Санъат, хусусан, мусиқа санъати халқнинг ўзлигини яратишга, унинг қиёфасини бутун дунёга ёйишга қодир куч. Бу ҳақда гап кетганда, албатта, бастакор, ижрочи, хонанда, умуман, ушбу соҳа усталари фаолияти, истеъдоди бош мавзуга айланади. Шу нуқтаи назардан, илк ўзбек миллий эстрада гуруҳи сифатида эътироф этиладиган “Ялла” ансамблининг фаолияти ортиқча таърифга муҳтож эмас.
Ғоя, ташаббус, илк қадам ва ютуқлар
ХХ асрнинг 70-йиллари машҳур “Beatles” гуруҳи дунё ёшларининг эс-ҳушини ўғирлаган эди. Сўзларини тушунмаса ҳам гуруҳ қўшиқларини ёд олган ва жўр бўлиб хиргойи қиладиган авлод шаклланди. Шундай паллада ташкил топган “Ялла” ансамбли миллийликка йўғрилган ижоди, халқона оҳанглари билан аввал ўзбек ёшлари, сўнг узоқ-яқиндаги мусиқа ихлосмандлари дилини забт эта олди. Бу шунчаки содир бўлмади.
“Ялла”нинг дастлабки аъзоларидан бири Баҳодир Жўраев бундай эслайди: “Ҳаваскорлар бошини қовуштириш мақсадида Тошкент вилояти ёшлари орасида 1971 йили вокал-чолғу ансамбллари фестиваль-кўриги ташкил этилди. Танловда қатнашмоқчи бўлган жамоалар орасида янги тузилган гуруҳимиз бошқаларидан ажралиб турар эди. Кўрик-танлов учун бировларнинг қўшиғини маромига етказиб куйлаш камлик қилар, йигитларнинг ўз қўшиғи ҳам бўлиши керак эди. Ёш ансамбль “Қизил-қора” ҳамда “Сизга, ёшлар” қўшиқлари билан танловда ғолиб бўлди”.
Дарҳақиқат, бу дастлабки ютуқ эди. Шундан сўнг йигитлар янги-янги ғоялар қанотида учиб юрган, концерт дастури тузиб, республика бўйлаб ижодий сафарларга чиқишни ҳам режалаштираётган кезларда “Алло, биз иқтидорларни излаймиз” танловида қатнашиш таклифи келиб қолади. Ҳали ансамблга ном ҳам қўйилмаган эди. Ўзига хос ноанъанавий ном топиш керак, деган қарорга келинди. Театр ва рассомлик институти ўқитувчиси Анатолий Қобулов ўзбек халқининг энг жозибали ва қувноқ қўшиқларига мослаб уни “Ялла” деб аташ таклифини илгари сурди.
“Ялла” гуруҳи дастлаб ҳаваскорлик ансамбли бўлган. Аммо унга эътибор катталиги сабаб тез орада вокал-чолғу ансамбли мақомини олди. Гуруҳ янги бўлишига қарамай, раҳбарият ва бошқа ижодкорлар эътиборига тушди. “Ялла”нинг ўша пайтдаги бошқа гуруҳлардан фарқи, асосан, халқона, халқ қўшиқларини ижро қилаётгани, уларнинг шарқона оҳанглардан иборатлигида эди. Репертуари, асосан, халқ оғзаки ижоди – фольклор қўшиқлардан ташкил топган ва унга “Қиз бола”, “Мажнунтол”, “Бойчечак”, “Яллама, ёрим” каби қўшиқлар кирган.
1976 йили гуруҳ ўз сафига Фаррух Зокировни қабул қилди. Ўша йиллари “Ялла”нинг энг гуллаган, шу билан бирга, бироз ижоддан чекинган кезлари эди. Фаррух Зокиров нафақат гуруҳ аъзоси бўлди, балки унинг фаолларидан бирига айланди.
Фаррух Зокировнинг санъаткор бўлишига энг кўп қаршилик кўрсатган киши акаси Ботир Зокиров бўлади. Чунки у укасини жуда истеъдодли деб ҳисобламас, санъатга зўрма-зўраки кириб келишини ва ўртамиёна хонандаю созандалар қаторидан жой олишини истамасди. Бироқ бундай бўлиб чиқмади.
Ўша вақтда “Ялла”га бадиий раҳбарлик, маслаҳатчилик қилаётган Ботир Зокиров дастлаб укасининг бу қарорини қабул қила олмаган бўлса, кейинчалик розилик берди. Фаррух Зокировнинг ташаббускорлиги, тиниб-тинчимаслиги сабаб гуруҳнинг сўнаётган юлдузи қайтадан порлай бошлади.
— Болалагимда ҳам, ҳозир ҳам, хоҳ атрофдагилар билан муносабатда бўладими, хоҳ профессионал ижодда, “Карим Зокирийнинг ўғли! Баракалла, ота ўғил”, деган таъриф мен учун юксак баҳо, – дейди Фаррух Зокиров. – Ботир акам – ижодий виждоним. Доим қўшиқ ёзаётганда акам бўлганида қандай фикр билдирарди, деган фикр хаёлимда туради. Йигитлик йилларим мусиқа басталашга мойиллигим бор эди. “Шундай қўшиқ ёзсамки, Ботир Зокиров репертуарига киритса”, деб орзу қилардим. Акам эса эшитиб кўрарди-да, “Йўқ, ҳали бор, пишмаган”, дерди. Шукр, кўп фурсат ўтмай, шундай бахтга мушарраф бўлдим. 1974 йил “Мажнунтол” қўшиғини ёзган бўлсам, бир йилдан кейин “қўшиқ жуда чиройли чиқибди, майлими, мен куйласам”, дея сўраган. Ўшанда юрагим ёрилиб кетай деган. Ҳозир ҳам кучли ҳаяжон билан эслайман.
Гуруҳ йилдан йилга ривожлана бошлади. Бироқ аъзоларининг турли шахсий сабабларга кўра таркибдан аста-секин кетиши оқибатида “Ялла” яна ижодий инқироз ёқасига келиб қолди. Аммо унинг шунчаки йўқолиб кетишига йўл қўйиб бўлмас, қандайдир чора кўриш керак эди. Шунда Фаррух Зокировга акаси Ботир Зокиров гуруҳга ижодга чанқоқ, юрагида ўти бор, янгиликка интилувчан ёшларни жалб қилишни маслаҳат берди. Янги замон, янги йўналишлар кириб келаётган паллада аввалгидек бўшанг ҳолатда ижод қилиб бўлмасди.
1979 йилда “Ялла” гуруҳи Ялтадаги “Кримские зори” фестивалига борди. Ф.Зокиров ўша ерда мусиқани яхши тушунадиган, турли созларни бемалол чаладиган, энг муҳими, “Ялла”га молиявий кўмак бериши мумкин бўлган Рустам Илёсов билан танишиб қолди. Асли тошкентлик, деярли қўшни бўлган бу икки шахснинг ўзаро учрашуви ҳар томонлама манфаатли бўлиб чиқди. Зеро, молиявий инқирозга юз тутган гуруҳга бундай ижодкор сув билан ҳаводек зарур эди. Гуруҳга бефарқ бўлмаган Рустамга эркин ижод қилиши учун ижодий майдон керак эди. Ўзаро келишувлар натижасида у “Ялла”нинг аъзоси ва продюсерига айланди.
70-йиллар охирида “Ялла” таркиби тўлиқ янгиланди, фақат Ф.Зокиров бадиий раҳбар сифатида қолди. Гуруҳга ўша дамларда Аббос Алиев, Алишер Тўлаганов, Жавлон Тўхтаев келиб қўшилди.
“Ялла” ва унинг “ташриф қоғозлари”
Гуруҳ яна жонланди. Янгидан янги қўшиқлар ёзилиб, концерт устига концерт ташкил қилина бошлади. Янгиланган “Ялла”нинг илк қўшиғи “Сўнгги поэма” бўлди. Робиндранат Тагор шеъри, Алексей Рибников мусиқаси билан айтилувчи ушбу қўшиқ ҳақиқатан ҳам муваффақият дебочаси бўлди ва у ҳамон гуруҳ репертуаридан тушмай келмоқда.
“Учқудуқ” ҳам узоқ йиллар мухлислар қалбидан жой олган қўшиққа айланди. Шоир Юрий Энтин қаламига мансуб ушбу шеърга Фаррух Зокиров Зарафшонда бўлган гастроли чоғида фавқулодда куй басталади ва у ўша куни тингловчилар ҳукмига ҳавола этилди.
1980 йилда Москвадан бир гуруҳ телевидение ходимлари келиб, “Йил қўшиғи” танловига номзодлар қидиришга тушади. Табиийки, “Ялла” ҳам яхши қўшиқларидан бири “Учқудуқ”ни тайёрлайди. Аммо айрим сабабларга кўра, уни телевидение орқали кўрсатиш ман этилади. Телевидение ходимлари ёзиб олган тасма сақланиб қолади ва “Учқудуқ” “Йил қўшиғи” сифатида эътироф этилади. Шундан сўнг у ишчилар шаҳри Уқудуқ мадҳиясига, “Ялла”нинг эса навбатдаги “ташриф қоғози”га айланади.
Нафақат “Учқудуқ”, балки Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига атаб айтилган қўшиқлар ҳам “Ялла”ни бутун мамлакатга танитди. Гуруҳнинг “Шаҳрисабз”, “Самарқанднинг мовий гумбазлари”, “Тошкентим – онам”, “Дор ўйнанг” каби қўшиқлари кўтаринкилиги, ёрқинлиги ва самимийлиги билан ажралиб туради.
– Биз дунёнинг турли мамлакатлари шаҳарлари чиройини таърифлашга, кўрку тароватидан ҳайратланишга ўрганиб қолганмиз, – деган эди интервьюларининг бирида Фаррух Зокиров. – Бироқ, ёнимиздаги кўркам гўшаларнинг қадрига етмаймиз. Ўзгалардан эшитганда эса, ҳа-я, деб хижолатомуз ҳайратга тушамиз. “Ялла” қўшиқлари эса бизни лол қолдирган жойлар ўз диёримизда ҳам борлигини эслатиб туради.
Гуруҳнинг “Мовий гумбазлар”, “Чойхона”, “Борода верблюда”, “На востоке” каби қўшиқлари ҳам шуҳрат топди. 1981 йили “Шаҳрисабз”, 1989 йили эса “Чойхона” қўшиқлари учун “Ялла” бутуниттифоқ мукофоти лауреати бўлди.
Халқаро саҳналар забти
Гуруҳнинг шуҳрати дунёнинг жуда кўплаб мамлакатларига ёйилди, собиқ иттифоқ ва Шарқ мусиқасини севувчи мамлакатларнинг барчаси уни яхши таний ва ардоқлай бошлади. “Ялла”, асосан, ўзбек ва рус тилларида ижод қилгани сабаб собиқ иттифоқда жуда тез ном қозонди.
“Ялла”нинг собиқ иттифоқ бўйлаб гастроллари, ижодий учрашувлари самарали бўлди. Ансамбль Москвадаги Олимпия спорт мажмуаси, “Динамо” концерт-спорт зали, “Звёздний” шаҳарчасида концертлар берди. Санкт-Петербургдаги “Юбилейний” спорт саройидаги концерти эса ўн кун давом этди. Бундай концертлар томошабинлар учун ҳақиқий байрамга айланиб кетар эди.
Ансамбль Польшада ёш қўшиқчиларнинг “Эстрада баҳори” фестивалида қатнашди. Ўзбекистонлик йигитлар чиқиши лозим бўлган концерт дастури “Муслим Магомаев тақдим этади” деб номланган, яъни концертнинг асосий қисми машҳур хонанданинг қўшиқларидан иборат эди. Негадир Муслим Магомаев тадбирга кечикади. Ҳар ёмонликнинг бир яхши тарафи бор, деганларидек, Магомаевнинг кечикиши “Ялла”га саҳнада кўпроқ куйлаш имконини беради. Шундан сўнг ансамблнинг мухлислари сони кескин ортиб кетади.
Кўп ўтмай гуруҳ аъзолари “Мелодия” Бутуниттифоқ граммафонга ёзиш студиясида бир қанча қўшиғини, жумладан, “Андижон полкаси”, “Қиз бола” ва ёш хонанда Лариса Кандалова ижросидаги иккита қўшиқ ёзилган дастлабки альбомни чиқаришга муваффақ бўлди.
Орадан кўп ўтмай “Ялла” Болгария, Руминия ва Германияга икки ойлик сафар қилди. Ёшлар ва талабаларнинг Берлиндаги жаҳон фестивалида қатнашди. Фестиваль учун Евгений Ширяев атайлаб иккита қўшиқ – “Хиросима” ва “Яллама ёрим”ни ёзиб берди. Ансамбль фестивалнинг олтин медалига сазовор бўлди. “Яллама ёрим” қўшиғи фестивалнинг энг зўр қўшиғи – шлягери сифатида қайд этилди.
Ёшларнинг эстетик тарбиясига қўшган ҳиссаси ва юксак ижодий ютуқлари учун 1975 йилда “Ялла”га “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган жамоа” унвони берилди. Ўша пайтгача ҳеч бир ансамбль кўплаб халқаро фестивалларда қатнашиб, муваффақият қозонмаган ва юқори ўринларни эгалламаганди.
Гуруҳ аъзолари кейинчалик Мўғулистон ва Вьетнамга сафар қилиб, даставвал Ханой миллий опера театрида, сўнгра марказий ўйингоҳда концерт берди. Вьетнамликлар уни олқишлар билан кутиб олди ва ҳукумат гуруҳ аъзоларини “Дўстлик” ордени билан тақдирлади.
Хорижий гастроллардан қайтган “Ялла” юртимизда бир неча кун, айтиш мумкин бўлса, ҳисобот концерти берди. Ўша концертдан сўнг яна узоқ гастроллар бошланди. Бу галги манзиллар Германия Демократик Республикаси, Болгария, Венгрия, Польша ва Чехословакия эди. Бу мамлакатларга қайта-қайта сафарларга сабаб у ерлардаги мухлислар меҳри бўлди.
Ўша пайтларда “Ялла” гуруҳи биринчилардан бўлиб хайрия концертлари уюштирди. Самарқанддаги Регистон майдонида уч оқшом “Барча замонларнинг чойхонаси” дастури намойиш этилди. Ҳар кеч улкан майдонга минглаб томошабинлар йиғилди. Концертлардан тушган маблағ тинчлик ҳамда ногиронлар жамғармаларига ўтказиб берилди.
Муваффақиятларнинг бош омили – миллийлик
Гуруҳнинг ижодий йўлига кўплаб санъаткорлар ҳавас қилади. Ушбу гуруҳ сабаб юртимизда эстрада санъати анча ўсди, жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари аҳолиси “Ялла” боис юртимизни таниди, ажойиб санъатимиз мавжудлигидан хабар топди, қадриятларимиз, миллий анъаналаримиздан баҳра олди, энг муҳими, қалбини айнан шу гуруҳга, унинг хуш хонишлари ва нолаларига боғлади.
“Ялла” дейилса, юрагимиз ажиб бир ифтихор, ғурур туйғусига тўлиб кетади. Гуруҳ дунёга танилган бўлса-да, том маънода Ўзбекистонники, ўзбек халқиникидир. Туғилишидан тортиб, номи қўйилишигача чин маънода халқоналиги кўзга ташланиб туради.
Гуруҳ репертуаридаги қўшиқлар ранг-баранг: улар нафақат жанр, қолаверса, йўналиш жиҳатидан ҳам бир-бирини такрорламайди. Халқона оҳангларда куйланган қўшиқлари ҳақиқатан ҳам номига мос: у элнинг “Ялла”сидир.
Чексиз меҳр ифодаси
Ёшлар нимани ва қандай куйлаётганига қараб, нимани орзу қилаётганини, қандай яшаётганини, уларни нимага ўргатаётганимизни билиб олишимиз мумкин. Фаррух Зокиров ва “Ялла” ансамблининг ҳаётсевар, зукко санъати ёшларга Ватанни, дўстликни севиш, дунёни ёруғ рангларда тасаввур қилишни ўргатади. Бугунги жаҳон миқёсидаги кескинлашув замонида инсонни олижаноб руҳда тарбиялайди. Ахир, санъатнинг улуғвор ва бош вазифаси ҳам шунда-ку!
“Ялла” ансамблининг ижодий жамоасини мукофотлаш тўғрисида куни кеча Ўзбекистон Президенти имзолаган фармон миллионлаб мусиқа мухлислари учун қувончли хушхабар бўлди. Унга кўра, “Ялла” ансамблининг бадиий раҳбари, устоз санъаткор Фаррух Зокиров “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан, мазкур ансамбль созандалари Аббос Алиев, Жавлон Тўхтаев, Тимур Халиков, ансамбль директори Игорь Халиков “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
Бундан ярим аср муқаддам ташкил этилган “Ялла” ансамбли бетакрор ижроси, теран ўзбекона маънавияти, халқимизга, миллийлигимизга, саҳнага, мухлисларга муҳаббати ва садоқати боис йиллар оша юксак даражада ижод қилиб келмоқда. Биз жаҳон мусиқа юлдузларининг қўшиқларини ҳар қанча тингламайлик, уларни олқишламайлик, барибир устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров ва “Ялла” ансамблининг ўрни бўлакча.
Мақолани Президент фармонида келтирилган мисралар билан якунлашни лозим топдик: “Ўзининг ёрқин истеъдоди, юксак профессионал маҳорати, кўп йиллик самарали ижодий фаолияти билан ўзбек эстрада санъатини ривожлантириш, унинг шон-шуҳратини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, халқлар ўртасида маданий алоқалар, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси, навқирон иқтидор эгаларининг қобилиятини рўёбга чиқариш, халқимиз, айниқса, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги алоҳида хизматлари учун...”.
Мана, халқимиз ўз “Ялла”сини нима учун яхши кўради!
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири









