Сирдарёда уч эгизак дунёга келди

    Фориш туманининг Учма қишлоғида яшовчи Анорхол Исроилова ва унинг турмуш ўртоғи Умид Исроилов тўрт қиздан сўнг ўғил фарзанд кутишаётган эди.

    Наврўз байрами арафасида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалида 3 эгизак дунёга келди.

    Эгизакларнинг каттасини вазни 1. 930 кг, ўртанчасининг вазни 2.400 кг, кичиги, яъни ўғил чақалоқнинг вазни 2. 100 кг бўлиб, табиий туғруқ жараёнида туғдириб олинди. Айни вақтда уларнинг умумий аҳволи қониқарли.

    — Рости, қувончимни, чеги чегараси йўқ, — дейди Фориш туманининг Учма қишлоғидан Сирдарёга келган, уч эгизакни соғ-саломат бағрига босган Анорхол Исроилова. — Бу ҳам, яратганнинг бизга, улуғ айём кунлардаги инояти. Кўриб турганингиздек, шифокорлар назорати остида даво муолажаларини оляпмиз. Менга, қолаверса, фарзандларимнинг туғилишига ёрдам берган марказ филиали раҳбари, акушер-гинеколог Ҳанифа Содиқова, филиал раҳбарининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Матлуба Мирзақулова, неонатолог Раъно Азизова, доя Гулнора Собирова ва бошқа ходимларга ўз ташаккуримни айтаман.

    Қувонарли томони, Анорхол ва унинг турмуш ўртоғи тўрт қиздан сўнг, ўғил фарзанд кутишганди. Бу ният ҳам амалга ошиб, фарзандлари сони еттитага етди.