Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида сенаторлар ишни «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонунни кўриб чиқишдан бошладилар.
Таъкидланишича, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар билан бир қаторда бугунги кунда айрим йўналишларда муаммолар сақланиб қолмоқда.
Жумладан, бир қатор қонун ҳужжатларида манфаатлар тўқнашуви тўғрисида тушунтириш берилган бўлсада, давлат органлари ва муассасаларида уларни амалга ошириш ва назорат қилишнинг аниқ механизмлари белгиланмаган.
Қолаверса, соҳада ягона амалиётни шакллантирувчи ваколатли орган мавжуд эмас, манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериш амалиёти йўлга қўйилмаган.
«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунда давлат органларининг манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ёки уни бартараф этиш талаблари бузилишига йўл қўйган ходимлари, шунингдек, уларнинг раҳбарлари қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлиши белгиланган бўлишига қарамасдан, қонунчилик ҳужжатларида жавобгарлик масалалари назарда тутилмаган.
«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонун юқоридаги муаммоларни бартараф этиши билан бирга коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарувчи манфаатлар тўқнашуви соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Ўз навбатида, Сенат Раиси ҳам қонун юзасидан қуйидагиларни таъкидлаб ўтди.
Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда кўп кузатамиз, жамоатчилигимизнинг энг кўп эътиборини тортадиган ва эътирозларини келтириб чиқарадиган ҳолатлардан бири бу – манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари амалдаги қонунчиликда тақиқланган бўлса ҳам, уларга нисбатан жавобгарлик, ҳуқуқий оқибатнинг йўқлиги эди.
Эндиликда мазкур Қонун билан коррупцияга қарши кураш йўналишидаги қонунчиликда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ бўшлиқлар ёпилмоқда, бу йўналишни қонунан тартибга солувчи аниқ механизмлар белгиланмоқда.
Манфаатлар тўқнашувининг ҳуқуқий оқибатлари белгиланмоқда, яъни бундай ҳолатда қабул қилинган қарорлар ва тузилган битимлар суд ҳукми орқали бекор қилиниши мустаҳкамланмоқда.
Табиийки, бу манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва шу орқали умуман коррупцияга қарши кураш жараёнини фаоллаштиришга ҳам ижобий таъсир этади. Зеро, айнан манфаатлар тўқнашуви давлат органларидаги коррупциявий ҳолатларнинг бошланғич нуқтаси ҳисобланади.
Мазкур Қонун билан манфаатлар тўқнашувининг тушунчаси, давлат хизматчиларининг мажбуриятлари ҳамда уни тартибга солиш бўйича аниқ механизмлар белгиланган.
Сенаторларнинг қайд этишича, Қонун билан унинг қўлланилиш доираси аниқлаштирилмоқда.
Хусусан, Қонун давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига, устав фондида давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади.
Шуниндек, давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндошлари, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг устав фонди акцияларига ёки улушларига эгалик қилса, ўша юридик шахс ушбу ходимга алоқадор шахс ҳисобланиши мустаҳкамланмоқда.
Энг муҳими, давлат ташкилоти фаолиятида манфаатлар тўқнашувини тартибга солишда ваколатли органлар белгиланмоқда.
Эндиликда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, давлат ташкилотларининг одоб-ахлоқ комиссиялари, кадрлар бўлинмалари ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари манфаатлар тўқнашувини тартибга солишни амалга оширадиган органлар сифатида мустаҳкамланмоқда.
Қонунда давлат ташкилоти ходимларига нисбатан манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича чекловлар, манфаатлар тўқнашувига оид талабларни бузганликнинг ҳуқуқий оқибатлари, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда қабул қилинган ва тузилган битимларни суд тартибида ҳақиқий эмас деб топиш асослари, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.
Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши манфаатлар тўқнашувини тартибга солишнинг аниқ қонуний механизми белгиланишига хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши натижасида манфаатлар тўқнашувини тартибга солишда давлат назоратининг амалга оширилишига, давлат хизматчиларининг бевосита раҳбарлари томонидан манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари юзага келганда тегишли чоралар кўрилишига, давлат хизматчилари томонидан содир этилиши мумкин бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига эришилади.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.