Соҳибқирон салтанатида ҳарбий вазир лавозими бўлганми?

    9 апрель — Амир Темур таваллуд топган кун

    Соҳибқирон Амир Темурнинг марказлашган, қудратли ва қонун устувор бўлган адолатли давлатни жаҳон саҳнасига олиб чиқиши Иккинчи Ренессанс даври бошланишига тўғри келди. Ушбу тарихий даврни ўрганиш давомида Амир Темур иқтисодий, ижтимоий, сиёсий соҳалар билан бир қаторда ҳарбий соҳага алоҳида эътибор қаратганини кўриш мумкин. Унинг ҳарбий вазир лавозимини жорий этиши фикримизни далиллайди.

    Вазир ҳарбийларнинг маоши, алоҳида хизматлари учун уларга туҳфа қилинган ер бошқаруви, ҳарбий кадрларни тайёрлаш, қурол-аслаҳа таъминоти, ҳарбий кўрикларни ташкиллаштириш, ҳарбий разведка маълумотларини ўрганиш ва жамлаш, жангларда ярадор бўлган ва хизматга яроқсизларга нафақа тайинлаш, истеъфога чиққан ҳарбийлар тўғрисида қайғуриш каби масалалар билан шуғулланган.

    Шунингдек, яна муҳим лавозимлардан бири тавочидир. Олий фармонга кўра, у жойларга бориб шижоатли, мард, жасур, юксак қобилиятга эга, ватанига садоқатли, разведка маълумотларини йиғиш ва қайта ишлашга қобилиятли ёшлардан лашкар тўплаш билан шуғулланган. Бу вазифа ғоятда муҳим аҳамият касб этгани учун Шарафиддин Али Яздий муболаға билан уни “олий ҳукмдордан кейинги юқори даражадаги давлат мансаби”, деб баҳолайди.

    Соҳибқирон ҳаёти ва фаолиятидаги сирли воқеалар махфий хизмат – разведка билан боғлиқликни кўрсатади. Ҳарбий разведка тузилиши, стратегияси ва тактикаси ҳақида аниқ маълумотлар бўлмаса-да, Темурнинг замондоши бўлган араб тарихчиси Ибн Арабшоҳ томонидан тарих манбаларида қисқа бўлса ҳам маълумотлар ёритилган. Амир Темурни ёқтирмаган Ибн Арабшоҳ ўзи билмаган ва истамаган тарзда ҳали ҳеч ким битмаган ва қўл урмаган мавзуни ёритиб, келгуси авлод учун қимматли маълумотларни қолдирди. Хусусан, жосуслар (разведкачилар) ён-атрофда бўлаётган ҳодисалар ҳақидаги хабарларни, ҳар бир жойнинг бошлиқлари, амирлари, улуғлари, фозиллари, бойлари ва фақирлари, уларнинг исм ва лақаблари, шуҳрати ва насабини ҳамда касб-ҳунарлари тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида Темурга етказиб турган. Шу билан бирга, разведкачилар орасида турли ёшдагилар бўлиб, ҳар бирига ўз даражасида муҳим вазифа ва топшириқлар юклатилган. Ибн Арабшоҳ Амир Темур разведкачиларининг ўта зийрак ва сезгирлигига қойил қолиб, улар камдан-кам хато қилишини айтиб ўтади. Белгиланган муҳим топшириқ ва вазифаларни бажариш жараёнида бир вақтнинг ўзида бир разведкачи қаторида бошқаси ҳам иш олиб борган. Натижада топшириқларни бажариш жараёнида узвийлик таъминланган. Шу орқали Темур ишончли, аниқ ва тезкор маълумотларга ўз вақтида эга бўлган. Разведка маълумотларидан оқилона, тактик ва стратегик жиҳатдан фойдаланган саркарда ва давлат арбоби теран нигоҳи, юксак мантиқий фикрлаши, таҳликали вазиятлардан огоҳ бўлиши ва уларни англаши, ўз вақтида тезкор қарор қабул қилиши билан бошқа саркардаларни доимо ҳайратга солиб келган.

    Амир Темурнинг ҳарбий разведка хизмати вакиллари чаканафуруш, йирик савдогар, полвон, дорбоз, ҳунарманд, мунажжим, қаландар, дарвеш, денгизчи, сайёҳ, мешкоб, этикдўз, толиб ниқоби остида турли мамлакатларда бўлган, у ерлардаги шаҳарлар, қишлоқлар, йўллар, тоғу даралар, сувлар ва ҳар бир жойнинг аҳолиси, бошлиқлари, улуғлари, амирлари, фозиллари, шарифлари, бою камбағаллари тўғрисида ўрганилган батафсил маълумотларни йиғиб, ҳатто чизилган суратлари билан Самарқандга юбориб туришган. Темур бу билан чекланмай, ҳарбий-сиёсий муносабатларга киришаётган мамлакатлар тарихи, урф-одатларига оид асосларни ҳам синчковлик билан ўрганган.

    Бошқа тарихчилардан фарлиқ ўлароқ, Ибн Арабшоҳ ўз иқрори билан Амир Темурнинг ҳарбий разведкаси борасида яна бир қизиқарли фикр билдирган. Хусусан, у Темур аскарлари орасида бутпарастлар, мажусийлар (оловга сиғинувчилар), коҳинлару сеҳргарлар, золимлару мункирлар (гуноҳ қилувчи) бўлганини, улардан ҳарбий разведка фаолиятида ҳам кенг фойдалангани, ҳатто Соҳибқирон ҳарбий разведка мутахассисларини тайёрлаш бўйича 3-6 ойлик махсус курс (мактаб)лар ташкил этилганини айтади.

    Разведка билан шуғулланишда савдогарлар алоҳида аҳамият касб этган. Уларнинг савдо алоқалари орқали қўшни мамлакатлардаги сиёсий вазият тўғрисида аниқ ва ўта муҳим, қимматли маълумотлардан хабар бериб туриши катта ғалаба ва зафарларни қўлга киритишга замин яратган.

    Темур махфий маълумотлар олиб келган кишиларга “Майли, ҳар кимса хатонинг энг қуйисигача йиқилса ҳам ёки савобнинг чўққисига кўтарилса ҳам фарқи йўқ, ҳеч бири тортинмасдан гапираверсин. Чунки агар хато қилса, бу нуқсон эмас, агар мақсади мувофиқ бўлса, унга икки ҳисса мукофот”, деб уларни тақдирлаб келган. Шу сабабли, одамларнинг Амир Темурга ишончи кундан кунга ошиб бораверган.

    Соҳибқирон томонидан разведка маълумотларини зудлик билан етказиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилгани тарихий манбаларда келтирилади. “Амир қилдимки, – деб ёзади Амир Темур, – мингта тезюрар туя минган, мингта от минган елиб-югурувчи кишини чопқунчи, минг нафар тезюрар пиёдани (чопар) тайинлансинки, турли мамлакатлар, сарҳадларнинг хабарларини, қўшни ҳукмдорларнинг мақсад ва ниятларини билиб, ҳузуримга келиб хабар қилсинлар, токи бирор воқеа, кор-ҳол юз бермасдан бурун чора ва иложини қилайлик”.

    Тарихдан маълумки, Амир Темурнинг келини Севинчбека эри Мироншоҳнинг Султонияда қилаётган бебошлиги ҳақида шахсан ўзи қайнотасига хабар етказган ва салтанат бошига келаётган хавф бартараф қилинган.

    Темур машварат ўтказаётган вақтларида синалган хабаргир (хабарчи), даракчи, айғоқчи, жосус, хуфия деб аталган одамларининг ахборотларини диққат билан эшитар, зарурат туғилганда разведка билан шуғулланувчи мулозимларга кийим ичидан совут кийишни буюрарди. Бундан ҳарбий разведка олиб бориш ўз жонини фидо қилиш билан баробар эканига ишорани кўриш мумкин. Темур томонидан ҳамма фикрлар ўрганилиб, бир тўхтамга келинган.

    “Темур тузуклари”да Соҳибқирон бундай ёзади: “Қарши қалъасида бекларнинг хотирини жам қилиш учун бу ердан кўчиб, Хуросон томонга қараб йўлга тушдим. Амударёдан кечиб ўтганимда Хуросон томондан Қаршига келаётган карвонга дуч келдим. Карвонбоши менга совғалар тақдим этди. Мен ундан Хуросон амирларининг ҳол-аҳволини сўрадим. Хуросон вилоятига кетаётганимни изҳор этдим, кетишларига рухсат бердим. Фақат карвонга айғоқчи қўшиб юбордим ва у хабар келтиргунча дарё соҳилига жойлашиб кутдим. Айғоқчи олиб келган хабарга кўра, амир Мусога шундай дедилар: Темурни Амударёнинг нариги ёқасида кўрдик. Хуросон тарафига кетаётган экан. Бу хабар амир Мусо ва амир Ҳусайннинг лашкарига етгач, ҳаммаси хурсанд бўлиб, ўйин-кулгу, айш-ишратга берилиб кетган”. Шу ўринда Темурнинг разведкачилардан рақибни чалғитишда ҳам фойдаланганини англаш мумкин.

    “Темур тузуклари”да олтинчи тоифа одамлар ҳақида гапирилиб, “Ишончли, тўғри эътиқодли оқилхирадманд кишиларким, давлат сирларини уларга очиб, салтанат ишлари бўйича улардин маслаҳат олишимга лойиқ эдилар. Бу тоифа кишилар билан сирдошлик қилиб, ўз махфий ишларим ва пинҳоний сир-асрорларимни ўшаларга топширдим”, дейилади. Бундан кўриниб турибдики, Амир Темур ўз давлатида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда махфий хизмат ходимлари билан доим маслаҳатлашиб иш олиб борган.

    Соҳибқирон ҳарбий юришни бошлашдан олдин душманнинг қуролли кучлари, мудофаа иншоотлари, у ердаги ички вазият ҳақида аниқ ва тўла маълумотга эга бўлиш мақсадида махфий хизматчиларини юбориб турган. Душман тўғрисида зарур маълумотларга эга бўлгандан кейингина юришга тараддуд кўрилган. Ҳарбий юриш ёки жанг пайтида бошбошдоқлик, парокандаликнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир бўлинма, гуруҳ, қисмнинг ўз махфий пароллари бўлган. Шу орқали бўлинма, гуруҳ, қисмлар ичида махфийлик таъминланган.

    Амир Темур армияси тактик жиҳатдан ўзига хос хусусиятларга эга бўлган. Разведка аъло даражада йўлга қўйилган, қисмларнинг жанггоҳда ёки жанговар сафда талаб даражасида ҳаракат қилиши учун зарур тадбир ва чоралар ишлаб чиқилган, уларни жанг пайтида тезкорлик билан бошқаришга алоҳида диққат қаратилган. Ўнлик, юзлик, минглик ва туман қўмондонларини танлаш масаласига олий бош қўмондон масъул ҳисобланган, жанг вақтида қўшин қанотларини душман ҳужумидан муҳофаза қилиш ва, ўз навбатида, ғаним кучларини ён томондан айланиб ўтиб, унга ортдан зарба бериш мақсадида тузилган отлиқлар бўлган. Ибн Арабшоҳнинг гувоҳлик беришича, Соҳибқирон қўшинида аёллардан иборат бўлинмалар бўлиб, улар эркаклар билан бир сафда турган, қаҳрамонлик ва матонат намуналарини кўрсатган.

    Шу сабабли, Соҳибқирон Шарқда биринчилардан бўлиб армияга ўт сочар қурол (тўпраъд)ни олиб кирган. Темурийлар даврида бу қуролнинг бошқа турлари (зарбзан, фаранги, қозон ва ҳоказо) кенг ёйилди. Тоғли ҳудудларда жанг олиб борувчи махсус ҳарбий қисм ва бўлинмалар ташкил этилган. Бундай ҳарбий қисм Александр, Ганнибал, Чингизхон, Людовик XIV, Буюк Фридрих каби атоқли саркардалар қўшинида ҳам бўлмаган. Биргина Шайбонийхон армиясида бундай қисм мавжуд эди ва у тўлюма деб номланган.

    Амир Темур жаҳон тарихида биринчи бўлиб қўшинни жанг майдонида анъанавий беш бўлакдан фарқли равишда еттитага бўлиб жойлаштириш тартибини жорий этган. Бу янгилик кейинчалик Тўхтамиш, Шайбонийхон сингари саркардалар томонидан ўзлаштирилган. Темурийларга кўплаб зафарлар келтирган бу ҳарбий тактикалардан Шайбонийлар, Аштархонийлар ва Ўрта Осиё хонликлари (Бухоро, Хива, Қўқон) ўзларига мослаштириб фойдаланган.

    Халқимиз “маълумотга эга киши дунёни эгаллайди”, деб бежиз айтмаган. Амир Темур ҳам разведка орқали жуда кўп маълумотларга эга бўлган. Шу сабабли, у етти иқлим ҳукмдори бўлди. Жаҳонда мисли кўрилмаган салтанатни барпо этди ва унинг шуҳрати дунёга таралди.

    Шуларни инобатга олган ҳолда, ҳозирги кунда Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий билим юрти профессор-ўқитувчилари ҳамда мустақил изланувчилар, шунингдек, Ҳарбий мерос ва замонавий тадқиқотлар институти мутахассислари томонидан буюк аждодларимиз Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Aмир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа саркардаларнинг бой мероси, бошқарув ва саркардалик маҳорати, стратегия ва жанг тактикаси бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Уларнинг бу борадаги тажрибасидан ҳарбий хизматчилар ҳамда курсант ва тингловчиларнинг билим ва кўникмаларини оширишда фойдаланиб келинмоқда.

    Алимардон ЎТАПЎЛАТОВ,

    Қуролли Кучлар академияси миллий ифтихор ва

    ҳарбий ватанпарварлик кафедраси катта ўқитувчиси,

    подполковник