Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Турабов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Ҳиндистоннинг Лакхнау шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо мамлакатлар олий аудит органлари раҳбарларининг навбатдаги VI йиғилишида иштирок этди.
“Янги технологияларнинг аудит жараёнига интеграциялашуви” мавзусида ўтган бу йилги кўп томонлама учрашувда “сунъий ақл” ва “киберхавфсизлик” масалаларида муҳокамалар бўлиб ўтди.
Тақдимотда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тўғрисида, хусусан, палата олдига давлатимиз раҳбари томонидан ахборот технологияларини аудит жараёнларига кенг тадбиқ этиш юзасидан юклатилган вазифалар ҳақида маълумот тақдим қилинди.
Жумладан, республикамизда барча назорат органлари томонидан ўтказиладиган давлат аудити тадбирларини мувофиқлаштирувчи “Давлат аудити” дастури ҳамда турли идораларнинг ахборот базаларидан маълумот олган ҳолда масофавий назоратни амалга оширувчи “Камерал назорат” дастури ҳақида сўз борди.
Мазкур технологиялар бошқа кўплаб мамлакатлар амалиётида мавжуд эмаслигини ҳисобга олиб, ушбу инновацион ёндашувлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Йиғилиш якунлари бўйича томонлар ШҲТга аъзо мамлакатлар олий аудит органларининг 2023-2024 йиллар давомидаги ҳамкорлиги доирасида Ҳаракатлар режасини тасдиқлади.
Маълумот учун, ШҲТга аъзо мамлакатларнинг олий аудит органлари раҳбарларининг мунтазам учрашувлари 2010 йилдан буён ташкил қилинади. Ушбу ҳамкорликнинг асосий мақсади — давлат сектори аудити соҳасида ахборот алмашиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари эса давлат аудити бўйича билим ва тажриба алмашиш, қўшма семинар ва ўқув курсларини ташкил қилиш, давлат аудити соҳасида янги профессионал стандартларни илгари суришдан иборат.