Сенатда аҳолининг ижтимоий ҳимоясига қаратилган қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди

    Ижтимоий ҳаёт 30 январ 2024 774

    Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси Ишчи гуруҳ мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

    Мажлисида сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича доимий комиссия раислари, Қўмита экспертлари, вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

    Сенаторлар мамлакатимизда кексаларни ва меҳнатга лаёқатсиз шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилаётганлиги, жумладан, пенсия тайинлаш тартиб-таомиллари соддалаштирилаётганлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

    “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам шулар жумласидандир.

    Қонун билан “Ижара тўғрисида”ги Қонунга ижарачининг ногирон бўлиб қолганлиги ижара шартномасини тугатиш учун асос бўлишини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиляпти.

    Шунингдек, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунга ҳам қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти. Хусусан, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўташ даврида бажарадиган ҳар қандай иши, агар ушбу иш бажарилган давр учун жазони ижро этиш муассасаси томонидан ижтимоий солиқ тўланган бўлса, ушбу фаолият турини пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажи тоифасига киритиш назарда тутилган.

    Мазкур Қонунга киритилаётган яна бир муҳим янгилик – пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этиш тартиби такомиллаштирилиб, фуқароларнинг пенсия тайинлаш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш ҳуқуқи назарда тутилган.

    Шунингдек, пенсия миқдори расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгиланяпти.

    Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳам қизғин муҳокама этилди.

    Қонун билан “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунига рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқлаш амалиётини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартириш киритиляпти.

    Шунингдек, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонунда Соғлиқни сақлаш вазирлигига дори воситаларини рецепт билан ёки рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартибини тасдиқлаш ваколати бериляпти ҳамда дори воситалари ишлаб чиқаришда қўлланиладиган дори моддаларини (субстанцияларни) давлат рўйхатидан ўтказиш амалиёти бекор қилиняпти.

    Бундан ташқари “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонунда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган айрим прекурсорларни Қонунда назарда тутилган мақсадларда ишлаб чиқариш ва тайёрлаш юридик шахслар томонидан уларда муайян прекурсорларни ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш учун лицензиялар мавжуд бўлган тақдирда фақат Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжлари доирасида амалга оширилиши белгиланяпти.

    Мажлис иштирокчиларининг таъкидлашича, Қонун аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари тўғрисидаги хабардорлик даражасини оширишга, шунингдек инвесторларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратишга ҳамда кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга хизмат қилади.

    Муҳокамалар якунида қонунлар юзасидан вазирлик ва идоралар вакиллари, Қўмита экспертларининг фикр мулоҳазалари эшитилди ва Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates