Самарқанд вилояти Иштихон туманида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган майнинг ферма фош этилди, деб хабар бермоқда «Ўзэнергоинспекция» матбуот хизмати.
Ташкилот ҳудудий бошқармаси, ДХХ, ИИБ ва вилоят прокуратураси ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда бино ертўласида умумий уланган қуввати 244,4 кВтни ташкил этган 89 та майнинг қурилмаси электр ҳисоблагичдан ташқари тақмоққа тўғридан-тўғри уланиб, ноқонуний фойдаланиб келинаётгани аниқланган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 28 миллиард 896 миллион сўмлик зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.