари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бу Ўзбекистондан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

    Ушбу бозор фаолияти натижасида 800 нафардан зиёд Ўзбекистон фуқароси доимий иш ўрни билан таъминланиши режалаштирилган.

    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech