Сайлов қонунчилиги халқаро стандартларга тўла жавоб беради

    Жорий йил 30 апрель куни Ўзбекистон халқи янги таҳрирдаги Конституциямизни қабул қилиш бўйича ўтказилган референдумда фаол иштирок этиб, ўз хоҳиш-иродаси билдирган эди. Бу билан кўп миллатли халқимиз суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуриш йўлида мутлақо янги босқичга қадам қўйди.

    Жорий йил 30 апрель куни Ўзбекистон халқи янги таҳрирдаги Конституциямизни қабул қилиш бўйича ўтказилган референдумда фаол иштирок этиб, ўз хоҳиш-иродаси билдирган эди. Бу билан кўп миллатли халқимиз суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуриш йўлида мутлақо янги босқичга қадам қўйди.

    Эндиги навбат янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган принципларни ҳеч оғишмасдан амалга ошириш, Ҳаракатлар стратегиясидан Тараққиёт стратегиясига ўтилган катта ривожланиш босқичидаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашдир.

    Албатта, бунинг учун ўтган 6 йилдан зиёдроқ вақт мобайнида етарлича тажриба тўпланди. Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни бажаришда муҳим натижаларни қўлга киритдик.

    Яна бир тарихий сана арафасида турибмиз. Жорий йил 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Бу сайловнинг аҳамияти шундаки, унда халқимиз ўз хоҳиш-иродасини яна бир бор намоён этади ва келгуси тараққиётимиз манзиллари айнан шунга боғлиқ бўлади.

    Демак, кун сайин қизғин паллага кириб бораётган Президент сайловини халқаро стандартларга мос равишда ўтказиш ҳар жиҳатдан муҳим. Шу ўринда халқаро сайлов стандартлари нималарда акс этади, деган савол туғилиши табиий.

    Агар бу саволга айнан Президент сайловига хос жиҳатлар нуқтаи назаридан жавоб берадиган бўлсак, олтита муҳим жиҳатни санаб ўтиш керак бўлади.

    Биринчидан, Президент Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланади. Бу Конституциямизда белгилаб қўйилган бўлиб, Сайлов кодексида ҳам ўз аксини топган.

    Иккинчидан, фуқароларнинг демократик ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат билан қараш ҳамда уларни ҳимоя қилиш, кўп партиявийлик ва мафкуранинг хилма-хиллиги, сайловни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар барқарорлиги ва уларнинг жадал демократик ривожланиши очиқ сайлов жараёнларини таъминлашнинг асосий шартлари бўлиши талаб этилади.

    Учинчидан, сайлов органлари ёки бошқа ваколатли органлар томонидан овоз беришни ташкиллаштириш ва овозларни санаш, сайлов жараёни иштирокчиларининг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизми мавжудлиги ва самарали ишлаши, овоз бериш якунлари ва сайлов натижалари устидан судда ҳамда бошқа ваколатли органларга шикоят қилиш, сайловни, шу билан бирга, овоз бериш жараёнини ташкиллаштириш, овозларни санаш, сайлов натижаларини эълон қилишдек жараёнларнинг муҳим жиҳатларини одилона кузатиш талаб этилади.

    Тўртинчидан, сайловда барча фуқаролар учун тенг шароит ва имконият яратиш зарур. Бунда фуқаролар тушунадиган тилда ахборот-тарғибот воситалари етказилиб берилиши керак.

    Бешинчидан, сайлов жараёнида гендер тенгликни таъминлаш ҳам муҳим. Гап шундаки, сайловни ўтказишда участка сайлов комиссиялари аъзоларини шакллантиришда аёллар иштирокидан тортиб овоз бериш жараёнига қадар хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари бузилмаслиги ёки камситилмаслиги керак.

    Олтинчидан, Президентликка номзодларга тарғибот-ташвиқот ўтказиши учун бир хил шароит ва тенг имконият яратиш керак, шунингдек, сайлов жараёнини халқаро кузатувчилар кузатиб бориши ва таҳлил қилиши учун имкон берилиши мақсадга мувофиқ.

    Албатта, сайловга доир бошқа халқаро стандартлар ҳам кўп. Айтайлик, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллари орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эгалиги, халқ иродаси ҳукумат ҳокимиятининг асоси бўлиши лозимлиги белгиланган. Шунингдек, бу ирода даврий ва сохталаштирилмаган, умумий ва тенг сайлов ҳуқуқидан яшириш овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловда ўз аксини топиши лозимлиги акс этган.

    Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда эса даврийлик принципи асосда сайлов ўтказиш, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Инсонийлик мезонлари бўйича конференцияси Копенгаген кенгаши ҳужжатига асосан халқ иродаси давлат ҳокимиятининг асоси бўлиб хизмат қилиши учун иштирок этувчи давлатлар қонунда белгиланганидек оқилона вақт оралиғида эркин сайлов ўтказиши белгиланган. Европа Кенгашининг Венеция комиссияси томонидан қабул қилинган Сайловга оид йўл-йўриқ тамойилларда ҳам сайлов даврийлик принципи асосда мунтазам ўтказилишига оид жиҳатлар кўзда тутилган.

    Шу ўринда яна бир муҳим тамойилга тўхталиб ўтсак. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тавсиялари асосида мамлакатимиз Сайлов кодексига қатор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланди, сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланди. Сайлов натижаларини эълон қилиш муддатлари асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилди.

    Биз санаб ўтган бу жиҳатлардан ҳам кўриниб турибдики, мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Президент сайлови халқаро стандартлар ва меъёрлар асосида ўтиши учун мустаҳкам замин яратилган.

    Албатта, бу жараён тўхтаб қолгани йўқ. Айтиш жоизки, сайлов ўтказиш учун зарур шароит яратиш демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятига хос энг муҳим жиҳатлардан ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган сайлов қонунчилиги яратилган. Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси учун умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи ҳамда яширин овоз бериш сингари асосий принциплар белгиланган.

    Айни кунларда Президент сайлови кампанияси тадбирлари миллий сайлов қонунчилигимиз асосида амалга оширилмоқда. Албатта, бу нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият учун ҳам катта воқеликдир. Жараёнлар хориж давлатлари эътиборидан ҳам четда қолмайди. Сайловни кузатувчи халқаро ташкилотлар нигоҳи ушбу воқеликка қаратилиши табиий.

    Мухтасар айтганда, юртимизда сайлов қонунчилиги ва амалиёти, жумладан, Президентликка номзодларга қонун йўли билан қўйилган талабларнинг барчаси умумэътироф этилган демократик мезонлар ва стандартларга тўла жавоб беради.

    Яна бир гап. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ана шундай демократик ўзгаришлар жаҳон ҳамжамияти диққат марказида турибди. Ушбу муҳим сиёсий жараённи юқори савияда ўтказилиши янги Ўзбекистонни барпо этишда муҳим қадам бўлади.

    Анвар ШЕРОВ,

    Тараққиёт стратегияси маркази эксперти

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates