Сирдарёда давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этилиш ҳолати ўрганилди

    Саломатлик 7 апрел 2022 3216

    2022 йил 6 апрелда Гулистон шаҳрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлигини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан «Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш ҳолатини Сирдарё вилоятида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари»га бағишланган йиғилиш ўтказилди.

    Мазкур тадбир Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, Сирдарё вилоят ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтди.

    Маълумки, Сирдарё вилоятида жорий этилган тажриба-синов тариқасида тиббиётни ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмлари натижасига кўра, босқичма-босқич республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига ҳам жорий этила бошланди. Натижада бугунги кунда аҳоли бирламчи зарур дори-дармонларни тиббиётнинг бирламчи бўғинидан оляпти.

    Тадбирда вилоятда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокор, унинг ўрта тиббиёт ходимларидан ташкил топган «тиббиёт бригадалари» фаолияти, кафолатланган пакет асосида аҳолининг барча қатламларига сифатли ва тўлиқ тиббий ёрдам кўрсатилишини молиялаштиришга қаратилган давлат тиббий суғуртаси механизмларининг жорий этилиш ҳолатини ўрганиш якунлари муҳокама этилди.

    Йиғилишда таъкидланганидек, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ва Сирдарё вилоятидаги тиббиёт муассасалари ўртасида шартномалар тузилиб, улардан кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлар стратегик хариди йўлга қўйилган ва янги молиялаштириш тизимига ўтказилган. Ўтган йилнинг иккинчи ярмида вилоятдаги тиббиёт муассасаларига қарийб 10 миллиард сўм тўлаб берилган.

    Шунингдек, кафолатланган пакет доирасида кўрсатиладиган бепул тиббий хизматлар кўламини кенгайтирилди. Хусусан, имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилиниб, электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тартиби жорий этилди. Янги тизим бўйича ходимларни ўқитиш йўлга қўйилди, аҳоли орасида тарғибот ишлари олиб бориляпти. Вилоятда патронаж кўриклари мақбуллаштирилиб, янгиланган мақсадли патронаж тизими жорий этилди.

    Янги штат меъёрларига мувофиқ, поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларида бириктирилган аҳоли орасидан ҳар икки минг нафарига 3 та штат бирлигида «тиббиёт бригада ҳамширалари» лавозими тасдиқланди. Оилавий шифокорга ёрдам берадиган 1 883 нафар ўрта тиббиёт ходимларидан иборат бўлган 421 та «тиббиёт бригадалари» ташкил этилди. Вилоят аҳолисининг 838 378 нафари ҳудуддаги тиббиёт муассасаларига бириктирилган ҳолда, уларнинг электрон базаси шакллантирилди.

    Бундан ташқари, жойларда оилавий шифокор томонидан тор соҳа мутахассислари консультацияси ва стационар даволаниш учун йўлланмалар бериш амалиёти йўлга қўйилди. Натижада, беморларни шифохоналарга йўлланма билан ётқизиш кўрсаткичи вилоят бўйича ўртача 27,3 фоизга, режали жарроҳлик бўлимларида оператив фаоллик 24,5 дан 38 фоизга ошди.

    Давлат тиббий суғурта тизимининг тўлиқ йўлга қўйилиши соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлар доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами улушини, аҳолининг ижтимоий заиф тоифалари вакилларини сифатли тиббий хизмат билан таъминланганлик даражасини ошириш, тиббий хизматлар бозорида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ҳамда аҳолининг тиббий ёрдам учун тўғридан-тўғри тўловлари даражасини камайтиришга хизмат қилади.

    Бўлиб ўтган йиғилишда муассасаларда мавжуд тиббий асбоб-ускуналардан, кундузги стационарлар фаолиятидан самарали фойдаланиш, шифохоналарда йўлланма асосида даволанишига эътиборни кучайтириш, Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш борасидаги ишларни кучайтириш, тиббиёт муассасалари фаолиятининг ўзаро интеграциясини тўлиқ йўлга қўйиш учун тизимни компьютер технологиялари билан тўлиқ таъминлаш ишларини охирига етказиш, тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш табели бўйича янги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ва зарур реактивлар билан етарли миқдорда таъминлаб бориш зарурлиги таъкидлаб ўтилди, деб хабар беради Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates