Юртимизда туберкулёз билан касалланган беморларнинг даволаш самарадорлиги 91 фоизга етди

    Саломатлик 20 октябр 2022 1601

    Бугун пойтахтимизда «Ўзбекистон фтизиатрияси асоси – профилактика, диагностика ва даволашдаги инновацияларнинг яратилиши ҳамда истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўз ишини бошлади.

    Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари У. Сабиров, ЖССТ Европа минтақавий бюроси, «Чегара билмас шифокорлар» халқаро мурувват ташкилоти Лондон идораси, Силни тўхтатиш (Stop-TB Partnership) ташкилоти, АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID), ОИТС, сил ва безгакка қарши кураш Глобал жамғармаси вакиллари, фтизиатрия ва пульмонология соҳасига ихтисослашган тиббиёт муассасалари мутахассислари иштирок этяпти.

    Анжуманнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, Ўзбекистон фтизиатрия хизмати роппа-роса бир асрлик тарихга эга. Айниқса, кейинги йилларда изчил профилактик чора-тадбирлар туфайли юртимизда туберкулёз, гепатит ва шу каби эпидемиологик хасталикларга чалиниш ҳолатлари сезиларли даражада камайди.

    Хусусан, бугун жаҳон миқёсида дориларга сезувчан туберкулёз билан касалланган беморларнинг даволаш самарадорлиги 85 фоизни ташкил этади. Юртимизда эса бу кўрсаткич 91 фоизга тенг. Албатта, бундай ижобий ўзгаришларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ.

    Хусусан, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази юртимизда ушбу хизматни такомиллаштириш, туберкулёз ва сурункали носпетсифик ўпка касалликларига қарши курашиш, уларни энг замонавий усуллар асосида самарали даволашга хизмат қилувчи етакчи илмий муассаса ҳисобланади.

    Эътироф этиш жоиз, авваллари мазкур хасталикка чалинган беморлар 8-10 ойлаб шифохонада даволанган бўлса, бугун бу жараён ўрта ҳисобда 60 кунни ташкил этади. Боиси, марказ мутахассислари муолажа жараёнида юқори технологияларга асосланган илғор жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли бажараётир.

    Анжуманда хавф гуруҳига кирувчи аҳоли, хусусан, фертиль ёшидаги аёллар ва ўсмир қизлар флюорографик текширувлардан мунтазам ўтказилаётгани мамлакатимизда туберкулёз билан касалланиш 2 маротаба, хасталик туфайли ўлим ҳолатлари эса 6 маротабага камайишига хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

    Шунингдек, тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Чегара билмас шифокорлар» билан ҳамкорликда ушбу касалликни даволашда энг сўнгги илм-фан ютуқларини қўллаган ҳолда қисқа, самарали ва хавфсиз янги дастур амалга оширилаётгани эълон қилинди. Мазкур янги лойиҳа SMARRTT (рифампитсинга резистент туберкулёз касаллиги учун олти ойлик перорал режимлари) деб номланиб, дунёнинг бир қатор мамлакатларида ўтказилади.

    Айтиш керак, бундай даволаниш муддати аввалгидек икки йил ёки ундан кўп вақт эмас, балки атиги олти ойни ташкил қилади. Қувонарлиси, юртимизда ўтказилган клиник тадқиқот натижаларидан келиб чиққан ҳолда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу муолажа режимини ўзининг янгиланган даволаш кўрсатмаларига киритилишини эълон қилди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

    Анжуман ўз ишини давом эттиради.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates