Шоли етиштиришда етакчи давлатлар қаторига қўшила оламизми?

    Агросектор 20 август 2023 3602

    Шоли етиштиришнинг анъанавий усули асрлар давомида сақланиб келмоқда ва ҳозир ҳам кўплаб давлатлар, хусусан, мамлакатимизда уруғ экилгандан кейин уни сувга бостириб қўйиш технологиясидан фойдаланилади.

    Бу шоли етиштиришда бошқа экинларга нисбатан бир неча баробар кўп сув талаб этилади, дегани. Шунинг учун уни ҳамма жойда экишнинг имкони йўқ. Бошқа томондан, жаҳон бозорида гуруч энг талабгир маҳсулотлардан бири ва унга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Дунё аҳолисининг учдан бир қисми учун гуруч асосий озиқа манбаи саналади. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, 2020 йилда сайёрамизда 158,8 миллион гектарга шоли экилиб, 742,5 миллион тонна гуруч етиштирилгани кўламни аниқроқ тасвирлайди. Бу борада Хитой, Ҳиндистон, Индонезия етакчилик қилмоқда.

    Ўтган йили юртимизда 110 минг гектарга яқин майдонда 516 минг тонна шоли етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик гектарига 4,7 тоннани ташкил этди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу етарли кўрсаткич эмас ва шоличиликда етакчи давлатлар билан солиштирганда, бизда ҳосилдорлик анча паст. Қолаверса, жаҳонда озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув танқислиги ошиб бораётган шароитда шоличиликда нафақат ҳосилдорлик, балки ресурстежамкор, қурғоқчиликка чидамли, сифатли янги навларни яратиш зарурати юқори. Бу фақат аҳоли истеъмоли учун хилма-хил гуруч навларини таклиф этишнигина назарда тутмайди. Асосий мақсад янги навлар асосида шоличилик тармоғини ривожлантириш, иқтисодий самарадорликни ошириб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдан иборат.

    — Шоли дунёдаги 3 та энг муҳим ўсимликдан бири, — дейди Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бош директори, биология фанлари доктори, профессор Алишер Тўраев. — Ўзбекистон шароитида унга талаб юқори. Соҳани илм-фан асосида ривожлантиришнинг зарурати ҳам шунда. Бу йўналишда жаҳон тажрибаси анча илғорлаган. Кўплаб давлатлар аллақачон шоличиликда замонавий технологияларни қўллаш ҳисобига ресурстежамкор, ҳосилдор навларни етиштиряпти. Олимларимиз ана шу навларни иқлим шароитимизга мослаштириш, янги навларни яратиш бўйича изланишлар олиб боряпти ва натижалар ҳам кўзга кўрина бошлади. Тизимда олдимизга қўйган мақсадларимиз аниқ. Биринчи галда, шолининг шундай навлари, шундай агротехнологиясини яратишимиз керакки, у худди, қўпол қилиб айтганда, буғдойга ўхшаб суғорилсин. Яъни шолини сувга ботирмайлик, экин сувда сузиб юрмасин. Чунки дунёда сув танқислиги юқори. Шоли етиштиришда эса жуда кўп сув талаб қилинади. Бунга қарши замонавий технологияларни қўллашимиз керак. Иккинчи йўналиш — гибрид шоли нави яратиш вазифаси. Масалан, пахта, буғдойда гибрид йўналиши ривожланмаган. Чунки буғдойнинг 3 та, пахтанинг 2 та геноми бор. Шунинг учун уларни чатиштирганда самара кўринмаяпти. Лекин шолининг гибриди бор ва у Хитой, Филиппин, Ҳиндистон каби давлатларда яратилган. Учинчи мақсадимиз, селекцияни тезлаштириш учун илғор рақамли технологияларни йўлга қўйиш керак. Масалан, юқори иссиқ ҳароратда шоли даласида юриб, экиннинг агротехник ҳолатини ўрганиш ишларини олиб боргандан кўра, битта хонада ўтириб, замонавий технологиялар ёрдамида бир вақтнинг ўзида ўсимликнинг бир нечта параметрларини кузатган самаралироқ. Ҳозирги замонавий селекциянинг асоси ҳам шу. Бу селекция жараёнлари муддатини 8 йилдан 2 йилгача қисқартириб беради.

    Навлар коллекциясига бой муассаса

    Шоли тропик минтақадан келиб чиққанига қарамай, мўътадил иқлимли ҳудудларда кенг тарқалган. Шоли парваришлашнинг ўзига хос агротехнологияси мавжуд ва уларни такомиллаштириб бориш соҳанинг долзарб вазифаларидан. Гап шундаки, шоли етиштиришда кўп сув талаб қилингани сабабли жараёнда илғор ресурстежамкор технологияларни қўллаш самарадорликни оширади. Айни шу мақсадда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Шоличилик илмий-тадқиқот институтида кенг кўламли изланишлар олиб борилмоқда.

    Қарийб юз йиллик тарихга эга муассасада 30 дан ортиқ шоли нави, 10 дан зиёд соя ва шунча миқдордаги янги мош навлари яратилган. Бу айтишгагина осон. Битта нав яратиш учун 10 йилдан 15 йилгача вақт керак. Эски техник воситалар, анъанавий ёндашувлар бу муддатни узайтираверади. Шу боис, охирги йилларда институт лабораториялари энг замонавий технологиялар билан жиҳозланмоқда. Тадқиқотлар ҳам шунга яраша жадаллашган. Бир йилда 2-3 марта экин экиш, гибридларни яратиш бўйича ишлар олиб бориляпти.

    Шоли генетикаси селекцияси лабораторияси генофондида мингга яқин нав намуналари бор. Уларнинг аксарияти хориждан келтирилган ва бари тадқиқот учун тажриба майдонларига экилган. Селекционер олимлар ушбу навлар асосида янги, кам сув талаб қиладиган, сифати ва ҳосилдорлиги юқори шоли навларини яратишни мақсад қилган. Шу йил охиригача яна 2 та эртапишар навни давлат реестрига киритиш бўйича ҳужжатлар тайёрланяпти.

    — Шоли ишлаб чиқариш таннархини арзонлаштириш, гуручга талабни қондириш учун, аввало, ҳосилдорлик юқори бўлиши керак, — дейди Шоличилик илмий-тадқиқот институти директори Масъуджон Сатторов. — Бунинг учун минтақанинг табиий шарт-шароитига мос келадиган истиқболли навларни танлаб экиш, ҳозирги замон агротехнологиясида муҳим бўлиб турган шолини кўчат усулида етиштиришни кенг йўлга қўйиш лозим. Қолаверса, ҳар бир нав учун ишлаб чиқилган агротехнология шартларига қатъий риоя қилиш талаб этилади.

    Бугунги кунда институтимизда шолининг 2 мингдан ортиқ коллекция намунаси мавжуд. Шу коллекция асосида яратилган 12 та нав давлат реестрига киритилган, 7 та нав намунаси эса давлат нав синовларига тақдим этилган. Яна бир неча намуна тайёрланган бўлиб, бу жараён узлуксиз давом эттирилаверади. Чунки ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос иқлим шароити бор ва айнан уларга мос навларни яратиш ҳосилдорлик ошишига хизмат қилади.

    Ўтказилган илмий тадқиқотлар натижасида 2017-2022 йилларда шолининг касаллик ва зараркунандалар, тўкилишга, ётиб қолишга чидамли “Тарона”, “Тантана”, “Садаф” навлари яратилди. “Искандар”, “Лазурний”, “Тарона” навларидан 115 гектар ерга бирламчи уруғчилик ташкил этилиб, ҳар йили 280 тонна юқори авлодли уруғлик етиштирилмоқда. Уруғликлар маҳаллий эҳтиёждан ташқари қўшни Қозоғистон, Қирғизистонга экспорт қилинади. Бугунги кунда юртимизда экин майдонларининг 90-95 фоизи мазкур институтда яратилган шоли навлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Бозорларимизда сотилаётган ва таклиф этилаётган шоли навларининг деярли ҳаммасининг муаллифи ҳам шу институт олимлари.

    Бу ерда дуккакли дон экинларидан соя ва мош экилиб, янги навларини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича ҳам ишлар олиб борилади. Дунё ва маҳаллий навлар коллекциясидан соянинг 200 та, мошнинг 130 та намунаси синаб, ўрганиб келинмоқда. Соянинг институт олимлари томонидан яратилган 8 та, мошнинг 3 та нави давлат реестрига киритилган.

    Халқаро тажрибалар натижа бера бошлади

    Шолининг ўзига хос хусусияти бор: у ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаб, шўрланишни камайтиради, бир йиллик бегона ўтларни йўқотади. Мутахассисларнинг айтишича, шоли учун бошқа экинлардан чиққан оқова сувни ҳам бемалол ишлатиш мумкин, бу билан сув иқтисоди ва экологик тозаликка эришилади.

    Бугунги кунда юртимизда кучли шўрланган 300 минг гектардан ортиқ ташландиқ, бошқа экин экиш мумкин бўлмаган ер мавжуд. Умумий экин майдонларининг шўрланиш даражаси ҳам ортиб боряпти. Ана шундай ерларга шоли экиш яхши самара бериши фанда ва амалиётда ўз тасдиғини топган. Аммо сув танқислиги кўпинча бунга имкон бермайди. Бунинг учун аввал кам сув талаб қиладиган шоли навларини яратиш лозим. Шоличилик илмий-тадқиқот институтида қиймати 2,5 миллиард сўм бўлган 5 та лойиҳа бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар шунга асосланган. Бу борада гуруч етиштиришда етакчи ва илғор тажрибага эга давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хорижлик мутахассислар тадқиқотларда бевосита иштирок этмоқда.

    — Ўзбекистондаги Шоличилик илмий-тадқиқот институти билан 7 йилдан бери ҳамкорлик қилиб келяпмиз, — дейди Хитой миллий шоличилик илмий-тадқиқот институти мутахассиси доктор Жиан Жанг. — Институт ҳузурида Ўзбекистон—Хитой шоличилик тадқиқотлари лабораторияси ташкил этганмиз. Унда икки давлат қўшма лойиҳаси амалга ошириляпти. Лабораториянинг асосий мақсади Ўзбекистондаги шоли линиялари билан Хитойдаги элита уруғ авлодларини чатиштириб, янги шоли навлари яратишдан иборат. Улар, асосан, қурғоқчилик, ётиб қолишга чидамли, паст ҳароратда униб чиқадиган навлар ҳисобланади. Хитой шоличилигида олимларнинг роли катта. Соҳада янги навлар яратишнинг илғор технологиялари ривожланган. Шу боис, бу жараён бизда 10—15 йилни эмас, балки қисқароқ муддат, яъни 3-4 йилни ташкил этади. Ҳар бир вилоят, туманга мослашган шоли навлари бор ва улар 8—10 тоннагача ҳосил беради. Ана шу тажрибани ўзбек олимлари билан бўлишиб, биргаликда тадқиқотлар олиб боряпмиз. Лойиҳа 2 йилга мўлжалланган ва икки мамлакат томонидан молиялаштирилган. Бу даврда институт мутахассислари Хитойга бориб, малака ошириб қайтади.

    Маҳаллий олимларимиз Хитой тажрибаси асосида дурагай шоли етиштиришни ҳам кенг йўлга қўймоқчи. Бу шолининг бир йиллик нави бўлиб, гектаридан 15 тоннагача ҳосил беради. Қолаверса, у турли таъсирларга чидамли бўлади.

    Шоли етиштиришда Ҳиндистон ҳам бой тажрибага эга. Мамлакат шоли етиштириш, кўп сонли аҳолисини гуруч маҳсулотлари билан таъминлаш ва хорижга экспорт қилишда етакчилардан бири. Ҳиндистонлик мутахассислар билан ҳамкорлик айни шу тажрибалар, илмий ва амалий ютуқларни юртимизда қўллашга асосланади.

    — Биз нафақат Ҳиндистон, балки бошқа юртлардан ҳам янги намуналар олиб келиб, Ўзбекистонда синаш орқали шолининг янги навларини яратишни мақсад қилганмиз, — дейди Халқаро шоличилик илмий-тадқиқот институти ходими, ФАОнинг шоличилик бўйича халқаро эксперти ҳиндистонлик Ҳусайн Манзур. — Бугунги кунда дунёдаги энг глобал муаммолардан бири иқлим ўзгариши ва қурғоқчилик бўлиб, бу бевосита шоличилик соҳасига ҳам таъсир қилмоқда. Кўп шоли навларининг ўсиш жараёнида ётиб қолиши ҳам жиддий масала. Бу борада Ҳиндистон янги технологияларни фаол қўллаш орқали яхши натижаларга эришилмоқда. 10 йилдан буён Халқаро шоличилик илмий-тадқиқот институтида ишлайман. Шу йиллар давомида биз ётиб қолишга, шўрга чидамли, тезпишар шоли навлари яратишга муваффақ бўлдик ва бу тажрибаларимиз дунёнинг ўнлаб давлатларида ўз натижасини бермоқда. Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз ҳам айни шу жиҳатларга асосланган. Биз хориждан олиб келинган шоли навлари асосида Ўзбекистоннинг тупроқ-иқлим шароитига мос, шўрга ва сувсизликка чидамли навларни яратиш бўйича тадқиқотлар олиб боряпмиз. Ушбу изланишлар мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига катта туртки бўлишига ишонамиз ва тадқиқотлар ўз натижасини бера бошлаганидан мамнунмиз.

    Институтнинг тажриба далаларига кам сув талаб қиладиган, қурғоқчиликка чидамли 521 та намуна экилган. Улар Филиппинда жойлашган Халқаро шоличилик институти билан ҳамкорликда юртимизга олиб келинган. Олимларнинг тушунтиришича, бу навлар вегетация даврида 20—25 марта сув ичади. Ҳар сув ичган пайтда бир гектар майдонга 300 куб метрдан сув сарф қилинади. Таққослайдиган бўлсак, анъанавий усулдаги шоли пишиб етилгунча доимий сув турадиган майдонларда 16 мингдан 23 минг метр кубгача сув сарфланса, тажриба майдонларидаги шоли навлари 6,5-7 минг метр куб сув билан пишиб етилади. Яна уларнинг кўпи эртапишар навлар бўлиб, буғдойдан кейин такрорий экин сифатида ҳам етиштириш мумкин.

    Икки марта ҳосил олиш йўлга қўйилди

    Халқаро ҳамкорликдаги ана шундай тажрибалар асосида Шоличилик илмий-тадқиқот институти олимлари шолидан йилда икки марта ҳосил олиш тажрибасини муваффақиятли ўтказишга эришди. Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги KOPIA маркази мутахассислари билан ҳамкорликда олиб борилган тадқиқот шолини кўчат усулида механизация ёрдамида экиш технологиясига асосланади. Ҳисоб-китобларга кўра, бу усул 30 фоизгача сувни тежаш имконини беряпти. Бунда уруғлик сарфи гектарига 60—70 фоизгача тежалади. Агар гектарига 200 килограмм шоли экилишини ҳисобга олсак, жуда катта уруғлик тежаб қолинади.

    — Шу йилнинг 27 июль куни Андижон вилояти Избоскан туманидаги тажриба даласида юртимизда илк бор механизация ёрдамида экилган шоли кўчатларининг биринчи ҳосили ўриб олинди, — дейди Шоличилик илмий-тадқиқот институти профессори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Рихсивой Тиллаев. — Апрель ойида тажриба сифатида экилган ўртапишар, серҳосил “Искандар” навли шоли кўчатлари ёзнинг қоқ ўртасида пишиб етилгани-ю, унинг кетидан иккинчи ҳосил учун яна эртапишар шоли нави кўчатларининг ерга қадалгани чин маънода тарихий воқеа бўлди. Кўчат усулида шоли етиштириш ва механизация ёрдамида экиш тажрибаси юртимиз шароитида янгиликдир. Бу Жанубий Корея технологиясига асослангани боис, кўчатларни маҳаллий шароитга мослаштириш ҳам бирмунча вақт талаб этди. Юртимиз тупроқ-иқлим шароитига мослаштирилган кўчат тайёрлаш учун экиннинг озиқа негизи, яъни тупроқ, биогумус ва бошқа модддалар аралашмаси нисбатлари ўрганилди. Сўнг 25—30 кунлик соғлом кўчатлар белгиланган муддатларда тайёрланди. Апрель ойида кўчатларни механизация ёрдамида ерга жойлаштирдик. Ҳосилдорлик ҳам ёмон бўлмади, айрим қисмларда 5,5 тоннага, айримларида 6, ҳатто 7 тоннагача етди. Натижа янги технология асосида кўчат усулида шоли экилиши юқори самарадорликка эга эканини кўрсатди. У усул харажатларни камайтириб, ресурсларни тежаш билан бирга, шолини йилда бир неча марта етиштириш имконини беради. Бунда экинларни жойлаштириш структураси ҳамда уларнинг салмоғи кескин ўзгариб, халқаро талабларга деярли тенглашмоқда. Авваллари бир далада, асосан, шоли, сўнг кузги буғдой асосий экин сифатида алмашинадиган ва йилда икки марта ҳосил олинган бўлса, эндиликда кузги буғдой — такрорий шоли ёки соя — кузги буғдой экиш имконияти яратилмоқда. Шундай қилиб, мамлакатимизда йилда икки ёки уч марта шоли ҳосили олиш тажрибаси синовдан муваффақиятли ўтди, дея оламиз. Энди навбат буни ҳудудларимизда кенг жорий қилиш, бу орқали деҳқон ва фермерлар даромадини янада ошириш, халқимизнинг гуручга бўлган талабларини қондиришдан иборат. Бу йўлдаги изланишларимиз эса давом этади.

    Ўзбек гуручига жаҳон бозорида талаб бор

    Ҳозирги вақтда юртимизда етиштирилаётган шоли ҳосили деярли экспорт қилинмайди. Бу маҳаллий аҳоли эҳтиёж ва талабларини қондириш зарурати билан боғлиқ. Аммо, бошқа томондан, ўзбек палови, аллақачон, дунё ошхонасидан жой эгаллаган ва миллий таомимизни ўзимизнинг гуручда тайёрлаш барибир бошқача. Гап минтақа иқлими, ҳудудга хосликда бўлса керак. Қолаверса, ер юзининг турли бурчакларида ўзбеклар истиқомат қилади ва улар маҳаллий гуручларимизни истеъмол қилишга ўрганган. Шу боис, чет эл бозорларида ҳам гуручимизга талаб бор ва уни таъминлаш учун экспортни кенг йўлга қўйиш лозим.

    Бу борада органик гуруч етиштириш энг мақбул ечимлардан бири бўла олади. Шу мақсадда институт олимлари илмий тадқиқотлар олиб бориб, органик шоли етиштиришни бошлади. Бунинг учун нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда биринчи дала фони тайёрланди. Унга органик шоли кўчатлари қўлда ва механизация ёрдамида экилиб, парваришланмоқда.

    — Органик — бу экологик тоза, табиий маҳсулот, дегани. Ҳозир жаҳон бозорида шундай маҳсулотларга талаб юқори ва нархи ҳам анча қиммат, — дейди институт лаборатория мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Феликс Ибрагимов. — Аммо органик маҳсулот етиштириш осон эмас. Экин экиш учун ерни тайёрлашдан тортиб, пишиб етилган маҳсулотни қадоқлаб, экспорт қилишгача бўлган жараёнларнинг барида фақат табиий маҳсулотлар ишлатилиши талаб этилади. Шу жиҳатдан, бу катта харажат ҳамдир. Аммо нарх шунга яраша белгиланади ва бундай маҳсулотларнинг харидори жаҳон бозорида кўп. Органик шоли етиштиришда халқаро стандартлар талабларидан келиб чиқиб иш олиб боряпмиз. Тажриба майдони даласига ҳеч қандай кимёвий ўғит солинмаган, кимёвий моддалар қўшилмаган, фақат табиий воситалар қўлланилган. Тупроқ унумдорлигини сақлаш, ошириш, органик шолини озиқлантириш учун кеч куздан шоли кўчатини экишгача бўлган даврда органик сидерат (арпа, жавдар, баҳорги буғдой аралашмаси) экилиб, кўчат экишдан 10—12 кун олдин майдалаб, ерга қўшиб ҳайдаб юборилди. Озиқа етарли бўлиши учун ерга чириган мол гўнги солинди. Буларнинг натижасида майдоннинг ҳар гектаридан 3-4 тонна органик шоли ҳосили олиниши кутилмоқда. Келаси йилдан шоли ҳосилдорлигини ошириш учун хлорелла, органик микробиологик ўғитлар ва бошқаларни синаш ишлари бошланади.

    Органик шоли етиштириш маҳсулотни экспорт қилиш имкониятини ошириш баробарида иқтисодий даромад ортишига ҳам сезиларли таъсир қилади. Институт олимлари органик шоли уруғларини ҳам тайёрлаб, қўшни давлатларга экспорт қилиш устида ишлар олиб бормоқда. Мақсад шолининг юртимиз шароитига мос янги навларини яратиш баробарида гуруч етиштиришда дунёнинг етакчи давлатлари қаторига қўшилишдан иборат.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates