“Дор ул–кутуб”нинг маърифий анаъана ва мезонлари ёхуд китобни эъзозлаган буюк саркарда

    Китоб – илм ва эзгу амаллар манбаи, дейди улуғ алломаларимиз. Айниқса, ёш авлодни маънавий соғлом ва баркамол этиб тарбиялашда, тафаккур хазинасини бойитишда китоб мутолаасининг ўрни беқиёсдир.

    Тарихда ўтган буюк алломаларимиз қаторида, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳам ўз даврида китобни жуда қадрлаган. Соҳибқироннинг китобга бўлган меҳр ва муносабатини, унинг ёзиб қолдирган қуйидаги сўзларидан ҳам англаб олиш мумкин: “Китоб барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир” ёки “ Ёзилган китоб авлодлар хотираси учун қилинган барча нарсалардан кўпроқ ва узоқ яшайди”.

    Тарихий манбалар гувоҳлик беришича, мозийда ўтган кўплаб ҳукмдорлар забт этилган юртнинг маънавий бойлиги бўлган китоб ва қўлёзмаларни ёқиб юбориб, фақат моддий бойликларини тўплаб, ўз юртларига олиб кетган. Амир Темур бобомиз эса аксинча, қайси юртда бўлмасин, китоб ва қўлёзмаларни тўплаб, асраб-авайлаган ҳолда Самарқандга жўнатган. Бундан мақсад, Самарқандни дунёнинг энг йирик маданий марказига айлантириш бўлган. Чунки у фан ва маданият арбоблари, ҳунармандлар бир жойга жамланса, китоб ва қўлёзмаларга бой кутубхоналар қанча кўп бўлса, мамлакатда илм-фан ва маданият шунча тез ривожланади, деб ҳисоблаган. Бу хақда тарихчи ибн Арабшоҳ шундай ёзиб қолдирган: “Темур қайси давлатни забт этса, ҳар бир фойдали жонни йиғиб, нимаики сара бўлса, Самарқандга келтирди. Албатта, тарихчи “фойдали жон” деганда, аввало, илм ва ижод аҳлини, “сара нарсалар” деганда ноёб китоб ва қўлёзмаларни назарда тутган.

    Тарихий маълумотлар гувоҳлик беришича, Амир Темур ўз аскарларига фатҳ этилган мамлакатнинг олиму фузалолари, диний уламолар ва диний масканларга, (қайси дин бўлишидан қатьий назар-К.С.) юксак истеъдод ва ҳунар эгаларига заррача зиён-заҳмат етказмаслик тўғрисида буйруқ берган. Шу билан бир қаторда, ўша халқнинг бебаҳо бойликлари ҳисобланган нодир китоб ва ноёб қўлёзмаларига зарар етказмасликни шарт қилиб қўйган. Айтиб ўтиш жоизки, Амир Темур салтанатида ўз даврининг энг катта ва бой кутубхоналари – “Дор ул-кутуб” (Китоблар уйлари) мавжуд бўлиб, ушбу кутубхоналар нодир китоблар ва ноёб қўлёзмалар билан тўлдирилган. Уларни сақлашга, асраб-авайлашга катта эътибор берилган. Ушбу билим хазиналарини муттасил янги қўлёзмалар билан бойитиб бориш тўғрисида алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиб, бу мақсад учун ғазнадан керакли маблағ ажратиб турилган.

    Маълумотларга кўра, Амир Темурнинг Самарқанддаги сарой кутубхонасида юнон, лотин, форс, сурия, арман ва бошқа тиллардаги энг ноёб қўлёзмалар сақланган. Жаҳон маданияти тараққиётига улкан ҳисса қўшган кўплаб олиму фузалолар бу кутубхонадаги китоблардан баҳраманд бўлган. Улардан бири Улуғбек ва Аловуддин Али Ибн Муҳаммад (Али Қушчи) нинг устози, Самарқандга Бурсадан келган аллома Қозизода Румий бўлган. Эътиборли томони шундаки, миллати, диний эътиқоди ва қайси юртдан бўлишидан қатьий назар, илмга муштоқ ҳар бир инсон Соҳибқирон кутубхонасида сақланаётган китоб ва қўлёзмалардан фойдаланиш имкониятига эга бўлган. Бу эса ўз ўрнида, Амир Темур бобомизнинг нақадар бағрикенглиги ва сахий қалб эгаси эканлигидан далолат беради. Шунинг учун ҳам, қарийиб етти аср бўлибдики, дунё аҳли Соҳибқирон Амир Темур фаолияти ва у қолдирган бой маънавий меросга мурожаат қилиб, ўзини қизиқтирган савол ва муаммоларга жавоб топишга интилади. “Темур тузуклари”ни ўқиб ўрганишга бўлган қизиқиш ҳалигача сўнмагани, аксинча янада кучайгани ушбу фикрларимизни тўла тасдиқлайди. Демак, барчамиз, айниқса, ёшлар китоб ва маънавият аҳлига қилиниши лозим бўлган муносабатни улуғ аждодлардан ўрганиши, улар қолдирган маънавий меросни асраб-авайлаши ҳамда янада бойитиши мақсадга мувофиқдир.

    Бугунги кунда Ўзбекистонда китобхонлик ва китоб мутолааси давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Қатор қарор ва фармонлар эълон қилиниб, ижрога йўналтирилди. Шу боис давлатимиз раҳбари томонидан ҳаётга тадбиқ этилаётган барча қарор ва фармонлар, тавсия ва кўрсатмалар ёшларни китоб мутолаасига жалб этишда янги даврни бошлаб берди, десак асло муболаға бўлмайди.

    Дарҳақиқат, кейинги йилларда юртимизда китобхонликни кучайтириш юзасидан “Адабиётга эътибор – маънавиятга эътибор” шиори остида “Мен севиб ўқиган китоб” ва “Энг яхши китобхон” республика танловлари, “Китоб байрами” ва “Болалар китоблари” анъанавий республика фестиваллари ўтказиб келинмоқда. Айтиш жоиз, бугун юртимиз барқарор ривожланиб, одамлар турмуш даражаси тобора юксалиб бормоқда. Ўзбекистонни жаҳон танимоқда. Халқаро жамоатчилик олиб борилаётган сиёсат тимсолида Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини, унинг бугунги ҳаёти, турли соҳаларда эришаётган ютуқлари ва ёруғ келажагини кўрмоқда. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда илмий, маданий ва иқтисодий уйғониш содир бўлмоқда. Шу боис, барчамиз бугунги кунда мамлакатимизда Учинчи Ренессансга тамал тоши қўйилди деб баралла айта оламиз.

    Зеро, мамлакатимизда шиддат билан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг замирида инсон манфаати, халқимиз, айниқса ёшлар манфаати ётганини, бу ўзгаришларнинг дастлабки натижалари эса халқимиз ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг ёрқин ифодасини топаётганини ҳар бир қалб кўзи уйғоқ инсон кўриб турибди. Ҳозирда барча долзарб муаммолар, қайси соҳа ёки йўналишда бўлмасин, халқимиз билан очиқ муҳокама қилиниб, уларнинг ечими топилмоқда. Эътиборли томони шундаки, қабул қилинаётган қарор ва фармонлар халқимизнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари ва мурожаатлари асосида ҳаётга татбиқ қилинмоқда.

    Энг асосийси, одамларда истеъмол маданияти шаклланди, мурожаат маданияти мустаҳкамланди. Улар “халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”лигини англаб етди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ва бугун ҳаётимиздан тобора чуқур ўрин олаётган ушбу тамойил юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига замин яратмоқда. Ушбу ғоя давлат ва нодавлат идораларининг фаолияти мезонига айланди. Асосий эътибор халқнинг оғирини енгил, бир сўз билан айтганда, уни рози қилишга қаратилмоқда.

    Хулоса қилиб айтганда, халқимиз, айниқса ёшлар бир нарсани ҳеч унутмаслиги лозим. Бугунги кунда барчамиз Янги Ўзбекистонда яшаяпмиз. Демоқчимизки, янгича фикрлаш, янгича тафаккур қилиш вақти келди. Азалдан халқимиз яхшиликка интилувчи, яхшиликни қадрига етувчи, яхшиликни севгувчи халқ сифатида эътироф этиб келинган.

    Энди дунё халқлари томонидан айтилган ва айтилаётган ана шу юксак эътирофлардан бебаҳра қолмаслик учун, улуғларимиз таъкидлаганидек: Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшларни илмли, маърифатли ва маънавиятли қилиб тарбиялаш ҳамда уларни Соҳибқирон Амир Темур сингари улуғ аждодлар маънавий меросидан баҳраманд қилиш зарур. Ана шунда миллий юксалиш бобида янада юқори марраларни эгаллаб, буюк аждодларга муносиб ворис бўла оламиз. Бунинг учун мустақил юртимизда, Янги Ўзбекистонимизда барча шарт-шароит ва имкониятлар мавжуд.

    Комилжон СУЛТОНОВ,

    Темурийлар тарихи давлат музейи илмий ходими

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates