Салкам 40 йилга чўзилган қурилиш

    "Э, раис, инсофингиз борми, қачонгача бу чиқиндихонанинг ҳидига чидаймиз?" деган саволларга раис жавоб бера олмай, тилини тишлаб қолади.

    Тошкент вилояти Бекобод туманининг Пастки Керайит маҳалласида йиллар давомида қурилиши чала ташлаб қўйилган боғча биноси бугунги кунда чиқиндихонага айланган. 38 йил аввал қад ростлаши лозим бўлган икки қаватли болалар боғчаси биноси ҳозир нураб, абгор аҳволга келиб қолган. Бу чала бинога биров молини боғлаб кетса, бошқаси ҳеч иккиланмай чиқинди тўкади.

    4278 киши яшайдиган мазкур маҳалла раиси Фозил Умаровнинг боши қотган. Нимага дейсизми? Чунки бу масалада ҳамма мутасадди ташкилотларга бирма-бир ёзма ва оғзаки мурожаат қилиб чиққан.

    — Маҳалламиз одамлари олдида ноқулай вазиятда қолгандекман. Чунки улар ҳар доим шу жойни тозалаш, чала бинони битказиш, маҳаллага яроқли нимадир қуриш кераклигини, бадбўй ҳидга чидаб бўлмаётганини такрор ва такрор айтишади, — дейди у. — Баъзан ўзимни гуноҳкордай сезаман. Маҳаллага раис бўлиб иш бошлаганимдан буён шу жой масаласида чопаман. Туманимиз ҳокими ҳам, прокурори ҳам бир неча бор келиб кетди. Жойни олган тадбиркор билан неча бор учрашдик, гаплашдик. У кадастр ҳужжатларини битказа олмай югуриб юрибди...

    Маҳалла раисининг қимтиниб, хижолатомуз айтган гапларини эшитар эканмиз, унинг аҳволини бир зум тасаввур этгандай бўлдик:

    “Э, раис, инсофингиз борми, қачонгача бу чиқиндихонанинг ҳидига чидаймиз? Кундузи-ку бир амаллармиз, лекин кечаси билан тарқалган нохуш ҳиддан нафас ололмаяпмиз-ку! Шунча жой бекор ётаверадими? Нимадир қурилса, маҳаллага, фарзандларимизга фойда-ку? Бу масала ҳал бўлишини кутиб, неча йиллардан бери қийналамиз”, деган саволларга баъзан раис жавоб бера олмай, тилини тишлаб қоларкан.

    Абгор жойни кўриб, ён-атрофга назар солар эканмиз, кўнглимиздан нимадир чирт этиб узилгандай бўлди. Наҳотки, шу қадар бефарқ ва беэътибор бўлиб қолган бўлсак?!

    Шу ерда бино қурилиши тарихига озгина назар ташлаб ўтсак. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталарида, яъни шўролар даврида маҳаллада боғча қурилиши бошлаб юборилган. Бошланган-у, қандайдир сабаб билан қурилиш тўхтаб қолган. Орадан шунча йиллар ўтган, чиқиндихонага айланган жой эса мутасаддилар ­эътиборидан четда қолиб келаверган.

    Йиллар давомида туман, вилоят мутасаддилари нега бу маҳаллага, маҳалла аҳли эътирозларига эътибор қилмаган? Аслида, ўша ерда яшовчилар турли идора ва ташкилотларга мунтазам шикоят қилиб келган-ку. Наҳотки, салкам қирқ йил давомида муаммо ечимини ечадиган битта мард раҳбар топилмади?

    Қурилиш бошланганда туғилган чақалоқ бугун 40 ёшни қаршилаб, маҳалласи обод бўлишидан умидини узгандир. Балки бадбўй ҳидга чидай олмай, ­мутасаддиларга мурожаат қилаверган аҳоли ҳам алалоқибат ҳаммасига кўниккандир.

    Маҳалла оқсоқоли Фозил Умаров билан бир неча бор гаплашдик. Оқсоқол, камтар одам экан, на туман ҳокимини, на сектор бошлиқларини ва на бу ерни обод қиламан, нимадир қураман деб елиб, югуриб юрган тадбиркорни ёмонлагиси келмайди. Қандай ёмонласин? Эртага кўз кўзга, юз юзга тушади. Лекин маҳалла раисининг таъкидлашича, туман ҳокими, туман прокурори ва бошқа раҳбарлар бу жойга бир неча бор келган, аҳоли билан ҳам, 2004 йилда шу ерни обод қилиб, нимадир қураман деган тадбиркор билан ҳам учрашган...

    Мен бу луқмани бир ой олдин ёзмоқчи эдим. Бироқ байрам арафасида бирор ўзгариш бўлар, дея кутдим. Бу орада маҳалла оқсоқоли билан бир неча бор боғландим. Фозил ака фақат бир гапни такрорлайди:

    — Худо хоҳласа, қурилиш ишлари яқин кунларда бошланиб қолар. Тадбиркор югуриб юрибди. Кадастрда озгина иши битмаётган экан-да. Туман ҳокими ва прокурор ҳам яқинда яна келиб кетди. Лекин билмасам, негадир шу иш силжимаяпти-да...

    Э, раис ака, мен-ку сизни тушуниб турибман. Қайси бармоғингизни тишлашни билмайсиз. Чунки орада андиша бор. Аммо шу жойни деб ҳаловатингиз йўқолгани ҳақиқат. Нега баралла “ҳеч ким эътибор бермаяпти, эшитмаяпти”, деб бақирмайсиз-а? Ҳеч бўлмаса, ғуборингиз чиқади-ку. Одамгарчилик ва андиша деб маҳалла аҳли қийналиб яшаётганига неча ўн йиллар бўляпти. Улар қачонгача шундай яшайди?

    Ҳурматли мутасаддилар. Маҳалла аҳлининг дардини бир эшитинг. Аҳволни кўринг. Жойни олган тадбиркорнинг иши нега ўнгланмаётганини аниқланг. Балки отангга бор, онангга бор дегувчилар унинг ҳужжатларини ўлда-жўлда қилиб, ишини битказмаётгандир. Бизга буёғи қоронғи.

    Чунки Муҳиддин исмли тадбиркор билан учраша олмадик. Қўнғироқларимизга ҳам жавоб бўлмади. 40 йилда ўзгармаган бу эски қурилиш бир-икки ойда ўзгарармиди, деган саволни ўзимизга бердик-да, жавобини сизлардан кутиб шуларни қоғозга туширдик. Кимдир молини боғлаб, яна кимдир чиқиндисини тўкиб кетаётган бу мас­канда қачондир ўзгариш бўлармикан ўзи?

    Гуличеҳра САТТОРОВА,

    Журналист

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates