Сабрнинг синовигада сабоқ берган аёл

    Ёхуд Қашқадарёга биринчи мебелсозликни олиб кирган тадбиркор ҳақида

    Инсон ҳаёти давомида тақдир чархпалаги қай томон айланишини олдиндан билолмайди. Умр карвони йўлга чиққач, унинг пасту баландликларидан, жазирама иссиғию, қаҳратон аёзидан бардош ила ўта олиши лозим бўлади. Дунёнинг гоҳида кутилмаган зарбалари эса, кишини йўлидан адаштириб, боши берк томон ҳам етаклаб кетиши аниқ. Айниқса, бу дамда аёл кишининг елкасидаги юки ўн карра ортиши муқаррар. Баъзида синовли сониялар соатларга, кунлардан ойларга, гоҳида йилларга чўзилиши мумкин. Бундай дамларда одам сабр аталмиш асога суяниб, барчасини енгиб ўтиш учун ўзида катта матонат топа олиши ҳам муҳим ҳисобланади. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз турмуш чорраҳаларида турли тўсиқларга дуч келсада ўз чидамлилиги, сабрлилиги билан барчасини енгиб ўта олган, матонатли инсонлардан бири. Қолаверса, у кишининг босиб ўтган ҳаёт йўлларида ўзига хос сабот ва интилувчанлик кўпчиликка намуна бўлса ажабмас.

    Собиқ Шўролар даври. Ёшгина қиз Қашқадарёдан олис манзил — Москвадаги ОТМга ўқишга йўл олганида кўпчилик унга ишонқирамасдан қараганди. У пайтлари Москвада ўқишнинг ўзи бўлмасди. Энг ажабланарли томони нозиккина қиз Москва давлат техника университетининг ёғочсозлик йўналишига ўқишга кириши барчани ҳайратда қолдирди. Боиси, бу факультетга саноқлигина қизлар ўқиш истагини билдирмаса, деярли барчаси йигитлар эди. Бундан ташқари ўша пайтлари Қашқадарёда бу йўналишда ишлаш учун атиги бир дона бўлсада бирор ишлаб чиқариш корхонаси мавжуд эмасди.

    Саломат Комилова болалигидан шу касбга меҳри бўлакчалиги боис бўлса керак айнан мебелсозликни танлади. Шу сабаб у ўқишдаги барча қийинчиликларни енгиб ўтишга ҳаракат қилди. Ўз ташаббускорлиги, интилувчанлиги билан йигитлардан қолишмади. Айниқса, ҳар бир мебелни ясаш, уни тайёр ҳолга келтириш, дастгоҳларни қайта ечиб, териш ишларини моҳирона бажариб, ўқитувчиларнида ҳайратга солди. Олийгоҳни тамомлагунча бу соҳанинг етакчи мутахассисига айланди.

    У ўқиш давомида ўз курсдоши наманганлик Ҳомидхон Комиловга кўнгил қўйди. Қўлларига мутахассислик дипломини олиб, юртга қайтишгач барча ҳавас қиларлик даража тўй қилишди. Икки ёш соҳаси бир бўлгани боис бир-бирини яхши тушуниб, Намангандаги йирик мебелсозлик корхонасида иш бошлашди. Ёш мутахассисларнинг ҳаракати янги ислоҳотларни олиб кира бошлади. Корхонада тез орада янгиликлар сари қадам ташланди. Орадан бироз вақт ўтиб, юқори ташкилотдан Ҳамидхон Комиловни Қашқадарёга - ўша вақтдаги маҳаллий саноат бошқармасига бош мутахассисликка ишга жўнатишди. Кейинчалик эса, бошқарма бошлиғи лавозимида фаолият юритди. Саломат опа ўша пайтлари Қашқадарёда ёғочга ишлов бериш заводида бош инженер-технолог сифатида иш олиб борди. Орадан бироз вақт ўтиб, мамлакатимизда Мустақиллик эълон қилинди. 1993-йилга келиб Ҳомидхон ўз ташаббуси билан вилоятда биринчилардан бўлиб мебель цехи очишга эришди.

    Эски бир ташландиқ жойни тартибга келтириб, мебелсозлик цехи фаолиятини иш бошлаб юборди. Аммо, тақдирнинг зарбаси кутилмаганда келди. Бевақт ўлим туфайли 45 ёшида Ҳомидхон оламдан ўтди.

    Тўрт фарзанд билан қолган Саломат опанинг қадди букилди. Лекин, иложи қанча. Яшаш учун кураш, фарзандларни боқиш унинг гарданига тушди. Кўпчиликнинг таклифига кўра, бироз муддат ўтиб эгасиз қолган мебель цехини ишлатишга бел боғлади.

    Асли мутахассислиги шу йўналиш бўлгани боис цехни ишлатиш ўнга мушкуллик туғдирмади. Турмуш ўртоғи хотирасига атаб “Ҳомидхон Камилов номли Қарши мебель ишлаб чиқариш” масъулияти чекланган жамияти ташкил этди. Дастлаб тўққиз киши билан иш бошлаб, жамиятни оёққа турдириш ҳаракатини бошлади. Аммо бунинг учун энг зарур нарса бу ёғоч эди. Лекин, бу атрофдан у пайтлари хомашё топилмасди. Шу боис, аввал ишлаган Наманган мебель корхонасидан олиб келиш ҳаракатига тушди. Аммо, олис йўл, ёш боши билан бориб келишни ўзи бўлмасди. Лекин шиддатли аёл бўлгани боис, ўзи юк машиналарида қатнашга мажбур бўлди. Тишини-тишига қўйиб, олдинга интилди.

    — Бугунги ҳар бир кун учун қанча кўп шукрона айтсак шунча кам, — дея у дамларни кўпам сўзлашни хоҳламай гап бошлайди Саломат опа. — Мамлакатимиз Мустақиллигининг дастлабки йиллари эди. Мен иш бошлаган соҳам ўша пайтлари вилоятда йўқ эди. Шу боис, ривожлантириб олиш ҳам анча мушкул бўлган. Бундан ташқари юртимизда ўтиш даври кечаётган дамларга тўғри келган. Жуда кўп қийинчиликларни бошимдан кечиришга мажбур бўлганман. Бир томондан купон пуллар даври бошланган. Одамларга иш ҳақи бериш ҳам муаммо бўлиб турган вақтлар эди. Лекин қанча машаққат бўлсада, уни енгиб ўтишга ҳаракат қилардим. Гоҳида баридан толиқиб, ишни тўхтатиш тўхтамига келган вақтларим ҳам бўлган. Шу пайтда, асосан ишчиларни, уларнинг оиласини уйлаб яна ҳаракатга тушиб кетардим. Зиммамда масъулият жуда кучли эди. Баъзида, қайсидир давлатларни аёллар бошқармоқда, мен наҳотки битта корхонани йўлга қўя олмасам, деб ўзимга-ўзим туртки берардимда, яна олдинга интилардим. Ишлаб чиқарган мебелларимиз жуда пишиқ, сифатли бўлсада, лекин у пайтлари харидор топишнинг ҳам ўзи бўлмасди. Одамлар фақат нон топиш учун ҳаракат қилиб юрган вақтлари эдида. Бундан ташқари кўпгина ташкилотлар тугатилиб, одамлар ишсиз қолиб кетди. Шу пайтлари кўпчилиги мендан ишга олишларини илтимос қилиб келишарди. Афсуски, иложсизликдан уларни ишга қабул қилолмасдим. Бу ҳолатдан ўзим ҳам хижолатга тушиб, қани эди каттагина корхонам бўлсаю, барчасини бандлигини таъминласам деб, орзу қилардим.

    Бугун барчаси ортда қолди. Ҳозир корхонамизда камида беш юзга яқин киши доимий ва мавсумий тарзда иш билан банд. Шунинг ортидан маош олиб, рўзғор тебратишмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар бир соҳага катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, мебелсозлик йўналиши ҳам кенг ривожланмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 10-февралида Президентимизнинг “Мебель маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарори ҳам йўналишимизни янги босқичга олиб чиқиш учун асос бўлди. Қарорда кўрсатиб ўтилган бир қатор имтиёзларни кўздан кечирар эканман бундан рости бошим кўкка етди. Бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, фақат ишлаш керак. Бу даврда ҳаракат қилган кам бўлмайди.

    Ўз вақтида муаммоларни сабот ила енгиб ўтишга куч топа олган тадбиркор аёл 9 киши билан бошлаган цехини бугун йирик корхонага айлантира олди. Ҳозирда 370 турдаги мебель жиҳозлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган бўлиб, имтиёзлардан фойдаланган ҳолда Германиядан ускуналар олиб келиб, янада сифатли маҳсулотлар тайёрлашга киришган. Шунингдек, айни пайтда хорижий давлатлардаги ҳамкорларни таклифларини инобатга олган ҳолда, экспорт қилиш ҳаракатини бошлаб юборган. Ўтган йили 18 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарган бўлса, бу йил бу кўрсаткичларни янада ошириш белгиланган.

    Саломат опа тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш билан бирга халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгаши депутати сифатида ҳам мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб келади. Бундан ташқари тадбиркор опа “Саховат ва кўмак» жамғармасининг саховатчиси ҳисобланади. Шу билан бирга вилоятдаги 18-сонли кўриш имконияти чекланган болалар мактаб-интернатига ҳам доимий равишда ҳомийлик қилиб келишни канда қилмайди.

    — Давлатимиз раҳбари ҳар гал Қашқадарёга ташрифи давомида биз тадбиркорларга катта илҳом бахш этиб кетади, — дейди Саломат опа. — Ўтган 2022 йил апрель ойида вилоятимизга келган вақтларида мен билан ҳам суҳбат олиб бориб, ўзига хос кўтаринки руҳ бахшида этгандилар. Бундан мен янада ғайратим ошиб, ишимни давом эттирганман. Бу йилги ташрифи давомида ҳам бир қатор таклифларни бериб, тадбиркорлар учун катта имкониятлар берилиб бораётгани ҳақида тўхталиб ўтдилар. Ҳар сафаргидек мен ўзимга хулоса чиқариб, кўпроқ ишлашга бел боғладим. Шунингдек, бу йил олдимга катта режалардан бири экспорт қилишни мақсад қилганман. Қисқа вақтларда бу ишларни ҳам бошлаб юборамиз.

    Соҳа бўйича вилоятда биринчилар қаторида иш бошлаган Саломат Комилованинг шогирдлари сафи айни паллада юздан ошиб кетди. Бунинг натижасида эса соҳада ўзгаришлар сезилмоқда. Бир сўз билан айтганда, “Мебель мактаби”ни вилоятда яратишга эриша олган опа Янги Ўзбекистонда инсон қадри юксалиб бораётганидан ҳар доим мамнун. Ўз вақтида турмуш чорраҳаларида қийинчиликларни бошидан ўтказиб, енгиб ўтишга куч топа олгани ва бугунги бахтли замонага етказганига шукрона айтишдан толмайди. Ҳаракати, ҳаёт учун кураши, интилувчанлиги эса, бўлар бўлмасга нолиб, "берсанг ейман" қабилидаги кишиларга ўрнак бўлиши аниқ.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates