Сифатли таълим ва маънавий тарбия уйғунлиги

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 28 январь сонида академик Оқил Салимовнинг “Сифатли таълим ва маънавий тарбия уйғунлиги” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Бугунги кунда мамлакатимизда маънавият ва маърифатга, таълимтарбияга, Янги Ўзбекистоннинг баркамол авлодини шакллантиришга эътибор ниҳоятда кучайди. 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида жамият маънавиятини янада юксалтириш ҳамда шу асосда маърифат ва таълим-тарбия соҳасини ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилангани бежиз эмас.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига 2022 йил 20 декабрдаги Мурожаатномасида алоҳида таъкидланганидек, “Таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир. Юсуф Хос Ҳожиб бобомиз айтганларидек: “Заковат бор жойда улуғлик бўлади, Билим бор жойда буюклик бўлади”.

    Шунинг учун ушбу соҳада бошлаган ислоҳотларимизни давом эттиришимиз, таълим даргоҳларига бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, ўқув-тарбия ишлари сифатини ошириш бўйича улар қўйган масалаларни биргаликда ҳал этишимиз керак”.

    Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги, аввало, бой тарихий меросимизнинг тикланиши, анъаналаримизнинг сақланиши ва халқимиз маънавияти юксалиши билан илм-фан ривожи ҳамда таълим-тарбия сифатига узвий боғлиқлиги шубҳасиз. Жамият тараққиёти ва унга уйғун бўлган маънавий баркамол ёшларни тарбиялаш жараёни ана шу омилларнинг ўзаро бирлиги ва алоқадорлиги асосида амалга ошиши инсоният тарихида исботланган ҳақиқатдир.

    Бугун Ўзбекистонда ушбу қонуниятга оғишмай амал қилинмоқда. Халқ маънавиятини юксалтиришга ҳар томонлама шаклланган, замонавий тафаккурли ёш авлодни камолга етказишнинг асосий омилларидан бири сифатида қаралмоқда. Таъкидлаш жоизки, ҳеч қачон маънавият ва маърифат билан таълимтарбия бир-бирини инкор этмайди, аксинча, бир-бирини қувватлаб, ўрнини тўлдириб, ўзаро таъсирланиб, ривожлана боради.

    Бу жиҳатдан мамлакатимизда 2023 йилда сифатли таълимга юксак эътибор қаратилаётгани ва бу жараёнда маънавий ривожланиш асосида тараққиётни таъминлашга ҳаракат қилинаётгани бугунги ҳаёт талабини акс эттиради, албатта. Сифатли таълим-тарбиянинг мазкур жабҳадаги муҳим вазифаси ёшларда ўзликни англаш туйғусини тарбиялаш, аждодлардан қолган моддий ва маънавий мероснинг бошқалар олдида нечоғлиқ улкан аҳамият касб этишини англатиш, улар билан фахрланиш ва ғурурланиш ҳиссини кучайтиришдан иборат.

    Бундай таълим орқали авлодларнинг маънавий робитаси мустаҳкамланиб, ворисийлик ўз ифодасини топади. Бой тарихий меросни билиш ва ундан ибрат олиб яшаш ёш авлоднинг ҳар бир вакилини ҳаёт қийинчиликлари ва турмуш машаққатларига чидамли қилади. Келажакка ишончини мустаҳкамлайди, матонатини оширади ҳамда орзуумидлари рўёби сари муҳим маънавий далда бўлиб хизмат қилади. Ўзликни англаш ўтмишни билишдан бошланади. Ўзлигини чуқур англаган ёшлардагина миллий ғурур пайдо бўлади.

    Таассуфки, халқимизнинг тарихий ўтмиши, ўзлиги, маънавияти ҳақида гапирганда, бизда чуқур илмий асосга таянган таҳлил, муайян масалаларда аниқ ёндашув етишмаётганини таъкидлаш жоиз. Маълумки, юртимиз дунёдаги энг қадимги тамаддунлар қарор топган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Халқимиз ҳам қадимги Миср, Месопотамия маданияти каби қадимий маданият ўчоқларидан биридир. Бухоро, Самарқанд, Хива, Термиз, Шаҳрисабз ва Қарши, Қўқон, Марғилон каби қатор шаҳарларга хос узоқ ўтмиш ва тарихий осори атиқалар буни тасдиқлаб турибди.

    Бебаҳо ёдгорлигимиз бўлмиш “Авесто”да битилган “эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амал” ғояси ёшларимизни Ватанга садоқатли қилиб тарбиялашнинг маънавий асослари мустаҳкамлигидан далолат беради. Бу жиҳатдан сифатли таълим жараёнида “Мен шу миллат фарзанди эканман, аждодларим ким бўлган, халқимнинг ибтидоси қаерда, унинг шаклланиши ва тараққиёти, миллий давлатчилиги тадрижи қандай кечган?” деган саволларга ҳар бир ёшнинг онгидан жўяли жавоблар ҳам мустаҳкам ўрин эгаллаши зарур.

    Жаҳонга Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Баҳоуддин Нақшбанд, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур каби буюк сиймоларни берган халқнинг бугунги фарзандлари бу ҳақида чуқур билимга эга бўлиши лозимлигини бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда.

    Ҳозирги глобаллашув даврида сифатли таълим масаласи нафақат муаллимлар, профессор-ўқитувчилар, олим ва мутахассисларни, балки кенг жамоатчиликни, ҳатто ҳар бир фуқарони бефарқ қолдирмаслиги керак. Чунки халқининг фаровонлиги ва Ватани равнақидан кўнгли тоғдек юксаладиган, юртининг тақдирини ўз тақдири деб билган ҳар бир инсон боболарининг бой тарихий меросига, аждодлари хотирасига чексиз ҳурмат туйғуси билан яшайди. Тарихнинг ҳар бир лаҳзасини ва унда кечган воқеликни, эзгу ишларни ёдида сақлайди ва муқаддас санайди.

    Шу маънода, сифатли таълимдан кўзланган энг асосий мақсад — аждодларимизнинг нечоғлиқ буюк шахслар бўлганини, илм-фаннинг турли соҳаларидаги кашфиётлари орқали жаҳон тараққиётига беқиёс ҳисса қўшганини, минтақамиз дунё цивилизациясининг қадимий йирик ўчоқларидан бири эканини ёшларга англатиш, уларнинг ушбу меросга садоқатини янада кучайтиришдан иборат. Айни пайтда бу саъй-ҳаракатлар боболаримизнинг ғайрат-шижоати, юксак ақл-заковати, тадбиркорлиги ва элпарварлиги халқимизга, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодга ҳамиша ибрат намунаси бўлиб қолишини англатади.

    Энг замонавий илмлар билан қуролланмаган, билим ва тафаккур уфқи кенг кишиларсиз Янги Ўзбекистоннинг келажагини, жаҳон ҳамжамиятидаги мустаҳкам ўрнини тасаввур этиб бўлмайди. Бугунги кунда бу ортиқча изоҳ талаб этмайдиган ҳақиқат экани барчага аён. Шунинг учун ҳам баркамол авлодни тайёрлашнинг бош воситаси бўлган сифатли таълим тизимини ислоҳ этиш жараёнида миллий тарбиянинг мазмуни ва самарасини замон талаблари даражасига кўтариш муҳим аҳамият касб этмоқда.

    Бу борада ёшларнинг тараққий топган давлатлардаги ўқув марказларига бориб ўқишига, профессор-ўқитувчиларнинг хорижда малака оширишига ҳамда таълим соҳаси билан боғлиқ хорижий маблағ ва грантларни мамлакатимизга жалб этишга катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Таъкидлаш жоизки, сифатли таълим бир кунлик ҳодиса эмас, муайян вақт талаб қиладиган узлуксиз ижтимоий ва тарбиявий жараён. Яъни у тараққиётнинг бир босқичидан иккинчисига ўтаётган мамлакатимиздаги янгиланиш ва узлуксиз ўзгаришнинг таркибий қисми саналади.

    Шу маънода, сифатли таълим жамиятдан, ҳозирги даврда рўй бераётган жараёнлардан ташқарида содир бўладиган оддий ҳодиса эмас. У ўзида бугунги ҳаётимизнинг барча жабҳасида рўй бераётган янгиланишларнинг асосий хусусиятларини акс эттиради. Демак, бу Янги Ўзбекистонни барпо этаётган ва уни ҳар томонлама мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётган мамлакатимиз учун тарихий зарурат. Яъни у тасодифий намоён бўладиган ўткинчи ҳодиса эмас, балки янгиланиш даврининг зарурати, жамият маънавий ҳаёти ва таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ёшларда янгича тафаккурни шакллантиришдаги асосий йўналишлардан биридир.

    Сифатли таълим — аллома боболаримиз орзу қилган фозил одамларнинг комил фазилатларини шакллантирадиган ва такомиллаштирадиган жараён. Шу нуқтаи назардан қараганда, бу ғоят мураккаб тизимли ўзгаришлар, ушбу соҳа кишиларининг эскича психология асоратидан халос бўлиши билан боғлиқ босқич ҳамдир. Ана шу паллада тарбиявий муҳитда, таълим-тарбия тизимида ва улар билан боғлиқ ҳолда бу борадаги ёндашув ҳамда унга муносабатда ҳам янги ва туб ўзгаришлар рўй бериши табиий.

    Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”. Маърифатпарвар жадид боболаримизнинг бу сўзлари депутат ва сенаторларимиз, сиёсий партиялар, маҳаллий кенгашлар, бутун давлат аппарати, кенг жамоатчиликнинг амалий ҳаракатига айланиши керак”.

    Шундай экан, сифатли таълим жараёнида иштирок этаётган барча мулозимлар ва тарбиячилар, муаллимлар ва профессор-ўқитувчилар бугунги глобаллашув оқибатлари ва айрим ёшларимизнинг хилма-хил манбалар орқали келаётган турли ёт ғояларни холис ахборот манбаи сифатида қабул қилаётганларини ҳам назардан қочирмаслиги лозим.

    Ёт мафкураларни кўр-кўрона қабул қилишнинг қулай замини — уяли алоқа воситалари ва ижтимоий тармоқларга тобелик, маиший қулайликка ортиқча интилиш, буюмпарастлик ва боқимандалик, миллий-маънавий қадриятларнинг аҳамиятини тўла англай билмасликдир. Бугун дунёдаги глобаллашув таъсирида шаклланаётган ана шундай мураккаб вазиятнинг мавжудлиги барча ёшларимизда маънавиймафкуравий иммунитетни тарбиялаш ишларини фаоллаштириш ниҳоятда муҳим аҳамият касб этаётганидан далолат беради.

    Ушбу жабҳада бугунги кунга хос сифатли таълим жамиятда мустақил фикрловчи эркин шахснинг шаклланишига олиб келади. Ўзининг қадр-қимматини англайдиган, иродаси бақувват, иймони бутун, ҳаётда аниқ мақсадга эга бўлган, ватанпарвар авлодларни тарбиялаш имконини беради. Шу билан бирга, дунё миқёсида рўй бераётган ўзгаришлар маданий-маънавий соҳа ривожига, миллий урф-одат ва анъаналарга жиддий таъсир этаётган даврда бугунги глобаллашув шароити, инсон онги ва қалби учун кураш кескин тус олган бир пайтда сифатли таълим-тарбиянинг замонавий, таъсирчан технологияларини ишлаб чиқиш ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.

    Чунки айрим мамлакатларнинг турли воситалар орқали ўз турмуш тарзи, дунёқараши ва қадриятларини тарғиб этишга интилаётгани бошқа халқларнинг миллий урф-одат ҳамда анъаналарига путур етказаётганидан, асрлар давомида шаклланиб, тажрибада синалган тарбия усулларининг минтақамизга ёт турли андазалар билан баҳоланаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Бу ҳол ёшларнинг дунёқараши, ҳаётга муносабатининг салбий томонга ўзгаришига, миллий қадриятларимизнинг қадрсизланишига сабаб бўлиши мумкин.

    Афсуски, маданий ҳаётдаги айрим нуқсонлар, хусусан, баъзи телекўрсатувлар савиясининг талаб даражасида эмаслиги, эстрада санъатимизда бизга ёт андазаларга тақлиднинг кучайиб бораётгани, дўконларда олдиқочди нашрлар кўпайиб бораётгани ҳам ёшлар дунёқарашига ижобий таъсир этади, деб бўлмайди. Бу борадаги сифатли таълим шаклланиши бирдан юз бермайди, албатта. У ёш авлоднинг ҳар бир вакили қалбида миллий манфаатлар устуворлиги нуқтаи назарини шакллантириш ҳамда ўғилқизларнинг янги ва холис билимларга эга бўлиш жараёни билан уйғунликда амалга ошади.

    Бундай тизим орқали таълим муассасалари ёшларнинг замонавий дунёқарашини шакллантиради ҳамда уларда ёт ғоялар ва бузғунчи ҳаракатларнинг турли кўринишларига фаол муросасизликни тарбиялайди. Буни тушунмаслик ва қандайдир хомхаёллар билан енгил-елпи тарғибот-ташвиқот юритиш наинки сифатли тарбия дастурларини, балки ислоҳотлардан кўзда тутилган улкан мақсадларни ҳам обрўсизлантиради ва уларнинг амалга ошишига халал беради.

    Айрим ёшларимизнинг ақидапарастлар таъсирига берилаётгани, гиёҳвандлик ва жиноятчилик йўлига кириб қолаётгани, оилавий ҳаётга масъулиятсизлик билан ёндашаётгани, таълимтарбия жараёнида нуқсонлар мавжудлиги, ўқув муассасаси, ота-оналар, кенг жамоатчилик, ёшлар тарбиясига масъул ташкилотлар фаолиятидаги номувофиқликдан, улар ўртасида изчил ва самарали ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмаганидан дарак беради. Шунинг учун ҳам бугун сифатли таълимга ўтиш ва баркамол авлодни тарбиялаш барчанинг — жамиятнинг, шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг асосий иши, инсоний бурчидир.

    Назаримда, жамиятимиз тараққиётининг бугунги босқичида, яъни мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида янгиланиш даврига қадам қўйилган, кишилар дунёқараши, тушунча ва тасаввурида жиддий ўзгаришлар рўй бераётган, таълим-тарбия тизими соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилаётган паллада бу борадаги фаолият энг муҳим жабҳага айланди. Чунки ҳозир аҳолиси интеллектуал юксак, ёшлари билимли, ор-номусли, ватанпарвар бўлиб униб-ўсаётган давлатгина кучли бўлишини дунёдаги манзаралар яққол кўрсатиб турибди.

    Бу ўринда сифатли таълим ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш тараққиётнинг бугунги босқичигина эмас, аввало, мамлакатнинг узоқ истиқболдаги ривожи, стратегик мақсад ҳамда вазифаларнинг амалга ошишини белгилайдиган муҳим омиллардан бири экани ҳам аён бўлади. Жорий йилда ислоҳотлар самарасини таъминлаш, эришилган ютуқларни янада мустаҳкамлаш билан бирга, таълим-тарбия соҳасини ислоҳ этиш, ёшларимизни ҳам маънан, ҳам жисмонан рақобатбардош ва замонавий билимларни пухта эгаллаган авлод, юксак ақл-заковат соҳиби этиб вояга етказиш ниҳоятда долзарб аҳамият касб этганининг энг асосий сабабларидан бири ҳам шунда.

    Буларнинг барчаси ёшларни иймонэътиқодли, ақл-заковатли, иродаси мустаҳкам, билимли ва доно, ўз юрти тарихи, миллий қадриятлари ҳамда буюк аждодлари қолдирган бой маънавий меросни кўз қорачиғидай сақлашга ўргатиш, яъни сифатли таълимга эришиш оиладан, ота-оналар ўгитидан бошланиб, балоғат ёшигача бўлган йиллар ва ундан кейинги даврларда ҳам изчил амалга оширилиши лозимлигидан далолат беради.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates