Учрашувда Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, шу жумладан, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги алоқалар муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, 2024 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 189,3 миллион долларни ташкил этган, шундан экспорт 17,7 миллион доллар, импорт эса 175,6 миллион долларни ташкил этди.
Шунингдек, учрашувда туризм соҳасидаги улкан салоҳиятга эътибор қаратилди. Давлатлар фуқаролари ўртасида ўзаро туристик ташрифларни кенгайтириш масаласи муҳокама этилди.
Мулоқот давомида жорий йил 5-9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси ўтказилиши ҳақида маълумот берилди. Таъкидланганидек, ушбу нуфузли тадбир тарихда биринчи бор Ўзбекистонда ўтказиляпти ва унда Парламентлараро иттифоқнинг 190 га яқин аъзо давлатларидан 2 000 нафарга яқин парламент аъзолари иштирок этади.
Элчи Вьетнам Миллий Мажлиси Раиси Чан Тхан Ман бошчилигидаги 120 нафарга яқин делегация аъзолари ҳам мазкур Ассамблеяда иштирок этишини маълум қилди.
Учрашув якунида Парламентлараро иттифоқ анжуманига тайёргарлик ишлари, ташкилий масалалар ва икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.