Совуқ ҳавода шамолламаслик учун нима қилиш керак?

    Айни кунларда юртимиз бўйлаб бироз совуқ ҳаво кузатилмоқда. Бундай ҳарорат эса шамоллаш билан боғлиқ касалликларга чалиниш эҳтимолини бирмунча оширади.

    Республика эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази директори Ботир Тожиев қиш кунларида мавсумий хасталиклардан сақланиш бўйича керакли тавсиялари билан ўртоқлашди.

    — Инсон организми турли касалликларга қарши курашиши учун унинг иммунитети мустаҳкам бўлиши керак, — дейди мутахассис. — Бироқ қиш фаслида аксарият кишиларда тананинг ҳимоя тизими бироз сусаяди. Натижада шамоллаш билан боғлиқ касалликлар бироз ортади.

    Шу боис, совуқ ҳавода, энг биринчи навбатда, гигиена қоидаларига риоя этиш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун кўчадан келганда албатта қўлларни совунлаб ювиш шарт.

    Биламизки, вируслар совуқ ва қуруқ ҳавода фаоллашади. Тўғри, қиш фасли атмосферада намлик нисбатан юқори бўлади. Бироқ хоналар иситилиши сабабли ҳаво қуруқлашади. Шу билан бирга, патогенлар тоза ҳавони ёқтирмайди. Аммо совуқ кунларда эшик ва деразалар зич ёпилиб, хоналар ҳавоси тез-тез алмаштирилмайди.

    Одамлар асосий вақтини иссиқ шароитда, бир неча киши ёки кўпчилик бир жойда жамланиб ўтказади. Бу эса инфекцияларнинг авж олиши учун қулай муҳит ҳисобланади. Шу боис биноларни тез-тез шамоллатиш керак.

    Шунингдек, Д витамини иммунитет тизимининг меъёрий ишлаши учун муҳим элемент ҳисобланиб, қиш фаслида қуёшли кунлар кам бўлиши боис организм бу моддани мустақил ишлаб чиқариши пасаяди. Натижада тананинг мазкур дармондорига эҳтиёжи ортади.

    Шу сабабли қишда тўғри овқатланиш, айниқса, таркибида С ва Д витамини бор егуликлар (балиқ, жигар гўшти, сут маҳсулотлари, тухум, мандарин, киви, қорағат (смородина), қуритилган анжир, лимон, малина каби мевалар, петрушка, ўсимлик ёғи ва табиий апелсин шарбати)ни кўпроқ истеъмол қилиш лозим. Кунлик таомномага оқсилга бой озиқ-овқатлар (дуккакли маҳсулотлар, ёрмалар, мол ва парранда гўшти)ни киритиш мақсадга мувофиқ.

    Қолаверса, витаминлар шамоллашнинг самарали профилактикаси ҳисобланади. Улар иммунитет тизимини мустаҳкамлаш ва вирусларга қарши туриш учун жуда муҳим. Масалан, Б витаминлари (Б1, Б2, Б6, Б12) лейкоцитлар фаоллигини кучайтиради. Бу ўз навбатида тананинг совуққа чидамлилигини оширади. Шу боис таркибида ушбу витаминлар кўп бўлган гўшт, балиқ, жигар, дуккаклилар, асал ва ёнғоқ каби маҳсулотларни ейиш тавсия этилади.

    Бундан ташқари, совуқ пайтда об-ҳавога мос кийиниш керак. Биринчи навбатда, шарф тақишни унутмаслик зарур. Боиси у бўйиндаги қон томирларини иссиқ сақлаб, мияга иссиқлик етиб боришини таъминлайди. Турар-жой ва офислар ҳамда жамоат биноларида эса ҳарорат режимига риоя қилиш лозим.

    Яна бир жиҳат шуки, аксарият инсонлар совуқ пайти камҳаракат бўлиб қолади. Бу эса иммун тизимига салбий таъсир кўрсатади. Аслида қиш пайти жисмоний ҳаракатни кўпайтириш орқали танани чиниқтириш жуда муҳим.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates