Саратоннинг яширин сирлари

    Дунё миқёсида саратон касаллигига чалинганлар сонининг йилдан-йилга ошиши кузатилмоқда. Шу боис, юртимизда саратон касаллигини барвақт аниқлаб, даволаш чораларини кўришга катта эътибор қаратиляпти.

    Жумладан, ихтисослаштирилган шифохоналарнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замонавий зарур ускуна ва анжомлар, дори-дармон билан таъминланяпти.

    Саратон жуда оғир ва хавфли касаллик бўлиб, унинг 220 дан ортик тури мавжуд. Дунёда йилига қарийб 19 миллион одам саратон касаллиги билан ҳисобга олинади. Беморларнинг 8 миллиони вафот этади. Олимларнинг онкология соҳасидаги изланишлари натижасида саратон ҳужайраларининг сирли бешта ривожланиш хусусияти борлиги аниқланди.

    Биринчидан, инсон ҳужайраларининг нормал ривожланиши асаб тўқималари ва модда алмашинувига боғлиқ. Жараённи асаб толалари назорат қилади, аммо ўсма тўқималари асаб толаларига бўйсунмай, узлуксиз ривожланиш ва икки баробар тез ўсиш хусусиятига эга.

    Иккинчидан, саратон тўқималари ва ҳужайраларининг хилма-хиллиги мавжуд. Масалан, энг кўп тарқалган ошқозон саратонида беш хил, аёллар сут бези саратонида олти хил, ўпка саратонида олти хил, аёллар тухумдонида ўн етти хил хавфли ўсмалар тури учрайди ва уларнинг ривожланиш хусусияти бир-биридан фарқ қилади. Шу ва ҳали фанга номаълум бошқа сабаблари туфайли саратоннинг ривожланиш механизми тўлик ўрганилмаган. Натижада онкологик касалликка чалинган беморларни даволашда шифокорлар ожиз бўлиб қолмоқда.

    Учинчидан, саратон тўқималари бирламчи ўсиб жойлашган органлардан бошқа органлар (жигар, ўпка ва тўқималарга)га қон, лимфа йўли орқали кўчиш хусусиятига эга.

    Саратон сирини ўрганиш ишлари дунё олимларини кейинги юз йилларда кўп қиррали фундаментал илмий изланишларни давом эттиришга чорлади. Айниқса, саратон ҳужайраларининг пайдо бўлиши, хилма-хиллиги ва ривожланишидаги мураккаб механизмлар бўйича онкология, молекуляр биология, генетика, иммунология, вирусология соҳасидаги буюк олимлар тинимсиз изланишлар олиб борди.

    Натижада саратоннинг сирли хусусиятлари кашф қилинди. Жумладан, янги назариялар, хусусан, вирусли генетика назарияси ишлаб чиқилди. Инсон организмида 23 минг ген борлиги аниқланди. Генлар, оддий тил билан айтганда, инсон тўқима ва ҳужайраларидаги жуда мураккаб вазифаларни бажаради. Наслдан-наслга ўтиш хусусияти ҳужайраларнинг нормал ривожланиши ва моддалар алмашинувини таъминлайди.

    Генлар ривожланишининг бузилишига олиб келувчи асосий сабаблар — ташқи ва ички вируслар, танадаги микроблар, заҳарли кимёвий моддалар, гормонлар, радиация ва наслдан-наслга ўтиш каби таъсирлар ўсмаларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Масалан, аёллар бачадони саратони — вируслар, ошқозон саратони — микроб, аёллар сут бези хавфли ўсмалари — гормонлар бузилиши, ўпка саратони никотин таъсирида вижудга келиши экспериментал ва клиник онкологияда ўз тасдиғини топди.

    Саратоннинг тўртинчи сири одам организмидаги мавжуд иммун ҳужайралари билан боғлиқ. Бу соҳада ишлаётган олимларнинг таъкидлашича, инсон танасида 5 кг иммун системаси ҳужайралари бор.

    Саратоннинг бешинчи сири — беморнинг ўсмасидан даволаш учун вакцина тайёрлаб, ўзига ишлатиш. Вакцинанинг асосий вазифаси — махсус дендритли ҳужайралар томонидан ўсма ҳужайраларини топиб, уларни нишонга олиб, ҳужум килиш учун қон таркибидаги лимфоцитлардан фойдаланган.

    Дендритли вакциналарни олиш услубини ихтиро қилгани ва амалиётга татбиқ этгани учун америкалик олим Р.Стейман 2011 йили Нобель мукофотини олишга сазовор бўлди. Саратонни даволаш учун ўсмага қарши вакцинани қўллаш, бемор касаллигининг I-II босқичида ҳамда кимёвий, нур ва операция услублари билан бирга ишлатиш тавсия этилади. Вакцинадан фойдаланган беморларни даволаш натижалари икки баробар яхшилангани амалиётда Японияда, Ғарб давлатларида ва Россияда исботланган.

    Юртимизда онкологик касалликлар профилактикасини ва эрта босқичда ташхис қўйишни амалиётга татбиқ этсак, хавфли ўсмаларни замонавий янги технологиялар ва доривор воситалардан фойдаланиш натижасида 100 фоиз даволашга эришамиз. Бунга асосимиз бор. Ихтиро қилинган янгиликларни қўллаш натижасида ниятимизга эришамиз. Марра эса саратоннинг сирларини билиш ва ўсмадан халос бўлишдир.

    Мэлс КАБУЛОВ,

    Қорақалпоғистон тиббиёт институти

    профессори, тиббиёт фанлари доктори,

    Қорақалпоғистон Республикасида хизмат

    кўрсатган фан арбоби

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates