Соғломлаштириш акцияси: “Дард билан келиб, қувонч билан қайтяпмиз...”

    Саломатлик 18 июн 2022 1699

    Хоразм ва Тошкент ўртасида 1000 километрдан зиёд масофа бор. Оғир аҳволдаги беморларнинг шунча чақирим йўл босиб, дардига даво излаб пойтахтга бориши эса осон эмас.

    Йўл машаққатлари, транспорт ва зарур эҳтиёжлар учун сарфланадиган сарф-харажатлардан ташқари, баъзи тиббий текширувлар, юқори технологик операциялар, дори-дармон, шифохона ўрин-жойи учун талаб этиладиган тўловлар эҳтиёжманд оилалар вакиллари учун оғирлик қилиши табиий.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги шуларни ҳисобга олиб, пойтахтдаги энг малакали шифокорларни соғломлаштириш акцияси доирасида Хоразм вилоятига жалб қилди.

    Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Бухоро ва Тошкент вилоятларидан сўнг энди бу ерда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар, шифокорлар маслаҳати ва ҳатто бир гуруҳ беморларда юқори технологик операциялар бепул, яъни давлат ҳисобидан амалга оширилмоқда.

    Кам инвазив усулда, ортиқча жароҳатларсиз, инновацион ёндашувлар асосида бажарилаётган бундай амалиётлар натижасида кўплаб беморлар бир неча соат, ҳатто саноқли дақиқалар ичида узоқ йиллик оғир хасталиклардан халос бўлмоқда.

    Акция доирасида Хоразм вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида юқори технологик операцияларни бошдан ўтказган, шу билан бирга, мураккаб жарроҳлик муолажасига ҳозирланаётган бир гуруҳ беморлар билан суҳбатлашиб, уларнинг дил сўзларини ёзиб олдик.

    “Энди бошқа оталар каби болаларимни бемалол опичлаб юра оламан...”

    Исобек Ҳайитбоев — Гурлан туманидан. Ўттиз олти ёшда. Кейинги йилларда бўғимларида оғриқлар кучайиб, бир оёғи иккинчисидан 4 сантиметр қисқариб, юришга қийналиб қолгач, шифокорларга мурожаат қилган.

    Мутахассислар унга чап томонлама диспластик коксартроз хасталиги ташхисини қўйди. Чаноқ-сон бўғимида эндопротезлаш операциясини ўтказиш тавсия этилди.

    Бу мураккаб амалиёт ҳисобланар экан,дейди бемор. — Қолаверса, унинг сарф-харажатлари жуда қимматга тушаркан. Бунинг устига, пойтахтга бориб операция қилдиришим кераклигини айтишди. Очиғи, шунча маблағни қаердан топишимни билмай, тузалишдан умидимни узган эдим.

    Шундай кунларда Тошкентдан келган малакали шифокорлар маҳаллаларда ўрганишлар ўтказиб, мени ҳам давлат ҳисобидан операция қилинадиган беморлар рўйхатига қўшибди. Аввалига ишонгим келмади.

    Лекин ҳаммаси жуда тез содир бўлди. Кечанинг ўзидаёқ вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари бошчилигида чап оёғимга эндопротез ўрнатишди. Мана, ҳозир аҳволим яхши. Дўхтирларнинг айтишича, бир неча кун ўтиб бемалол юра оламан.

    Шу дамларда тезроқ уйга қайтиш ҳақида ўйлаяпман. Энди жажжи фарзандларим соғиниб қучоғимга талпинганида, етти мучаси соғ бошқа оталар каби уларни бемалол опичлаб юра олишимни тасаввур қилсам, юрагим ҳаприқиб кетяпти. Уйга бемор эмас, бахтиёр инсон бўлиб қайтиш насиб этаётганидан бошим осмонда...

    “Қизим учун буйрагимни эмас, жонимни беришга ҳам тайёрман”

    Жигарбанди кўз ўнгида хасталикдан сўлиб бораётганини кўриш ота-она учун жуда оғир. Аммо дарднинг давоси бўлса-ю, муолажа учун моддий имконият топилмаса, бундан яқинларнинг дили янада хуфтон бўлиши тайин.

    Эллик олти ёшли Ҳусанбой Кусиеновнинг ҳали ўттизга ҳам кирмаган дилбанди, яккаю ёлғиз қизи Гўзал — оғир хаста. Тўрт йил аввал буйрагида оғриқлар пайдо бўлиб, анча ўзини олдириб қўйган. Тиббий текширувлар натижаси маълум: тезроқ буйрак трансплантациясини ўтказиш зарур!

    Ота эса қизига нафақат бир буйраги, балки жонини ҳам беришга тайёр. Аммо масала шу билангина ечим топса, қанийди?! Операция сарф-харажатлари жуда қимматлиги боис Ҳусанбой ака тиним билмай ишлаб пул йиғишга киришиб кетди.

    Шу кунларда вилоятимизда ўтказилаётган соғломлаштириш акцияси жонимизга оро кирди, — дейди у.Мушкулимиз осон бўлди. Акция доирасида академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари қизимни ва мени тиббий текширувлардан ўтказиб, дарҳол операция қилишга қарор қилишди.

    Амалиёт давлат ҳисобидан ўтказилар экан. Эртага — операция. Қўли енгил шифокорларимизнинг билим ва маҳоратидан кўнглим тўқ. Қизим соғайиши учун кўп заҳмат чекдик. Давлат дардимизни эшитди, бизга ёрдам қўлини чўзди. Шундай синовли кунларда ёлғизлатиб қўймагани учун шифокорларимиздан ҳам жуда миннатдормиз...

    "Тиббиёт халққа яқинлашаётгани шу, болам..."

    Эндигина 12 ёшни қарши олган Беҳзоджон Исмоилов гўдаклигида рахит касаллиги билан оғриган. Шундан сўнг унда мазкур хасталик асорати ўлароқ кўкрак қафаси гирдобсимон деформацияси шаклланган. Шифокрлар уни жарроҳлик амалиётига олиб кириш учун тайёргарлик кўрар экан, болакайнинг бувисини суҳбатга тортдик.

    Набирамда бу хасталик ривожланаётганини билмаган эдик, — дейди онахон. — Сўнгги пайтларда тез-тез толиқадиган, нафаси қисадиган бўлиб қолганди. Аммо бу аломатларга жиддий эътибор қаратмаган эканмиз. Яқинда шифокорлар “хонадонбай” ўрганишлар чоғида уйимизга борганида, унда жиддий касаллик борлиги, тезкор муолажалар зарурлигидан хабар топдик.

    Дўхтирлар Хоразмда соғломлаштириш акцияси ўтказилаётгани, набирамни текинга даволашларини айтишгач, шу ерга келдик.

    Мана, операцияга олиб киришяпти болагинамни. Уни Тошкентдан келган профессорлар даволашини эшитиб, янаям хотиржам бўлдим. Биз соғлигимизга етарли эътибор қилиб, шифокорлар ҳузурига ўз вақтида бора олмасак ҳам, уларнинг ўзлари беморлар олдига келиб, дардимизга малҳам бўляпти. Тиббиёт халққа яқинлашаётгани шу-да, болам...

    Cоғиқни сақлаш вазирлиги

    Матбуот хизмати.