Мамлакатимизнинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси Макка шаҳридаги «Travel Gate» компанияси директори Бадр Муҳаммад Хешайфати билан музокаралар ўтказди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга хорижий инвестицияларни жалб этиш ва республикага сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида Саудия компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари хусусида фикр алмашилди.
«Travel Gate» компанияси раҳбари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, республиканинг инвестиция, экспорт ва туризм соҳаларидаги салоҳияти, мамлакатда эришилган иқтисодий тараққиёт ҳақидаги маълумот билан таништирилди.
Бадр Муҳаммад Хешайфати ўзбек ҳамкорлари билан алоқаларни йўлга қўйишдан манфаатдорлигини билдирди. Хусусан саудиялик сайёҳларни мамлакатимизга жалб этиш учун республиканинг туристик салоҳиятини тарғиб қилишни янада кучайтириш зарурлигини қайд этди.
Учрашув натижасида яқин вақт давомида Саудия Арабистонидаги йирик сайёҳлик компаниялар вакиллари учун Ўзбекистонга инфо-тур ташкил этишга келишиб олинди, деб хабар беради «Дунё» АА.