Энди сил касаллигини саноқли соатлар ичида аниқлаш мумкин

    Саломатлик 24 март 2022 2169

    Роберт Кох томонидан 1882 йил 24 мартда сил касаллиги патогени аниқлангани муносабати билан шу кун Жаҳон силга қарши кураш куни этиб белгиланган. Дунё бўйича кунига 4 000 нафардан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлаётган бу хасталикнинг инсонлар соғлиғи ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ҳалокатли таъсири ҳеч кимга сир эмас.

    Жаҳон миқёсида бу касалликнинг олдини олиш, уни барвақт аниқлаш ва даволашнинг замонавий усулларини татбиқ этишга жиддий эътибор қаратиляпти.

    Юртимизда ҳам бу борада салмоқли ишлар амалга ошириляпти. Ўзбекистон ЖССТнинг Европа минтақавий бюросига аъзо мамлакат сифатида 53 давлат орасида силга қарши курашиш дастурининг бажарилиш натижалари бўйича 2-ўринни эгаллаб тургани ҳам бу масалага давлат даражасида эътибор қаратилаётганининг далилидир.

    Бугун пойтахтимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва ЖССТ мутасаддилари иштирокида Жаҳон силга қарши кураш куни муносабати билан тадбир ўтказилди.

    Наргиза Парпиева,

    Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори:

    — Авваллари юртимизда туберкулёзни аниқлаш учун 3-4 ойлаб вақт талаб этиларди. Ҳозирги кунда эса бу касалликка генно-молекуляр усули орқали бор-йўғи 70 дақиқа ичида аниқ ташхис қўйиляпти.

    Илғор операция усуллари жорий этилиши, самарали дори-дармонлар қўлланилиши натижасида беморларнинг касалликдан соғайиш муддати ҳам 2 йилдан 9 ойга қисқарди. Ҳозир олимларимиз халқаро мутахассислар билан ҳамкорликда даволаниш курсини 6 ойгача қисқартириш ва самарали муолажа усуллари устида илмий изланишлар олиб боряпти.

    Тиббиётимиздаги бундай муҳим ютуқлар туфайли юртимизда сил билан касалланиш кўрсаткичи 2,5 баробарга, ўлим кўрсаткичи 6-8 баробарга қисқарди. Ўз навбатида, даволаш самарадорлиги 91,2 фоизга етказилди. Дунёда ушбу кўрсаткич 85 фоиз эканини инобатга олсак, натижа кўлами янада яққолроқ кўзга ташланади.

    Бу борада USAID Ўзбекистонга яқиндан кўмак бериб келяпти. Хусусан, мазкур агентлик томонидан сўнгги олти ой давомида мамлакатимизга умумий қиймати қарийб 700 минг долларга тенг туберкулёзни тезкор диагностика қилишга мўлжалланган GeneXpert тизимларини беғараз тақдим этилди. Эътиборлиси, бу ускуналар саноқли соатлар ичида тиббий тест натижаларини тақдим этиш имконига эга.

    GeneXpert тизими, шунингдек, касалликнинг маълум бир турини даволаш учун буюриладиган антибактериал препаратларга чидамлиликни текширишга ҳам ёрдам бериб, шифокорларга бемор учун энг самарали дори-дармонларни танлаш, қолаверса, касалликни эрта аниқлаш ва ўз вақтида муолажа қилиш имконини беради.

    Тадбирда USAID томонидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига туберкулёз касаллигини аниқлашда қўлланиладиган 16 та GeneXpert диагностика ускунаси тақдим қилинди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates