Семинарда янгиланган Конституциянинг 64-моддасида ҳам Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчи эканлиги алоҳида қайд этилди.
2024 йил 15 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилингани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Ушбу қарорга мувофиқ энди чақириққача бошланғич тайёргарлик ўқитувчиси штати Мудофаа вазирлигига ўтди. Энди бу вазифага Қуролли Кучлар захирасидаги ҳарбийлар ишга қабул қилинади.
Мазкур фан бўйича янги ўқув дастури ва дарсликлар яратиляпти. Ҳар бир туман ва шаҳарда биттадан мактаб негизида «Жасорат мактаби» фаолияти йўлга қўйиляпти.
Олий ўқув юртларида эса мазкур йўналишлар бўйича педагоглар тайёрлашнинг янги тизими яратилиб, малака талаблари ва таълим сифатини ошириш устувор вазифа этиб белгиланяпти.
Семинарда озодлик, тинчлик ва осойишталик йўлида ўз жонини фидо қилган аждодларимиз хотирасини, улар жасоратини, Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги тарихимизни ўрганишда том маънода янги давр бошланганига тўхталиб ўтилди.
Маълумки, 2020 йилга қадар уруш бошланган пайтда юртимиз аҳолиси 6 миллион 551 минг кишини ташкил этган ва уларнинг 1 миллион 500 мингга яқини урушда иштирок этган деб ҳисобланар эди. Жаҳон архивлари ўрганилиши натижасида Ўзбекистондан 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилгани аниқланган.
Шунингдек, семинарда олиб борилган илмий изланишлар натижасида орден ва медаллар билан мукофотланган Ўзбекистон вакилларининг сони бўйича ҳам ойдинлик киритилгани, илгари бу кўрсаткич 120 минг деб қайд этилгани ҳақида маълумот бериб ўтилди. Янги маълумотларга асосан Иккинчи жаҳон урушида 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар давлат мукофотлари билан тақдирланган. Илгари 280 нафар деб ҳисоблаб келинган ўзбекистонлик Совет Иттифоқи Қаҳрамонларининг сони 301 та экани, 70 нафар юртдошларимиз учала даражадаги «Слава» орденига сазовор бўлгани қайд этилди.
Семинар давомида ҳар йили Президентимиз ташаббуси билан мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун ҳарбийларимиз давлат мукофотлари, хусусан «Шон-шараф», «Мардлик» орденлари ҳамда «Жасорат» ва «Содиқ хизматлари учун» медаллари билан тақдирланиб келинаётгани қайд этилди.
2024 йилда 2023 йилга нисбатан жанговар шайлик тадбирлари 1,5 баробарга кўпайиб, қўмондонлик таркибининг касбий тайёргарлигини оширишга эришиляпти.
Шу билан бирга, қўшинларда оператив тайёргарлик тадбирлари АҚШ, Ҳиндистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон армиялари билан ҳамкорлигида ўтказилди. Бўлинмалар томонидан замонавий жангларда янги қўлланилаётган учувчисиз учиш аппаратларини қўллаш маҳоратлари ошириляпти.
Семинар давомида тизимда кадрлар салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар фаол давом эттирилиб, 2024 йилда ҳаво-ҳужумидан мудофаа қўшинлари радиолокация станцияси мутахассисларини ўқитиш ва қайта тайёрлаш маркази ташкил этилиб, ўқув марказлар сони 20 тага етказилгани, жанговар мутахассислик бўйича жами 10 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар марказларда ўқитилгани қайд этилди.
Бу каби жараёнларда нафақат Ўзбекистон Қуролли Кучлари, балки Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркманистоннинг ҳарбийлари ҳам иштирок этаётгани семинар иштирокчиларининг эътиборини тортди.
Чиндан ҳам бугунги кунда ҳарбий хизматчиларимизнинг профессионал маҳорати ва обрў-эътибори жаҳон миқёсида ҳам юксалиб боряпти. Буни мамлакатимиз Қуролли Кучлари вакилларининг сўнгги икки йилда нуфузли халқаро ҳарбий мусобақаларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келаётгани мисолида яққол кўриш мумкин.
Албатта, бу ва бошқа натижалар дунёнинг «Глобал Файрпаувер Индекс-2023» журналида ҳам акс этиб, миллий армиямиз Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи, дунё армиялари орасида эса 54-ўринни эгаллаганлиги қайд этилди.
Семинар давомида Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида олиб борилаётган барча ислоҳотлар замирида «инсонни қадрлаш» деган олийжаноб мақсад мужассам эканлиги қайд этилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.