Меҳнат фаолиятини беморларга шифо улашишдек хайрли ва савоб билан ўтказадиган шифокорлар мамлакатимизда талайгина. Ана шундай шифокорлардан бири Андижон давлат тиббиёт институти клиникасининг 5-терапия бўлими мудири Дилфуза Дўстмуродовадир.
Зиёли оилада таваллуд топган Дилфуза опа болаликданоқ шифокорлик касбига меҳр қўйиб, етук шифокор бўлиш йўлида астойдил ҳаракат қилди. Камолот пиллапояларида улғайгач, 1979 йилда Андижон давлат тиббиёт институтига ҳужжат топширди. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, институт талабаси бўлди. Бу эса ўз даврида умрини, ҳаётини тиббиётга бахшида қилган қизга омад эшикларини очди.
Шифокор сифатида саломатлик инсон учун энг улуғ неъмат эканини қалбан англаган Дилфуза опа 1987 йилдан асосий меҳнат фаолиятини бошлади. Эл-юрт саломатлиги йўлида бор билим ва тажрибасини амалда қўллаб, ҳар бир беморнинг имконияти ва руҳиятига қараб, алоҳида ёндашди. Босқичма-босқич даволаш жараёнида беморлар дардини яқиндан тушуна билди. Шифо сўраб, дармон излаб келганлардан ўз маслаҳатини аямади. Кези келганда, ҳар бир беморнинг бошида парвона бўлди, шифохонада қолиб, кунни, тунларга, тунни тонгларга улади. Жонкуяр шифокорнинг бу эзгу ишларидан кўпчилик миннатдор бўлиб, дуо қилади.
Кўпнинг дуоси мустажоб бўлиб, Дилфуза опа ўз соҳаси бўйича қатор масъулиятли лавозимларда ишлади. Хусусан, у Андижон давлат тиббиёт институти факультетининг госпитал терапия катта лаборанти, госпитал терапия кафедраси аспиранти, госпитал терапия кафедраси ассистенти ҳамда Андижон шаҳридаги 4-поликлиникада врач-кардиолог, шунингдек, Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси 5-терапия бўлимида даволовчи шифокор, факультет терапия кафедраси ассистенти ва 2017 йилдан бошлаб ҳозиргача институт клиникасининг 5-терапия бўлими мудири сифатида самарали фаолият юритиб келмоқда.
Бугун дастлабки меҳнат фаолиятини бошлаганига ҳам қарийб 40 йилдан ошаётган Дилфуза Дўстмуродова ҳамон қайноқ меҳнат жараёнида. Ўтган йиллар давомида у юзлаб беморларга шифо улашди. Узоқ йиллар давомида қўллаган тажриба, билим ва кўникмаларини энди шогирдларига ҳам ўргатиб келмоқда. Шогирдларидан врач-ординатор Авазбек Қаҳрамонов қўли енгил шифокор бўлса, магистр Нурилло Насриддинов эса билимга чанқоқ ёшлардан.
Дарҳақиқат, сўзлари шифо бўлган тиббиёт ходимларини ҳар қанча таърифласак, шунча оз. Негаки, улар беморларни нафақат дори-дармон, балки ширин сўзлари, қайноқ меҳри билан дарддан фориғ этади.
Илҳомжон ТОЖИБОЕВ










