Соҳибқирон ёди, ибрати ҳамиша қалбимизда

    9 апрель куни Амир Темур хиёбони, Темурийлар тарихи давлат музейида буюк Соҳибқирон таваллудининг 688 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.

    Дастлаб Амир Темур ҳайкали пойида таниқли давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат намояндалари, ижодкорлар, маҳаллалар фаоллари, талаба ва ўқувчилар, меҳнат жамоалари вакилларидан иборат кенг жамоатчилик тўпланди.

    Ҳайкал атрофида барчани ҳарбий хизматчи ва курсантлар, Темурбеклар мактаби ўқувчилари кутиб олди. Ҳарбий оркестр эса миллий ва жанговар куйлар ижро этди. Мудофаа вазирлигининг Фахрий қоровул шахсий таркиби белгиланган йўлак бўйлаб саф тортди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, вазирликлар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва қатор ташкилотлар жамоалари ўз гулчамбарларини Амир Темур ҳайкали пойига қўйди. Буюк Соҳибқиронга эҳтиром кўрсатди.

    Тадбир Темурийлар тарихи давлат музейида давом этди. Даврани Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, профессор Муҳаммад Али кириш сўзи билан очди.

    — Амир Темур мамлакатда қонун устуворлигини таъминлашга диққатни қаратди, — деди ўз сўзида Муҳаммад Али. — Унинг замонида ҳамма: вазир ҳам, амир ҳам, оддий фуқаро ҳам ва ҳатто баланд мартабали амирлар ва шаҳзодалар ҳам қонун олдида тенг бўлган. Ҳеч ким хизматига яраша тақдирланмай ёки қилмишига яраша жазога тортилмай қолмаган.

    Шундан сўнг, «Амир Темур жанговар байроғи» соҳиби ҳисобланган Марказий ҳарбий округ қўмондони, полковник Фаррух Зиябаев, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси, муҳтарам Олган Бекар, Осиё чемпиони Исроил Мадримов сўзга чиқди.

    Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев «Адолат фасли» спектаклидан соҳибқирон Амир Темур монологини, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид ва Темурбеклар мактаби ўқувчилари шоирнинг Амир Темурга бағишланган шеърини ижро этди. Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандаларининг қўшиқлари янгради.

    Йиғилганлар Темурийлар тарихи давлат музейи, Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи томонидан ташкил этилган «Темурийлар даври миниатюра санъати дурдоналари» номли кўргазма ҳамда бошқа экспонатларни томоша қилди.

    «Темурийлар Ренессанси: тарих, тадқиқотлар ва муаммолар» мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ўз ишини бошлади. Мазкур анжуманда сўзга чиққанлар Соҳибқирон ёди, ибрати ҳамиша қалбларда экани, Амир Темур бобомизнинг сабоқлари бизни доимо сергакликка ва уйғоқликка чорлаб туришини таъкидлашди.

    Соҳибқирон таваллудига бағишланган кечалар юртимиз бўйлаб давом этмоқда.

    Зуҳра МEЛИБОЕВА,

    талаба

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates