Шарафга бурканган йўл

    Ҳарбийлик касбининг шарафли аммо машаққатли, зафарли, масъулиятли йўллари, ислоҳотлари, янгиликлари, ютуқлари ҳақида суҳбатлашдик.

    Миллий армиямизнинг бугунги замонавий қиёфаси, юқори жанговар қобилияти ўз-ўзидан шаклланиб қолган эмас. Бунинг ортида не-не инсонларнинг фидойилиги, ватанпарварлиги, юртсеварлиги мужассам. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Фахрийлар ишлари бўйича марказий кенгаш раиси, истеъфодаги полковник Абубакр Наврўзов билан суҳбатлашар эканмиз, ҳарбийлик жўмардлик, жонфидолик эканини янада теранроқ англагандай бўлдик. Биз Абубакр аканинг мудофаа тизимида фаолият юритган йилларига, эришган ютуқларига, чеккан заҳматларига, олган мукофоту орденларига тўхталмадик. Шунчаки, ҳарбийлик касбининг шарафли аммо машаққатли, зафарли, масъулиятли йўллари, ислоҳотлари, янгиликлари, ютуқлари ҳақида суҳбатлашдик.

    — Абубакр Давлатович, ҳаётингизнинг 35 йилини ҳарбийликка бағишлабсиз. Айтинг-чи, ҳарбийлик ўзи нима? Бу касбни эгаллаган ва шу соҳада фаолият олиб бораётган Ватан ҳимоячиси аслида қандай бўлиши керак? Кекса фахрий сифатида ёш аскарларга нималарни тавсия қилган бўлардингиз?

    — Ватан ҳимояси — жанговар ва улуғвор юмуш. Ҳарбийлар ўтмишимиз, бугунимиз ва буюк келажагимиз ҳимоячиларидир! Улар доимо она Ватан учун ўзини қалқон билади. Ҳарбийлик, бу — юртни ҳимоя қилишга бағишланган ҳаёт. Ҳарбийлар хизмат доирасида қаерга жўнатилса, ўша ерда яшайди, керак бўлса, азиз жонини юрт сарҳадларини ҳимоя қилишга бахшида этади. Ҳарбийлик, бу — қаҳратон қишнинг аччиқ аёзию ёзнинг жазирама саратони остида тоғу тош, дала-даштлардаги машаққатли ўқув-машқлар. Шу боис, бу турмуш тарзига ҳар кимнинг ҳам бардош бериши қийин. Ҳарбийларнинг фарзанди ота-онасини ойлаб, керак бўлса, йиллаб кўрмайди.

    Ўзини муқаддас заминимизнинг ҳақиқий посбони, деб билган, халқ осойишталиги йўлида сидқидилдан хизмат қилишни мақсад қилган ҳар бир ҳарбий Ватан олдидаги жасорати ва мардлиги билан барчага ибрат бўлиши лозим.

    Ҳарбийлик машаққатини баланд тоғнинг қоясига минг бир машаққат билан чиққан одамгина озми-кўпми ҳис қила олади. Ҳарбийнинг ўз қасамёдига садоқати фидойилик асосидир. Бир сўз билан айтганда, ҳарбийлик, бу — шарафга бурканган шонли йўл!

    Истардикки, Ўзбекистон деб аталмиш қудратли мамлакат аскарининг азму шижоатини кўрган келажак авлодлар Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилишни, Ватан ҳимоячилари қаторида бўлишни ўзининг энг муқаддас эзгу нияти ва орзусига айлантирсин.

    — Ўтган беш йил Ўзбекистонда том маънода миллий армиямиз учун ҳам туб бурилиш ва янгиланишлар даври бўлди, дея баралла айта оламиз, шундай эмасми?

    — Албатта, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан қўшинларимизни ҳар томонлама ривожлантириш, жанговар шайлигини янада ошириш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Миллий армиямизнинг жанговар қудратини юксалтириш мақсадида ривожланган мамлакатлар армияларининг илғор тажрибалари чуқур ўрганилиб, таҳлил қилинди. Натижада ҳарбий округлар қўшинлари жанговар таркиби такомиллаштирилди. Замонавий тактик усуллар ўзлаштирилди. Жанговар тайёргарлик машғулотларини сифатли ўтказиш, юрт ҳимоячиларига муносиб хизмат шароитларини яратиш мақсадида барча полигон ва ҳарбий шаҳарчалар янгидан барпо этилди.

    Хусусан, “Чирчиқ” полигони ҳудудида барпо этилган Моделлаштириш ва симуляция дала-ўқув маркази ҳарбий хизматчиларнинг профессионал тайёргарлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Умуман олганда, ҳар йили такрор ўтказиладиган машғулотларга чек қўйилиб, амалий машғулотлар сифати ва сони ошди.

    Бугун янгиланиб, кундан-кунга замонавий қиёфа касб этаётган миллий армиямизда ҳарбий билимлар билан амалий машғулотлар уйғунлигини таъминлаш ҳам устувор вазифалар сирасига киради. Мудофаа вазирлиги тизимида кузатилаётган ўзгаришлардан яна бири — ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила ­аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилди. Натижада юрт посбонларининг хизмат ва яшаш шароитлари яхшиланди. Жумладан, Ватан посбонлари учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари асосида 224 та кўп қаватли уй қурилиб, жами 7225 хонадон юрт ҳимоячиларига топширилди. Шунингдек, 3765 ҳарбий хизматчининг фарзандлари мамлакатимиздаги олий ҳарбий ва олий таълим муассасаларига ўқишга киришда қўшимча имтиёз берувчи тавсияномаларга эга бўлди. Бу эзгу ва хайрли ишларни юртимизнинг барча ҳудудларида ҳам кўришимиз мумкин.

    Бухоро вилоятидаги табиий офатлар, Сирдарё вилоятидаги техноген ҳолат оқибатларини бартараф этишда ҳам ҳарбий хизматчилар халқимиз жонига оро кирди. Қолаверса, ҳарбийлар томонидан аҳолининг қийналган қатламига ҳам мунтазам равишда моддий ва маънавий кўмак бериб келинмоқда.

    — Соҳадаги фаолиятингиздан ортиб, оилангизга рўзғорбоши, фарзандларингизга ота, невараларингизга бобо сифатида қандай вақт ажрата олгансиз?

    — Ҳаётимнинг кўп йили Германия, Словакия, Швеция, АҚШ, Польша, Беларусь, Қирғизистон, Тожикистонда хизмат сафарларида ўтган. Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларида ҳам фаолият олиб борганман. Мудофаа вазирлигининг разведка бошқармасида турли вазифалардаги фаолиятим оила ва фарзандларимга аталган вақтимнинг нечоғлиқ тиғизлигидан дарак берса-да, ўз касбимни севиб, ардоқлаганимдан, тақдиримдан, Ватан ҳимоячиси, деган шарафимдан беҳад бахтиёрман.

    Тўғри, кўпинча фарзандлар ва неваралар тарбиясига етарлича вақт топилмаган. Шунда турмуш ўртоғим ҳамиша елкадошим бўлиб келган. Ҳарбийлар орасидаги “Агар сен подполковник бўлсанг, рафиқанг полковникдир”, деган ибора замирида ҳам улкан маъно бор. Умримизнинг безаги, ҳаётимизнинг гўзал неъмати бўлган аёлларимиз, қизларимиз, сингилларимиз ҳарбийларнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Боиси, улар бизнинг борлиғимизни тўлдириб келади. Лекин ҳар қандай вазиятда ҳам фарзандларим ва невараларим учун, албатта, вақт топишга ҳаракат қилганман. Айтишади-ку, излаган имкон топади, деб.

    — Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Фахрийлар ишлари бўйича марказий кенгашнинг асосий вазифаси нималардан иборат? Шу кенгаш раиси сифатида юртимизда ҳарбийларга, жумладан, фахрий ҳарбийларга кўрсатилаётган эътибор ҳақида фикрларингизни ҳам айтиб ўтсангиз.

    — Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғамхўрлиги остида ҳарбийларга, хусусан, фахрий ҳарбийларга бир қатор имтиёзлар берилди. Мудофаа вазирлиги Фахрийлар ишлари бўйича кенгашлар мустақил фикрлайдиган, имон-эътиқоди ва иродаси мустаҳкам, маънавияти юксак, ҳар қандай шароитда Ватан мудофаасига шай ёшларни, ҳарбий хизматчиларни тарбиялаш, уларда мамлакатимиз ва жаҳонда рўй бераётган сиёсий-ижтимоий жараёнларга миллий манфаатларимиздан ва қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда ёндашиш кўникмаларини, турли ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш борасидаги тизимли ишларни амалга оширади.

    Ҳарбийларимизнинг кекса авлод вакилларига бўлган эътибори, уларни ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаши ҳамиша ва ҳар доим Президентимиз диққат марказида турибди.

    Ҳарбий хизмат мажбуриятини бажариш чоғида ҳалок бўлган, ярадор бўлган, шикастланиш ёки касалликлар оқибатида ногирон бўлиб қолган ҳарбийларнинг фарзандлари олий ҳарбий таълим муассасаларига белгиланган қабул квотасидан ташқари танловсиз ўқишга кириш ҳуқуқига эга. Мудофаа вазирлиги Фахрийлар ишлари бўйича ҳудудий кенгашлари раиси ва аъзолари доимий тарзда ҳарбий пенсионерларнинг қабулини ташкил этиб, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳокимиятлар билан биргаликда амалий чоралар кўрмоқда. Ногирон фахрийлар, боқувчисини йўқотган оилалардан хабар олиниб, уларга маънавий ва моддий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

    Президентимиз ташаббуси билан ҳарбий пенсионерларни ишга қабул қилиш орқали, уларни ёшларимизни ватанпарварлик, юртга содиқлик руҳида тарбиялаш жараёнига янада кенг жалб этиш ишлари амалга оширилмоқда.

    Умуман олганда, тизимдаги ислоҳотлар нафақат соҳадаги хизмат қилувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган, балки ҳарбий соҳанинг нуфузини оширишни ҳам кўзлайди. Бу соҳага етук кадрларни жалб қилишга хизмат қилади.

    — Фахрийларнинг юртимиз ёшларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, интеллектуал салоҳиятини янада ошириш борасида амалга ошираётган ишлар ва улар билан ҳамкорликдаги фаолиятингиз ҳам ўқувчиларимиз учун қизиқ деб ўйлайман.

    — Мудофаа вазири раҳбарлигида Фахрийлар ишлари бўйича марказий кенгаш ишини ислоҳ қилиш жараёнида, келажак авлодда ватанпарварлик, юксак маънавий, ахлоқий-руҳий ва касбий сифатларни янада ривожлантириш, “Устоз-шогирд” анъанасини сақлаш ва такомиллаштириш вазирлик тасарруфидаги ҳарбий округлар, ҳарбий қисм ва муассасаларга ёрдам бериш асосий вазифаларимиздандир. Барча даражадаги таълим муассасалари, маҳаллаларда камол топаётган ёшларни миллий қадриятлар, анъана ва урф-одатларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда Ватан тақдири учун дахлдорлик ҳиссини кучайтириш фаолиятимизнинг асосий мезонига айланган.

    Мудофаа вазирлиги фахрийлари бир вақтлар тажрибада бўлган ҳарбий фахрийларнинг мактабларга оммавий ташрифини қайта тиклади ҳамда бугунги кунда ушбу ҳаракатимиз юртимиз жамоатчилиги орасида “Мудофаа вазирлиги фахрийлари ҳаракати”, деган ном олди.

    Ўтган 3 йил давомида фахрийларимизнинг умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда масъул лавозимларда фаолият бошлаши таълим масканларидаги маънавий-руҳий вазият кескин ижобий томонга ўзгаришига олиб келаётгани алоҳида қайд этилмоқда.

    Фахрийларимиз ҳарбий қисмларда ҳам “Устоз-шогирд” анъанасини ривожлантириб, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда фаол иштирок этиб келаётгани таҳсинга сазовор.

    — Ҳа, ҳарбийларимиз бор экан, жаннатмонанд диёримиз тинч, осмонимиз мусаффо. Айниқса, бу борада сиз каби нуронийлар ўгитига, тажрибасига таяниш катта маънавий озуқа беради. Айтинг-чи, ҳарбийлик сизга нима берди?

    — Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, бу оламда шундай бир шарафли ва юксак касб бор — она Ватанни ҳимоя қилиш! Менинг ўн етти ёшимдан бошлаб ҳозиргача бўлган йиллар давомида топганим, энг катта хазинам ҳеч қандай дуру жавоҳир билан ўлчаб бўлмайдиган нодир ва ноёб бойлигим бу — менинг касбим! Ўзбекистон деб аталмиш ҳур ва озод ўлкамнинг фахрий ҳимоячисиман, фахрий полковнигиман. Йиллар давомида ўз касбимга садоқат ва ҳурмат билан ёндашиб хизмат қилдим. Бундан ғурурланаман. Ўтган ҳаётимга боқар эканман, тақдир пешонамга Ватан ҳимоячиси деган ном битгани учун, ўтган ҳар бир куним, йилларим учун Аллоҳимга беадад шукроналар келтираман!

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates