«Тараққиёт стратегияси» маркази ахборот хизмати маълумотига кўра, ташриф доирасида Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, бу жараёнда томонларнинг етакчи «ақл марказлари» ҳамда тадқиқот институтлари фаоллигини оширишга қаратилган қатор учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, Марказ экспертлари GlobalGoToThinkTankIndexReport халқаро рейтингида иккинчи ўринда турадиган Стокгольм атроф-муҳит институти вакили билан учрашиб, экология ва атроф-муҳит соҳасидаги хавф-хатарларни олдини олиш, бунда барча табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда халқаро даражада саъй-ҳаракатларни бирлаштириш каби масалалар бўйича мулоқот қилди.
Марказ раҳбари Элдор Туляков томонидан Ўзбекистонда аҳоли саломатлиги ва генофондига зиён етказадиган экологик муаммоларни бартараф этиш, қайта тикланувчи энергетика манбаларидан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Жумладан, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель ўртасида бўлиб ўтган мулоқотда ҳам экология, «яшил» иқтисодиёт, энергетик самарадорлик ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалаларига алоҳита эътибор қаратилганлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Президенти томонидан нуфузли халқаро минбарлардан атроф-муҳитга оид ташаббуслар мунтазам тарзда илгари суриб келинаётгани, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқишга қаратилган алоҳида мақсад белгиланганлиги айтилди.
Ўзбекистон БМТнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш соҳасидаги энг муҳим конвенциялари, Барқарор ривожланиш мақсадларига қўшилиб, зиммасига олган барча мажбуриятларни бажариб келмоқда, табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни амалга ошириш механизми ишлаб чиқилган бўлиб, мақсадли давлат дастурлари, миллий ҳаракат режалари ҳаётга тадбиқ этилмоқда, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим қисми бўлган ушбу хайрли ишларда жамоатчилик ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Ўз навбатида, Стокгольм атроф-муҳит институти лойиҳалар менежери Бернандос Педигамос мазкур муассаса фаолиятининг асосий эътибори атроф-муҳит муаммолари ва тараққиёт учун таҳдидлар, бошқарув, иқтисодиёт, гендер тенглиги ва соғлиқни сақлаш масалаларига қаратилгани, ушбу йўналишда маҳаллий ва халқаро миқёсда қарорлар қабул қилишга кўмаклашишини билдирди.
Институт вакили Атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш механизмларини такомиллаштириш, табиий муҳитни кузатиш, унинг ифлосланиш даражасини башорат қилиш борасида ҳамкорликдаги тадқиқотларнинг ўрни юқорилиги, бу борада Ўзбекистондаги таҳлил марказлари ҳамда тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда ишлашдан манфаатдор эканлигини таъкидлаб ўтди.
Муассаса Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиёт бўйича ташаббуслари, ҳаётга тадбиқ этилаётган концепция ва стратегиялари, айниқса, зарарли кимёвий, физикавий, биологик ва бошқа хил таъсир кўрсатилишининг олдини олиш ҳамда камайтириш бўйича олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватлаши таъкидланди.
Томонлар икки мамлакат «таҳлил марказлари» ўртасида мунтазам тажриба алмашишни йўлга қўйишдан манфаатдор эканлигини билдириб, қўшма тадқиқотлар ўтказишга келишиб олди.