Ўтмишда яшаб ўтган аждодларимиз томонидан яратилган бой маънавий мерос, илмий ва бадиий асарлар бугунги кунга қадар инсоният ривожи, маънавий тараққиётига хизмат қилиб келмоқда. Таассуфки, бир вақтлар не-не заковатли инсонларни камолга етказган, дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган, башариятнинг илм ўчоқларидан бири саналган юртимизда билим олиш, мактаб, мактабгача таълим соҳасига бўлган эътибор ва ҳурмат бирмунча пасайиб, устозларнинг мавқеига путур етганди. Зеро, миллат ва давлат таназзулида ўша юртда таълим олишга бўлган эътиборнинг таъсири катта. Бундай яшаб бўлмасди. Ҳар сония ривожланаётган ва ўзгараётган дунё билан ҳамнафас ва тадрижий такомиллашув учун ислоҳотлар керак эди.
Айни шу пайтда давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 29 йил тўлиши муносабати билан қилган маърузасида “Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда”, деган сўзи янгради.
Муқаддас заминимиз, ўзбек халқининг тарихи шарафли ва буюк саналади. Мана шу она тупроқда таваллуд топиб, дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган аждодларимиз камолга етган. Чиндан ҳам билим машъаласини юқори кўтариб, дунёни ёритган алломаларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Улар томонидан бизга мерос бўлиб қолган маънавий маҳзаннинг туб моҳиятида эса билимга бўлган интилиш, машаққатлардан чўчимаслик ҳислати ётибди. Бундан минг йиллар аввал яшаб ўтган улуғ аждодимиз ҳазрат Аҳмад Югнакий бежиз айтмаганлар: “Билим билан саодат йўли очилади, шунга кўра, илмли бўл, бахт йўлини изла”.
Аммо ўтмишда яшаган улуғ аждодларимизга муносиб авлод бўла оляпмизми? Учинчи уйғониш даврига ўзимизнинг қандай ҳиссамизни қўшамиз? Бунинг учун нималарга эътибор бериш керак? Саволлар кўп... Ечим эса ягона: таълимни ислоҳ қилиш орқалигина фаровон жамиятга қадам қўйиш мумкин! Ўзбекистон эса ана шу хайрли ва тўғри йўлни танлади. Манзил аниқ, аммо машаққатли ва шу билан бирга шарафлидир.
Карвон йўлга чиқди ёхуд улуғ йўлнинг бошида
Дарҳақиқат, жамият тараққиёти, миллат фаровонлиги ҳамиша ёш авлоднинг таълим-тарбияси, замонавий билимларни чуқур эгаллаган янги кадрлар, уларнинг юксак малакаси билан боғлиқ бўлиб келган. Юртимизда кейинги тўрт йилда таълим-тарбия соҳасини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, ёшларнинг жаҳон андозалари даражасида замонавий билим ва касб-ҳунарни эгаллаши, жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, уларнинг қобилият ва истеъдодини, интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат ва фидойилик туйғуларини юксалтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Таълим тизимини ислоҳ этиш жараёнида ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, жамиятдаги мақомини кўтаришга алоҳида эътибор қаратилди. “Мактабгача таълим – мактаб таълими – олий таълим” узвий тизими шакллантирилди. Ўсиб келаётган авлоднинг ҳар томонлама ривожланиши учун шароит яратишга йўналтирилаётган сармоялар сезиларли даражада оширилди. Нафақат шакли, балки мазмуни жиҳатидан ҳам янги болалар боғчалари, мактаблар, техникумлар ва олий ўқув юртлари пайдо бўлди, уларда пухта билим ва илғор тафаккур, замонавий кўникма ва малакалар шакллантирилмоқда. Ўн бир йиллик мактаб таълими қайта тикланди. Республикамиз бўйлаб Президент мактаблари, ихтисослаштирилган, ижод ва хусусий мактаблар ташкил этилди.
Айниқса, жорий йил Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номланиши эса бу йўлдаги дадил қадамлардан бири бўлди. Ислоҳотлар давом этиб, жорий йилнинг 30 октябрь куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини тубдан такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Устувор вазифалар илгари сурилди. Олий таълим муассасалари ректорларига мактабларга бориб, уларнинг муаммолари билан шуғулланиш масаласи аниқ вазифалар билан белгилаб берилди.
Мазкур йиғилишнинг мантиқий давоми сифатида Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, умумий ўрта таълим мактаб битирувчиларини олий таълимга жалб қилиш ва битирувчиларни бандлигини таъминлаш жараёнларининг самарадорлигини ошириш чораларини кўриш вазифаси белгиланди. Олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилди. Ҳудуддаги салоҳият ва олий таълим муассасаларининг сонига қараб, нафақат умуман ўқишга кирмаган, балки натижалари ўртача кўрсаткичдан паст бўлган мактабларни ҳам олий таълим муассасаларига бириктириш жорий этилди. Умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, мактаб битирувчиларини олий таълим муассасаларига ўқишга киришга бўлган қизиқишларини кучайтириш мақсадида 95 та олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларига республикадаги 634 та мактаблар бириктирилди.
Биргаликда – кучмиз!
Президентимизнинг жорий йил Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимидаги нутқида “Мактаб муаммосига биринчи даражали масала деб қарашимиз лозим. Мактаб – фақатгина таълим берадиган маскан эмас, барчамиз учун юксак маънавият бешигига, фарзандларимизни болаликдан бошлаб касбга ўргатувчи даргоҳга айланиши зарур”, деб муҳим масалани ўртага ташлаган эдилар. Зеро, мактаб – бу жамият, халқ мулки. Мамлакат келажаги мана шу даргоҳда таълим-тарбия олаётган ёшлар қўлида.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида мазкур муҳим ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Академияга таълим сифати ва ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ва методик қўллаб-қувватлаш учун Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 1-, 15-, 24-, 159- ҳамда 242-умумтаълим мактаблари бириктирилди. Мазкур мактабларда “олимлар куни”, “ҳаёт сабоқлари” ва “кафедралар соати” каби мавзуларда семинар, очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Фан ўқитувчиларининг малакасини ошириш ва сифат таркибини яхшилашга кўмак бериляпти. Юқори синф ўқувчилари учун уларнинг қизиқиш ва қобилиятидан келиб чиқиб, мактаб қошида олий таълим муассасаларига кириш синовларига тайёрлов курслари ташкил этилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Фарзандларимиз келажаги учун барчамиз масъулмиз!”, умумий ўрта таълим мактабларини олий таълим муассасаларига бириктириш ва уларни ишлаш жараёнларининг самарадорлигини оширишга бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Учрашувларда “Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтиришда ўқитувчининг маҳорати” мавзусидаги семинарда ўқувчиларга сабоқ беришда аҳамият берилиши керак бўлган жиҳатларга тўхталиб ўтилди. Қизғин муҳокамалар давомида Ўзбекистон халқаро ислом академиясига бириктирилган бешта умумтаълим мактабларидаги моддий-техник камчиликлар, дарс ўтиш жараёнида йўлга қўйилаётган ва халақит бераётган муаммолар санаб ўтилиб, уларни бартараф этиш бўйича амалий кўрсатмалар берилди.
Мазкур умумтаълим муассасалари педагогларини фанлар кесимида ўқув-услубий қўллаб-қувватлаш, қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш учун Aкадемия профессор-ўқитувчилари томонидан йўлга қўйилаётган курсларда “Тарих ҳамда давлат ва ҳуқуқ асослари”, “Тарбия”, “Шарқ тиллари” фанлари бўйича малакаларини ошириш бўйича ўзаро мулоқот жараёни олиб борилаётгани айни муддао бўлмоқда.
“Академия ва мактаб” тамойили асосида ташкил этилаётган мулоқотларда ўқитувчилар билан соҳада мавжуд муаммолар ва уларга ечим топиш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди. Олиб борилаётган ўқув жараёнларига танқидий-таҳлилий баҳо берилди. Олий таълим хусусияти ва кафедралар салоҳиятидан келиб чиқиб, профессор-ўқитувчилар томонидан мактабда фаолият юритаётган фан ўқитувчиларининг малакасини ошириш ва сифат таркибини яхшилашга кўмаклашиш, мактаб битирувчиларининг олий таълимга қамровини оширишда кўмак бериш, ўқувчиларда илм-фанга бўлган иштиёқни уйғотиш мақсадида уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, олий таълим профессор-ўқитувчилари томонидан дарсдан ташқари фан тўгаракларини ташкил этиш, ўқувчиларни касбга йўналтириш, мактабда “касблар куни”ни ўтказиш ва муваффақиятга эришган инсонлар билан учрашувлар ўтказиш каби ҳамкорликда олиб борилиши мумкин бўлган кўрсатмалар юзасидан малакали мутахассислар томонидан тавсиялар берилди.
Тренинг машғулотлари давомида малакали психологлар томонидан таълим жараёнини ташкил қилиш, ўқитиш тизимида дуч келинадиган стрессларни енгиб ўтишга қаратилган психологик дарслар ўтказилди. Қизғин муҳокамалар давомида умумтаълим мактаблари ўқитувчилари томонидан фан дарсликларидаги камчиликлар, ўқитиш тизимида дуч келинаётган муаммолар тилга олинди. Мавжуд камчиликларни бартараф этишга келишиб олинди.
Ўтказилган барча учрашувлар якунида умумий ўрта таълим мактабларини олий таълим муассасаларига бириктириш ва уларни ишлаш жараёнларининг самарадорлигини ошириш бўйича қатор аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Наврасталар доимо эътиборда
Бугунги кунда ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, қатъий позициясига эга, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, юртнинг эртанги келажаги учун дахлдорликка тайёр, мақсадга интилувчан, серғайрат, ватанпарвар, садоқатли инсон сифатида тарбиялаш муҳим вазифа ҳисобланади.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, ўқувчиларнинг билим салоҳиятларини ривожлантириш йўлида амалий ҳаракатлар бошлаб юборилди. Умумтаълим мактаб ўқувчилари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан “Конституция – менинг ҳаётимда” мавзусида иншолар танловининг юқори кайфиятда ўтказилгани ҳам сўзимиз исботи.
Ҳар бир мактабда Ўзбекистон халқаро ислом академияси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ташриф буюриб, умумтаълим мактаби ўқувчилари билан жонли мулоқот олиб борди. Кўтаринки кайфиятда ўтган байрам тадбирлари давомида мактабда фанларда аъло баҳоларга ўқиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан “Конституция менинг ҳаётимда” мавзусида ўтказилган иншолар танловида совринли ўринларни эгаллаган ўқувчиларга мутасаддилар томонидан фахрий ёрлиғ ҳамда бадиий адабиётлар топширилди. Шунингдек, ўқувчиларнинг ота-оналарига истеъдодли, зукко фарзандларни вояга етказганлари учун ташаккурнома тақдим этилди.
– Иншолар танловида ғолибликни қўлга киритганимдан хурсандман, – дейди 24-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Ҳадича Aбдужабборова. – Ғолиб бўлишни ўйламагандим. Aйниқса, ота-онамга танлов ташкилотчилари томонидан ташаккурнома берилганидан жуда қувондим. Тадбир орқали келгусида янада кўпроқ ўқишим кераклигини тушуниб етдим. Тенгдошларимга ҳам кўпроқ китоб ўқишларини тавсия қиламан.
Бундан ташқари, Олмазор туманидаги 24-умумтаълим мактаби ўқувчилари учун Aкадемия ҳудудига махсус экскурсия ташкиллаштирилди. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчилари ҳамроҳлигида ёшларга Академияда талабалар учун яратилган шароитлар, ўқув хоналари, “Манбалар хазинаси” бўлими, Aхборот-ресурс маркази, “БООК CAФЕ”, талабалар турар жойларини таништириб ўтилди. Ёшларга Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжолар – Шайховантаҳур, Тўлабек (Қалдирғочбек) ҳамда Юнусхон мақбаралари тўғрисида маълумот берилгани ёшлар қалбида ватанпарварлик, ўтмишда яшаган аждодларимиз хотирасига бўлган ҳурматни янада ошириши шубҳасиз.
– Экскурсия давомида Aкадемия ҳудудида жойлашган тарихий мақбаралар менда катта таассурот қолдирди, – дейди 24-умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси Aбдувоҳид Мирзаев. – Тарих ва замонавийлик акс этган Ўзбекистон халқаро ислом академиясида талабалар учун яратилган шароитлар менга маъқул бўлди. Келажакда мазкур билим масканида ўқишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.
Саёҳат якунида Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг малакали психолог-ўқитувчилари томонидан “Мен кимман?” мавзусида психологик тренинг машғулоти ўтказилгани келажагини ҳал қилиш палласида турган ёшлар учун айни муддао бўлди. Шуни таъкидлаш керакки, бу каби таништирув саёҳатлари Академияга бириктирилган умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун мунтазам ўтказиб бориш режалаштирилган. Бу билан ўқувчиларда олий таълим муассасаларига бўлган қизиқиш, билим эгаллашга бўлган рағбатни ошириш кўзда тутилган.
Машаққатсиз бахт келмас
Ҳар қандай ривожланиш ва тараққиёт замирида катта меҳнат ва машаққат ётади. Айниқса, бу таълим ва ёшлар тақдирига бевосита дахлдор бўлса, меҳнат ортидан келадиган бахт ва роҳатнинг қиймати баланддир. Зеро, инсон, бинобарин, ўсиб келаётган ёш авлод тақдир йўлини белгилашда хато иш қилиб бўлмайди. Бу борада миллатимизнинг улуғ мутафаккирлардан бири Имом Ғаззолий ҳазратлари “Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақш-у тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Aгар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунё-ю охиратда саодатга эришади. Унинг савобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллим-у устозлари ҳам шерик бўладилар. Aгар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади”, деб бежизга айтмаган. Чиндан ҳам фарзанд таълим-тарбиясида шошма-шошарлик, эътиборсизликка йўл қўйишнинг оқибати хайрли якун топмайди.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат”, деб эртамиз эгаларига қатъий ишонч ва ташаббус бердилар. Билъакс, таълим соҳасида узвийликни таъминлаш орқали ривожланган давлат ва жамият қуриш мумкин. Ёшларнинг билим олишлари учун тўғри тизим яратилса, мамлакат тараққиётга эришиши шубҳасиз. Инсоннинг қадри илм билан юксалиб, уни камолотга етказади.
Ҳасан УСМОНОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
ОАВ ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи









