Сардор Умурзоқов “Марказий Осиё – Россия” 5-Вазирлар учрашувида иштирок этди

    Жорий йилнинг 22 апрель куни видеоконференция тарзида “Марказий Осиё – Россия” 5-Вазирлар йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Россия ҳукуматлари вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси номидан видеоконференцияда Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов қатнашди.

    Учрашув кун тартибига минтақа давлатлари ва Россия ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликка оид, жумладан, Марказий Осиёда барқарорликни сақлаш, террористик ва экстремистик таҳдидларга қарши курашиш, ислоҳотларни амалга ошириш ва барқарор ривожланишни рағбатлантириш, жадал иқтисодий ўсиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, ҳудудлараро туризмни ривожлантириш, кибер- ва биологик хавфсизлик, шунингдек минтақа давлатлари ўртасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш каби масалалар кирди.

    Иштирокчи мамлакатлар вакиллари ўз чиқишларида юқоридаги йўналишларнинг ҳар бири бўйича икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини, амалдаги муносабатларнинг устувор йўналишларини, шунингдек, яқин ва ўрта муддатли истиқболда уни кенгайтириш истиқболларини баён қилдилар.

    С.Умурзоқовнинг нутқи ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва минтақанинг барқарор ривожланишини мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларига бағишланди.

    Платформага аъзо мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишлари белгилаб олинди. Улар қаторига савдо-иқтисодий алоқаларни фаол рағбатлантириш ҳамда талабга эга маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кенгайтириш ва диверсификация қилиш, “яшил йўлаклар” ва логистика имкониятларини ривожлантириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳам киради.

    Шунингдек, Ўзбекистон томони технологик салоҳиятни ривожлантириш, платформага аъзо мамлакатларнинг қўшма инвестиция имкониятларини бирлаштириш ва сафарбар этиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақирди.

    Ковиддан кейинги тикланишни тезлаштириш, минтақа мамлакатлари ва Россия ўртасида сайёҳлик, бизнес ва юк алмашинувини фаоллаштириш зарур бўлган бир шароитда товарлар ва йўловчилар оқимидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича мувофиқлаштирилган ҳамкорликнинг муҳимлиги қайд этилди.

    Шунингдек, С.Умурзоқов ўз нутқида икки томонлама ҳамда минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасида саноат кооперацияси ва технологик алмашинув, энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш, фан ва ахборот технологиялари, минтақавий хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини санаб ўтди.

    Нутқда афғон муаммосига алоҳида ўрин берилди. Ўзбекистоннинг Афғонистонга долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш, аҳоли хавфсизлиги ва мамлакатда барқарорликни таъминлашда амалий кўмак беришда давом этишга содиқлиги таъкидланди. Ўзбекистон афғон халқига самарали гуманитар ёрдам кўрсатишда, электр энергияси таъминоти бўйича амалдаги шартномаларни бажаришда, афғон талабалари ва мутахассисларига мамлакат таълим муассасаларида ўқитиш хизматларини кўрсатишда, шунингдек илгари келишилган қўшма инфратузилмавий лойиҳаларни илгари суришда давом этади.

    Кун тартибидаги масалалар ҳар томонлама муҳокама қилиниб, улар борасида ўзаро самарали фикр алмашилгани иштирокчиларга ўзаро манфаатлар кесишуви нуқталарини белгилаш ва ҳамкорликнинг турли жиҳатлари бўйича муштарак позицияларни ишлаб чиқиш имконини берди. Тадбир якунлари бўйича ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш ва барча учун муҳим бўлган вазифаларни ҳал қилиш мақсадида кўп томонлама мулоқотни давом эттиришга тайёрлик билдирилди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates