Руҳий тарбия – ғалаба ва ютуқларнинг муҳим омили

    Спорт 5 декабр 2020 8280

    Чинакам мувафаққият бу кўп ютуқларга эришиш эмас, балки кўп марта йиқилса ҳам, яна ўрнидан туриб, қайта ҳаракат қила олишдир. Бундай қобилият фақатгина кучли ирода эгаларида бўлади. Мустаҳкам иродага эга бўлиш ҳамма соҳалар қатори спортда ҳам энг муҳим жиҳат саналади. Бугун оқсаётган соҳалардан бири ҳам спорт руҳшунослигидир, десак янглишмасмиз. Қуйида айрим юртдошларимизнинг бу борадаги фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавол этамиз.

    Мусобақа бор жойда ҳиссиёт ҳам бўлади

    Руҳий тарбия – инсоннинг ўзини бошқара олиш қобилияти. Спортда нафақат жисмоний жиҳатдан бақувватлик, балки кишининг иродаси, ҳаттоки фикрлаши ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Масалан, бўлажак чемпион йиллар мобайнида фақат мускулларигагина эътибор қаратиб, машқ қилиб, турли вазиятларга, зарбаларга руҳан тайёргарликни шакллантирмаса, унинг мувафаққият қозониши қийин. Айрим ҳолларда бир марта чемпион бўлиб, иккинчи, учинчи марраларга ҳаракат қилмай қўйиши ҳам мумкин. Шунинг учун спорт психологияси мувафаққиятга эришишнинг асосий калитларидан бири саналади.

    – Биласиз, ҳар қандай спорт тури мамлакатни жаҳонга танитадиган бир байроқ, кўзгу десак ҳам бўлади. Спортчининг мувафаққияти – мамлакатнинг мувафаққияти, обрўи. Нафақат сиёсий жиҳатдан мавқе, балки молиявий жиҳатдан ютуқ олиб келадиган асосий кучлардан бири. – дейди Бобоёр Тўраев, тренер-психолог. – Умуман, спорт бу – мусобақа. Мусобақа бор жойда эса, албатта ҳиссиёт ҳам бўлади. Рақобат бўлгандан сўнг кимдир ютади, кимдир ютқазади. Ана шу ерда руҳиятшунослик жуда катта рол ўйнайди. Ҳатто ғалаба қозонган одам ҳам кибрга берилиб, манман, қайсар, худбин бўлиб кетиб қолса, кейинги мусобақаларда унинг ютиши мушкул. Бизда кўп кузатиладиган ҳолат шуки, бир-иккита ғалабадан кейин йигит-қизларимиз нимагадир бўшашиб қолади. Чунки маррани жуда кичкина олиб қўяди. Ёки аксинча, ютқазиб қўйса, жудаям оғир тушкунликка тушиб қолишади. Бундай пайтларда уларда мағлубиятдан чўчиш, қочиш мотивацияси шаклланиб қолади. Устозлар эса бунга аксарият ҳолларда жиддий эътибор бермайди.

    Ютқазиш бу шарманда бўлиш эмас!

    Ҳамма спортчи ҳам психолог олдига бориб, дардини айтавермайди. Тренер-психологларнинг таъкидлашича, мусобақаларга тайёргарликда ҳам индувидуал, ҳам жамоавий ишлаш руҳиятини ривожлантириш муҳим жиҳатлардан саналади. Руҳий тайёр бўлмаган одам мухлислари унинг натижаларидан хафа бўлиб қолса, қайта эътибор қозонишга ҳаракат қилмайди, таслим бўлиб қўя қолади. Ҳар бир устоз ўз шогирдининг феъл-атворини яхши билади, тўғри. Аммо руҳий тайёргарлик бу бутунлай бошқа масала.

    Маълумотларга кўра, касалликларнинг 80%и руҳият зўриқишидан келиб чиқади, ривожланиб кетади. гоҳида мағлубиятга учраган спортчи рақибининг оёғига тепган, чалган, унга хўмрайган, туртган вазиятларни кузатамиз. Ҳатто спорт тренерларида ҳам. Ваҳоланки, ютқазиш бу шарманда бўлиш эмас!

    – Фикримча, спорт психологияси юртимизда энди ривожланиб келаётган соҳа. Мен илгари психологлар билан сира ишламаганман, аммо уларнинг ўрни муҳим эканини охирги икки йилда чуқурроқ англаб етдим. – дейди Шаҳноза Тоғаймуродова, қиличбозлик бўйича Ўзбекистон ва халқаро тоифадаги спорт устаси. – Қаттиқ ҳаяжонланганда кимнингдир боши айланади, овқат ея олмай қолади, кўнгли айнийди ёки аксинча, спорт тақозоси билан ейиш мумкин бўлмаган нарсаларни еб қўяди ва натижада спортчи иродасини бошқара олмай қолади. Ана шундай вазиятларда психологлар одам ўзини жиловлаб олиши учун кўмак беради. Мен ҳам 2019 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон кубогида олтита рақибни енгиб, кейинги босқичда доим ютиб юрадиган рақибларимга ўша сафар ютқазиб қўйганимда қаттиқ хафа бўлганман ўзимдан. Тамом, энди ютқаздим деб ўйлаган эдим. Аммо бу кўпга чўзилмаган. Мусобақадан аввал тренеримиз ўргатгандай тезда ўзимни қўлга олганман ва яна курашишда давом этганман. Эртасига эса жамоавий таркибда 3-ўринни қўлга киритганмиз. Мана шу беллашувдан сўнг спорт психологларига эҳтиёжимиз юқори эканлигини англаб етганман.

    Тил билганга минг танга

    Яна бир оғриқли масала бу – тил. Энг катта муаммолардан бири десак ҳам бўлади. Тошкентдаги спорт федерацияларига вилоятлардан келган спортчиларнинг аксарияти рус тилини билмайди. Аммо пойтахтда эса (ўзбек тилини билса ҳам!) аксар тренерлар рус тилида машғулот ўтказади.

    – Ҳақиқатдан ҳам шундай. Ўзим шу соҳага болалигимдан жуда қизиқаман. Амалиёт ўтагани турли спорт залларига борганимда спортчилардан тренернинг қайси гаплари ёдингизда қолди, десам жуда кўпи ер чизиб қолади. Агар тренер хорижлик бўлса уларга таржимон бириктирилиши керак. Ёки ўзбек тилини билса ўзбекча машғулот ўтиши лозим. – дейди Умринисо Миржалилова, Тошкент давлат жисмоний тарбия институти талабаси.

    Спортни севмаган одамдан чемпион чиқмайди

    Аксарият ота-оналар болаларини маълум бир спорт турига, масалан, қизларини гимнастикага, ўғлини футбол ёки шахматга беради. Айнан шу спорт турида кучли бўлади, яхши пул топади, қолаверса, кам жароҳат олади, деган тушунча мавжуд. Бир спортдан кучланиш одамнинг аввало ўзига боғлиқ, аммо ўша спорт турининг жамиятдаги мавқеи, трендлари ҳам таъсир этади. Инсон шундай мавжудодки, ҳамма интилган нарсага интилади. Бу психологияда конформизм дейилади. Масалан, Канадада ҳоккей машхур, кўпчилик болалар ҳоккейчи бўлишга интилади. Бразилияда футбол машхур, шу боис бу мамлакат болаларида футболга қизиқиш кучли. Кейинги йилларда юртимизда бокс ривожланиб, кучли боксчилар чиққани учун болаларимизда боксчи бўлишга ҳавас кучли. Демак, спорт руҳшунослиги ижтимоий руҳшуносликка ҳам боғлиқ.

    Бир сўз билан айтганда, нафақат спортчи, ҳар қандай инсонда ёшликдан то улғайиб, кексайгунигача руҳият тарбияда бўлиши керак. Инсоннинг ўзида спортга иштиёқ, симпатия бўлмаса ҳар қанча қўлламанг, ундан чемпион чиқмайди. Буни эса кўпроқ руҳиятшунослар фарқлайди, десак янглишмасмиз. Юртимизда ушбу соҳа ҳам келгусида янада ривож топишига умид қиламиз. Зеро, ғалабанинг, ютуқларнинг бир калити жисмоний тарбия бўлса, иккинчи калити руҳий тарбиядир.

    Юлдуз ЎРМОНОВА

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates