Сўх энди олис манзил эмас

    Кеча Фарғона халқаро аэропортидан ҳавога кўтарилган “Humo Air” авиакомпаниясига қарашли Ан-2П йўловчи самолёти Сўх аэропортига келиб қўнди.

    Президентимизнинг 2020 йил 8 августдаги “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида йиллар давомида ечимни кутиб турган иқтисодий, ижтимоий, маданий ва маиший соҳалардаги кўплаб муаммолар ўз ечимини топяпти. Иқтисодиётда эркин бозор механизмларининг жорий этилиши, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш баробарида транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам алоҳида аҳамият қаратиляпти. Бу, ўз навбатида сўхликларнинг олис йиллик орзу-армонларини рўёбга чиқариб, йўлларини яқин, кўнгилларини хотиржам қилмоқда.

    Мунтазамлик касб этаётган парвозлар

    Узоққа бормайлик, бундан бир ярим йил олдин ҳам Сўхга самолёт учади дейилса, кўпчилик учун эртакдаги гапдай туюларди. Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори доирасида Навобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янги аэропорт қурилиши бошлангач, ишончсизлик ўрнини тезроқ хайрли лойиҳанинг поёнига етишини кўришга, самолётда учишга бўлган иштиёқ эгаллади. Бинобарин, қурилиш ишлари ҳам жадал тус олиб, умумий майдони етти гектар, узунлиги етти юз метрни ташкил этган учиш-қўниш йўлаги тез фурсатда поёнига етказилди.

    Лойиҳа ижроси учун давлат бюджетидан олти миллиард саккиз юз миллион сўм маблағ ажратилди. Бу ерда учиш майдончаси, кутиш зали, овқатланиш шахобчаси, савдо нуқтаси, дам олиш жойларидан иборат замонавий мажмуа қад ростлади.

    Газетамизда шу йил октябрь ойининг охирида қўналға дастлабки синов парвозини қабул қилганлиги ҳақидаги хабарни берган эдик. Амалга оширилган парвоз ҳамда Сўх аэропортида яратилган техник шароитлар мутахассислар томонидан юқори баҳоланган эди.

    — Кеча Фарғона халқаро аэропортидан ҳавога кўтарилган “Humo Air” авиакомпаниясига қарашли Ан-2П йўловчи самолёти Сўх аэропортига келиб қўнди, — дейди Фарғона вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Бобурбек Икромов. — Парвоз давомийлиги 35 дақиқани ташкил этди. Тоғ қўйнидаги қадим маскан ҳақида жуда кўп этитганман, аммо келиб кўришга имкон топа олмагандим. Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган авипарвозлар бу борада жуда катта имконият ва қулайликлар яратиб бераётгани билан какта аҳамиятга эга. Сўхликлар бизни жуда яхши кутиб олишди. Энди тоғ тумани аҳли билан борди-келди ришталари янада мустаҳкамланади.

    — Янги авиарейснинг биринчи йўловчиларидан бўлганимдан фахраланаман, — дейди Навобод маҳалласида яшовчи Фаррух Боборустамов. — Шу кунга қадар Фарғона шаҳрига бориш учун бир кун вақт сарфлашимизга тўғри келарди. Бундай қулайликларни яратиб бергани учун давлатимиз раҳбарига раҳмат. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий кўринишини туманимиздаги ҳар бир фуқаро ўз ҳаётида ҳис этмоқда.

    Истиқлол маҳалласида яшовчи 87 ёшли Субҳиддин ота Шарофиддинов қайд этганидек, бу воқеа ҳудди эртакдек туюлади. Аслида эса бу эртак ёки туш эмас, ҳаётий ҳақиқат.

    Парвозлар ҳафтанинг душанба ва жума кунлари амалга оширилиши режалаштирилган. Йўловчилар авиачипталарни Фарғона, Андижон ва Наманган аэропортлари ҳамда Сўх тумани ҳокимияти биноларида харид қилиш имкониятига эга.

    Кўҳна Сўхда бўлган киши унинг зилол булоқлари, жўшқин сойлари, кўкка талпинган арчалари, ранго-ранг бетакрор табиатидан, самимий ва танти одамларининг дилкаш суҳбати, илму маърифатга бўлган меҳридан унутилмас таассурот олади. Кейинги пайтда Сўх туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар шиддати тоғликлар ҳаёт тарзини тубдан ўзгартириб юборди. Шу боис бу масканга келиш, унинг табиати, турмуш тарзи билан яқиндан танишиш, одамлари билан дилдан суҳбатлашишни ният қилганлар жуда кўп. Транспорт инфратузилмасининг ривожланиши, хусусан авиа қатновлар мунтазамлиги сайёҳликнинг йўлга қўйилишига ҳам кенг йўл очади.

    Халқаро ҳамкорлик лойиҳалари

    Сўхликларнинг Фарғона вилояти ҳудуди билан борди-келдисини яқин қилиш борасида бошқа йўналишларда ҳам ишлар олиб бориляпти. Бундан етти ой олдин Фарғона вилояти ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятлари орасида “Риштон” (“Қайтпас”) ва “Тул” (“Этикчи”) чегара постлари фаолияти тикланиб, Қирғизистон орқали ўтган “Риштон — Сўх” йўли тантанали равишда қайта очилган эди. Бу воқеа ҳам сўхликлар учун катта шодёнага айланди. Чунки ана шундан буён улар вилоят марказига келиш учун 80 километр йўл босиб, беҳуда вақт сарфламайдиган, қисқа иасофа орқали ортиқча оворагарчиликларсиз кўзланган манзилга етиб борадиган бўлишди.

    Ўтган ҳафта охирида Ўзбекистон ва Қирғизистон республикалари транспорт вазирлари бошчилигидаги делегациялар аъзоларининг учрашуви бўлиб ўтди. Улар, даставвал, Қирғизизтон ҳудудидан ўтган “Риштон Сўх” йўналишидаги умумий узунлиги 29 километр бўлган автомобиль йўлининг 8 километр қисмида қўшни република йўлсозлари томониданамалга оширилган таъмирлаш ишлари билан танишишди.

    Транспорт вазирлиги ахборот хизматининг қайд этишича, Сўх тумани аҳолиси билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида, ҳудуд оқсоқоллари давлатимиз раҳбарининг саъйи-ҳаркатлари билан бу ерда амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар натижасида у бугунги кунда чинакам обод масканга айланиб бораётганини таъкидлашган.

    Шундан сўнг, Фарғона вилояти Риштон тумани ҳокимлигида ҳар икки мамлакат ўртасида транспорт соҳаси ва транзит йўлакларини ривожлантириш масалалари юзасидан музокаралар бўлиб ўтди. Хусусан, томонлар "Ўзбекистон Қирғизистон Хитой" темир йўлининг қурилиши масаласида ўзаро фикр алмашишган. Ҳар икки томон вакиллари ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон ва Қирғизистон манфаатларига тўлиқ мос келишини ҳамда минтақамизнинг транзит салоҳиятини юзага чиқаришини таъкидлаб ўтишди. Шу боис, ушбу муҳим лойиҳа бўйича ҳамкорликдаги саъйи-ҳаркатларни давом эттиришга келишиб олинган.

    Учрашувда “Тошкент — Андижон — Ўш — Иркиштом — Қашғар” халқаро мультимодал йўналишида юк ташувлари ҳажмини ошириш орқали ушбу транспорт коридори имкониятларидан унумли фойдаланиш, ҳар икки мамлакат юк ташувчилари учун тенг имкониятлар яратиш юзасидан ҳам фикр алмашилган. Шунингдек, томонлар “Фарғона—Уч-Қўрғон — Дарот Қўрғон Сариташ — Иркиштом” йўналишида янги автомобиль йўлини қуриш лойиҳасини ҳам муҳокама қилиб, мамлакатларимиз ўртасида транспорт ва транзит соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш юзасидан ўзаро ҳамкорликдаги лойиҳаларни изчил давом эттиришга келишиб олишди.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    Расулжон КАМОЛОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбирлари

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates