Келишув доирасида Жиззах вилоятидаги «Ғаллаорол» махсус саноат зонаси ҳудудида темир йўл юк ташувчи вагонлар ишлаб чиқарувчи завод ташкил этиш режалаштирилган.
Ҳужжатни имзолаш маросимида Словакия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виктор Боретский ҳамда компания раҳбарлари иштирок этишди.
«Saneg» бош директори Тўлқин Юсупов юк вагонларини ишлаб чиқариш заводи логистика инфратузилмасини сезиларли даражада яхшилашига ва транспорт операциялари самарадорлигини оширишга хизмат қилишига умид билдирди.
Янги корхона вагон-цистерналар, хопперлар, яримвагонлар ҳамда ёпиқ вагонлари сингари ҳар хил турдаги вагонларни ишлаб чиқариш бўйича тўлиқ линияга эга бўлади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 2 мингга яқин вагонни ташкил этади. Ушбу вагонлар Saneg компаниялар гуруҳи ҳамда бутун Ўзбекистон логистика тизимини махсус техника билан таъминлайди.
«AZC Grup» ижрочи директори Роберт Списак техник билим ва тажрибаларини Ўзбекистонга олиб келганлигидан мамнун эканлигини изҳор эта туриб, мазкур ҳамкорлик логистика ва саноатда сезиларли яхшиланишларга олиб келишига ишонч билдирди.
Словакиянинг «AZC Orbis Invest» компанияси ишлаб чиқаришни муваффақиятли ишга тушириш ва йўлга қўйиш учун зарур бўлган техник тажриба ва технологияларни тақдим этади. Янги завод ҳудуднинг саноат салоҳиятини ривожлантириш ва мамлакат логистика инфратузилмасини яхшилашда муҳим қадамга айланади, деб хабар беради saneg.com .