Имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилаётган ушбу тадбир доирасида дастлаб Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи мураккаб жарроҳлик амалиётларига муҳтож, бироқ даволанишга имкони йўқ бир гуруҳ беморларда юқори технологик операциялар ўтказилиши режалаштирилган.
Шу мақсадда вазирлик томонидан вилоятнинг 22 туман ва шаҳрида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож 500 нафарга яқин фуқаронинг рўйхати шакллантирилди. Айни пайтда улар касаллик турига қараб пойтахтимиздаги етакчи шифохоналар ҳамда ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилмоқда.
Режага мувофиқ, ушбу беморларда юрак нуқсонларини эндоваскуляр усулда даволаш, стентлаш, аорта коронар шунтлаш, тос-сон бўғимларини эндопротезлаш, лазер орқали кўз тўр пардасини мустаҳкамлаш каби бир қатор мураккаб операциялар ўтказилади.
Жарроҳлик амалиётлари республикамизнинг энг малакали шифокорлари томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган.
Алмагул Атабаева — Чирчиқ шаҳридан. 3 нафар фарзанднинг онаси. Унинг кенжа қизи Ҳилола Юсупова оғир хасталик — туғма юрак нуқсони билан дунёга келган. Ҳозир мактабнинг 6-синфида таҳсил олаётган ушбу бемор болаликдан кўкрак қафасида оғриқ, нафас қисиши, юрак уришининг тез-тез ўзгаришидан жиддий азият чекади. Ҳилола даволаниш учун мураккаб жарроҳлик амалиётига муҳтож. Аммо керакли муолажаларни олиш учун оиланинг моддий имконияти чекланган.
Акция доирасида бемор шифокорлар томонидан яна бир бор тиббий кўрикдан ўтказилиб, пойтахтимиздаги етакчи клиникалардан бирида давлат ҳисобидан бепул операция қилинадиган бўлди. Айни пайтда жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун сўнгги тайёргарлик жараёнлари олиб борилмоқда.
— Болаликдан кўриш қобилиятим жуда паст, — дейди Г.Атамуратова. — Қолаверса, бош мия ички босимининг ошиши туфайли шифокорлар назорати остида доимий муолажа олиб келаман. Тўғриси, соғлом қорачиқлар қанчалик бебаҳо неъмат эканлигини мен каби беморлар яхшироқ тушунади.
Ўтказилаётган ушбу акция эса менга қайта умид бағишлади. Шифокорларнинг айтишича, яқин кунларда кўзларим яна яхши кўра бошлайди. Ўша кунларни интиқлик билан кутяпман.
Соғломлаштириш акцияси давом этмоқда.