Сизлар бахти бекамликда узоқ яшайсиз

    Эҳ-ҳе, бу ғалаба қанчадан-қанча жонлар, кўзёшлар, нене йигитларнинг бевақт хазон бўлган умри, саноқсиз мардлик ва матонат, қаҳрамонликлар эвазига қўлга киритилди. Жангларда ҳаётга тўймай, кўзи очиқ кетган сафдошларимни эслаб, баттар юрак-бағрим эзилиб йиғладим.

    ПУЛ БОР, ЕГУЛИК ЙЎҚ ЙИЛЛАР ЭДИ

    1920 йили Шаҳрисабз туманидаги Қутчи қишлоғида деҳқон оиласида туғилганман. Олти ёшимда отамдан айрилдим, онам тўрт ёш бола билан чирқиллаб қолаверди. Нега бу сўзни ишлатдим? Чунки ўша йили қиш қаҳратон келди. Совуқ суяк-суякдан ўтиб кетарди. Бунинг устига, айни ғалла пишиқчилиги арафасида чигиртка деган бир офат келиб, ҳосилни еб кетди. Беш жон ейишга нонимиз йўқ, онам бизни бағрига босиб йиғлайди: осмон узоқ, ер қаттиқ.

    Ҳеч илож қолмагач, отқулоқни қайнатиб, сўнг димлаб берарди. Чайнаш ҳам шартмас, лиқ этиб ютса, бўлди. Мен биринчи синфда бор-йўғи икки соат ўқиганман. Чунки оиланинг эркаги эдим. Ўтин териб, арзимаган пулга сотиб ёки егуликка алмаштириб, уйга олиб келардим. Укам Ёдгорни опичлаб, мактабнинг деразасидан томоша қилиб-томоша қилиб яна армон билан ортимга қайтардим. Шу тариқа катта бўлдим. Ўсмирликдан ўтар-ўтмасимдан колхоз ишига шўнғидим. Бир кафт ун топсак, онам қозонда нон пишириб берарди. Бир неварам: “Бобожон, тандирларингиз йўқмиди?”, деб қолди. Ахир, ун бўлмаса, тандир қаердан бўлсин?! Бир куни йиғиб-терган пулимни олиб, Шаҳрисабз марказидаги бозорга тушдим. Уйга нимадир егулик олиб бориш учун. Айтсам, невараларимга чўпчакдай туюлади: пул бор, лекин бозорда ейдиган бирорта маҳсулот йўқ эди. На олмақоқи, на туршак бор, хуллас, ҳеч вақо йўқ. Ана шунда уйга кела-келгунимча мушоҳада қилганман: пул арзимас нарса экан. Бир қалпоқ тангаси бор одамдан бир қалпоқ дони бор одам бой-бадавлат ҳисобланган даврлар эди.

    НОМИНГ ЎЧСИН, УРУШ!

    1941 йили урушга кетдим. Бу қандай урушлигини, менимча, бутун инсоният яхши билади. Эҳ-ҳе... Бу уруш кимларни, не-не давлатларни домига тортмади, дейсиз. Ўқчи полк таркибида Волга дарёси бўйларида кўплаб шаҳарларни фашистлардан озод қилишда, Сталинград ҳимояси учун бўлган жангларда қатнашдим. 1943 йили қиш янаям қаттиқ келди. Тўсатдан отишма бошланиб, танкимиз ёна бошлади. Танк ичидагилардан ёлғиз мен тирик қолган, лекин аланга ичида эдим. Бир амаллаб танкдан чиқиб, ўзимни дуч келган окоп ичига отдим. Шу ерда иккита фашист асир олди. Қулай вазиятни топиб, иккаласиниям ер тишлатгач, ҳушимни йўқотдим. Ўзимга келсам, ҳарбий госпиталда ётган эканман, санитарлар топиб келибди. Ертўлада жойлашган госпиталнинг ўзи бомбардимонда вайрон бўлиб кетган эди. Иккала оёғим ҳам операция қилинди, жароҳат тузалар-тузалмас яна жангга отландим.

    ИЗТИРОБЛАР ИНТИҲО ТОПГАН КУН

    Ғалаба ҳақидаги хушхабар эълон қилинганида навбатчиликда турган эдим. Бирдан аскарлар қийқириб-қичқириб, бош кийимми у, оёқ кийимми, ечиб осмонга ота бошлади. Биров-бировни қучоқлаб йиғлаган, бошқаси кулган, яна кимдир рақсга тушган... Ҳамма учун азоб ва изтироблар ниҳоясига етган эди. Қувончдан кўзимдан дувдув ёш тўкиларди. Ҳеч нарсани идрок қилолмай қотиб қолдим, наҳотки, фашизм деган ёвуз куч устидан ғалаба қозондик, енгдик. Эҳ-ҳе, бу ғалаба қанчадан-қанча жонлар, кўзёшлар, нене йигитларнинг бевақт хазон бўлган умри, саноқсиз мардлик ва матонат, қаҳрамонликлар эвазига қўлга киритилди. Жангларда ҳаётга тўймай, кўзи очиқ кетган сафдошларимни эслаб, баттар юрак-бағрим эзилиб йиғладим. Уруш тугагач, бир йилдан сўнг, яъни 1946 йилнинг февралида уйга қайтдим. Чунки 1943 йилги операциядан асорат қолгани туфайли қарийб яна бир йил госпиталда даволанишимга тўғри келди.

    МЕН БОШҚАЧА ОДАМГА АЙЛАНДИМ

    Ўйлаб кўрсам, ночор болалигим, қонли уруш майдонларида кечган гулдай ёшлигимда... мен яшамаган эканман. Шунчаки мавжуд бўлганман ва ҳаёт қаёққа итқитса, ўша ёққа юмалаб кетаверганман. Буларнинг барини эслаш мен учун азоб. Айниқса, уруш — даҳшат, қийинчилик ва ваҳшийликдан бошқа нарса эмас. Мен бу талатўплардан, қирғинбаротдан қандай омон чиқдим?! Ҳамон ишонолмайман. Ўзўзимга аввалги Саъдулла йўқ, у бунча қатағон ичида омон қолиши мумкин эмас, дер эдим. Ишонасизми, уруш тугагач, мутлақо бошқача одамга айландим, мен янгидан туғилдим. Ҳа, 1945 йилда қайта туғилдим. Аслида бу йил бир юз бир ёшга кирдим. Аммо ўзимни 76 ёшдаман, деб ҳисоблайман...

    МЕҲНАТ ҲАМ ҚОРИН ТЎЙДИРАДИ, ҲАМ УМРНИ УЗАЙТИРАДИ

    Урушдаги хизматларим учун турли орден ва медаллар билан мукофотланган бўлсам-да, ногирон бўлиб қайтдим. Госпиталда узоқ ётдим, вақтдан фойдаланиб, “Алифбо”ни ўргандим. Ҳарфларни ҳарфларга тўқиштириб, ўқиш-ёзишни ўргандим. Уйга қайтгач, колхозда бригадир бўлиб ишлай бошладим. Суягим меҳнатда қотган, тиним билмай ишладим. Доим режадагидан ортиғи билан ҳосил олардим. Меҳнатим муносиб тақдирланди, менга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор” унвони берилди. Далани яхши кўраман. Меҳнатларим эвазига муносиб рағбат олдим. “Ҳурмат белгиси”, “Шуҳрат”, “Жасорат” медаллари ва бир қанча фахрий ёрлиқлар билан мукофотландим. Онам “Сенга алла айтаётганимда, “Бир қўлида ўз ризқи, бир қўлида эл ризқи бўлсин”, деганман, болам”, дерди. Айтганидай бўлди. 24 йил пахтачилик бригадасига, 3 йил чорвачилик фермасига раҳбар бўлдим, 11 йил бошқарувда ишладим. Фақат ўзлигимни ҳеч қачон унутмадим. Чунки ёшлигимда ҳаёт таълим бериб қўйган эди: меҳнат фақат одамнинг қорнини тўйдирмайди, балки умрини ҳам узайтиради, мазмун беради.

    ОЁҒИНИ ЮВИБ, ТОМОРҚАГА КИРГАН БОБОМ ҲАҚИДА

    Мен ҳозирги давр ёшларига жуда-жуда ҳавас қиламан. Президентимизнинг сўзларини отам гапираётгандай юрагимга яқин олиб эшитаман. Айниқса, коронавирус офатининг олдини олишда озмунча фидойилик, элга меҳрибонлик қилинмади! Болаларимга, невараларимга таҳлил қилиб бераман. Ўзимнинг болалигим билан уларнинг болалигини таққослаб гапираман. Давлатимиз раҳбари элимнинг дастурхонини тўкин қилай, деб ҳаракат қиляпти. Қанийди, 20-25 ёшли Саъдуллага айланиб қолсам-да, жон-жаҳдим билан меҳнат қилсам. 107 ёшга кириб вафот этган бобом бўларди. Ҳар гал томорқага кираётганида таҳорат қилиб, оёғидаги калишни ечиб, кейин қадам босарди. “Бобо, ерга оёқ кийим билан кираверсангиз бўлмайдими?”, десам, “Болам, ер — азиз, муқаддас. Чунки у ризқимизни беради. Поймол қилмайин”, дерди. У киши бизга кафтдай бўладими, пиёладай бўладими, томорқамизни парваришлашни ўргатган. Балки ерга меҳрим, ернинг тилини топа билишим бобомдан ўтган бўлса керак, деб ўйлайман. Томорқа — ўзини билган одам учун кони фойда. Ёшлар меҳнат қилмасдан, сал нарсага бозорга югуришга ўрганиб қолди. Бир боғ кўкпиёз учун ҳам бозорма-бозор юришади. Ҳей инсон, томорқангга бир сиқим уруғ сепсанг, бир майдон пиёз оласан. Битта зардоли қаламчасини қадасанг, болаларинг баҳорда довучча, ёзда зардоли, қиши билан ўрик еб чиқади.

    ЁШЛАРГА ТИЛАКЛАРИМ

    Ёшлар, ўқувчилар, журналистлар мендан тез-тез хабар олиб туради. Ўтган умрим ҳақида қанча сўзла, дейишса, шунча гапиравераман. Чунки унда хулоса чиқариш, бугунги дориламон кун учун шукр қилиш керак бўлган, мана шундай давр, давлат ва Президентни қадрлашга ундайдиган мисоллар тўлиб-тошиб ётибди. Менинг азоб-уқубатга тўла ёшлигим сиз учун қанчалик чўпчакдек туюлса, мен учун сизнинг поёни йўқ, ҳадсиз имкониятларингиз шунчалик орзу. Буни тасаввур ҳам қилолмайсиз. Болалигимда укамни опичлаб, мактаб деразасидан синфхонамизга мўлтираб турганимни ҳеч унутолмайман. Ўшанда нега ҳаммасига қўл силтаб ўқийвермадим-а, деб армон қиламан. Лекин иложим ҳам йўқ эди. Бугун 101 ёшга кирган бобонгиз сифатида айтаман: шунча машаққату қийинчилик кўриб ҳам шунча улуғ ёшга етдим. Шунча имкониятлар, фаровонлик, тинчлик-хотиржамлик ва бахти бекамлик билан сиз, албатта, 200 йил яшайсиз.

    Саъдулла бобо ЖАББОРОВ,

    Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates