Сифат сертификати талабга мос бўлсин!

    Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамиша инсониятнинг энг асосий эҳтиёжларидан бири бўлиб келган.

    Ривожланган асримизга келиб, бу йўналишда ишлаб чиқариш кўлами қанчалик кенгаймасин, кўплаб давлатларда мазкур масала ҳамон муаммолигича қолмоқда. Бошқа томондан, энди нафақат истеъмол маҳсулотлари етиштириш, балки уларнинг сифати, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга талаб ортиб бормоқда.

    Бугунги кунда жаҳон стандартлари талабига жавоб берадиган маҳсулотнинг бозори чаққон бўлиб, тезда ўз харидорларини топаётгани сир эмас. Озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти мамлакат иқтисодиётининг муҳим қисмини ташкил этаётган бир вақтда, ҳар бир давлат сифат сертификатлари билан ҳисоблашишга интилаётгани боиси ҳам шунда. Зеро, маҳсулотнинг дунё бозорига чиқиб боришида унга ёпиштирилган сифат ёрлиғи асосий ташриф қоғозига айланяпти.

    Шу жиҳатдан, юртимизда озиқ-овқат хавфсизлиги, истеъмол маҳсулотларининг сифат кўрсаткичларини назорат қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, экспортнинг мутлақо янги, замонавий босқичига ўтилди. Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий, ижтимоий ривожланишида бошқа соҳалар қатори техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш соҳалари муҳим ўрин тута бошлади. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 2 июндаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида таркибий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, тизимга замонавий услубларни жорий қилишга оид янги даврни бошлаб берди.

    Айни пайтда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган миллий маҳсулотларимизнинг сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, сифатли маҳсулот ишлаб чиқараётган ва уни қатор чет мамлакатларга экспорт қилиб, юрт ривожига ҳисса қўшаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, сифатсиз маҳсулотларни юртимизга кириб келишининг олдини олиш, замонавий лабораторияларни кўпайтиришдек кечиктириб бўлмас, долзарб вазифаларни амалга ошириш ушбу соҳа мутахассислари олдига янги талабларни қўймоқда. Асосий мақсад миллий маҳсулотларимизнинг сифатини ошириш, жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилган.

    Юқоридаги фармон Ўзбекистон стандартлар институти олдига ҳам бир қатор муҳим вазифаларни қўйгани ҳолда, охирги йилларда соҳада қатор амалий ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, халқаро экспертларнинг тавсиялари асосида Ўзбекистон Республикаси “Стандартлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилиб, вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

    Шу ўринда, стандартлаштириш ўзи нима, унинг аҳамияти нимада, деган табиий савол туғилади. Стандарт — бу ҳар бир маҳсулотга қўйиладиган меъёрий сифат талабидир. Стандартлаштириш эса барча маҳсулот турлари, русумлари, параметрлари, ўлчамлари ва сифати бўйича ҳамда ишлаб чиқариш технологияси, синаш ва назорат қилиш услуби, маҳсулотни жойлаш, русумлаш, сақлаш ва бошқаларга меъёрий бирлик ўрнатишни англатади. Дунёнинг деярли ҳар бир давлатида маҳсулотларга тартиб ва меъёрлар мажмуасини ишлаб чиқувчи ва қўювчи махсус тузилма — стандартлаштириш ташкилоти фаолияти йўлга қўйилган.

    Юртимизда ҳам стандартлаштириш соҳаси бугунги кунда иқтисодиётнинг асосий бўғинларидан бирига айланди. Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар аввало, итқисодиётнинг юксалиши, тадбиркорлар ва ишбилармонлар фаолиятини енгиллаштириш, халқимиз фаровонлигига қаратилган.

    Ўтган давр сарҳисобига мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилда Ўзбекистон стандартлар институти томонидан 6079 та стандартлар қабул қилиниб, халқаро талаблар билан уйғунлаштирилган стандартлар 14 858 тага етказилди. 1995 йилгача бўлган 5300 дан ортиқ стандартларнинг тартибга солувчи гильотини усулида амал қилиш муддати тўхтатилди. 780 та ташкилот стандартлари ўрнига унификациялаш йўли билан халқаро талабларга уйғунлашган ягона талабларни белгиловчи 22 та давлат стандартлари ишлаб чиқилди.

    Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш, халқаро стандартларни қабул қилиш ва амалдагиларни қайта кўриб чиқиш бўйича олтита вазирлик ва идоралар қошида миллий техник қўмиталар ташкил этилди. Мудофаа саноати қўмитаси қошида STQ-1 “Ҳарбий ва икки ҳил мақсадда ишлатиладиган маҳсулотлар”, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар муаммолари илмий-тадқиқод институти қошида STQ-2 “Фавқулодда вазиятлар ва ёнғин хавфсизлиги”, “Ўзчармсаноат” уюшмаси қошида STQ-3 “Чарм-пойафзал, мўйначилик ва қоракўлчилик саноати” миллий техник қўмиталари ташкил этилди.

    Бу борада айниқса, халқаро алоқаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган даврда халқаро ташкилотларнинг 17 та (ISO, IEC ва МГС) техник қўмиталарига аъзо бўлинди. 84 та саноат корхоналарида халқаро — “ИСО 9001”, “ИСО 14001”, “ИСО 22000” ва “ИСО 50001” стандартлари жорий этилиб, сертификатлаштирилди. Келгусида “ISO”нинг 6 та техник қўмиталарига аъзо бўлиниб, аъзолик сони 29 тага ҳамда 2 та “IEC”нинг техник қўмиталарига аъзо бўлиб, аъзолик сони 12 тага етказилиши режалаштирилган.

    Шунингдек, Институт мутахассислари томонидан 3250 та халқаро стандартлар давлат тилига таржима қилинди. Электрон таржима қилиш ҳамда дастлабки таржима лойиҳасини бевосита ишлаб чиқаришда опробациядан ўтказилиши натижада 18,5 миллиард сўм бюджет маблағлари тежалди.

    Фуқаролар ва тадбиркорлар учун кўрсатилаётган хизматларни рақамлаштириш орқали шаффофликни таъминлаш ва уларга ҳар томонлама қулайликлар яратиш мақсадида “e-standart”, “e-fond”, “e-study” порталлари ишлаб чиқилди. Мазкур ахборот тизимлари, хусусан, “e-standart” портали стандартларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг рақамлашган (Customer Relationship Management- CRM) шакли бўлиб, бунда барча амалга оширилаётган жараёнларни онлайн кузатиб бориш имконияти яратилади. Айни пайтда ушбу шаффоф тизимларни амалиётга жорий этиш ишлари олиб борилмоқда.

    Бундан ташқари, тизимда амалга оширилиши кўзланган ишлар талайгина. Жумладан, жорий йил охиригача 7 мингдан ортиқ стандартларни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириб, бу борадаги кўрсаткич 75 фоизга етказилилиши кўзда тутилган. Полиз экинлари, асал, қизилмия, ковул, қоракўл териси, қуруқ мевалар сингари 6 тур маҳсулотларга халқаро стандарт лойиҳалари ишлаб чиқилади. Жаҳон банкининг 5 миллион долларлик маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича арбитраж синов лабораторияси ташкил этилиши ҳам режалаштирилган.

    Тармоқлар билан ҳамкорликда 400 дан ортиқ саноат ва иқтисодий тизимдаги мутахассисларни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида хорижий давлатларда малакасини ошириш ҳам белгиланган асосий вазифалар сирасига киради. Унга кўра, миллий мувофиқликни баҳолаш тизимининг IAF, ILAC сингари халқаро ташкилотлар томонидан тан олиниши учун янги халқаро стандарт (ISO/IEC 17025:2017) талаблари асосида 600 нафар синов лаборатория ходимларини тайёрлаш назарда тутилган.

    Бир сўз билан айтганда, ушбу чора-тадбирлар миллий маҳсулотларимизнинг сифатини ошириш, халқаро талабларга мослаштириш орқали уларнинг жаҳон бозоридаги талабгирлигини таъминлашга хизмат қилади. Бу борада маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имконият ва енгилликлар яратиш эса тизим олдига қўйилган асосий вазифалардан биридир.

    Азизбек ҲАМДАМОВ,

    Ўзбекистон стандартлар институти директори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates