Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг долзарб масалалари

    Фикр 7 сентябр 2020 6836

    Сўнгги йилларда жадал суръатлар билан ривожланиш йўлидан бораётган республикамизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини тўлақонли таъминлаш асосий вазифа сифатида белгиланиб, давлатимиз раҳбари томонидан миллий қонунчилик орқали ушбу вазифани амалга ошириш йўналишлари ҳуқуқий мустаҳкамланмоқда.

    Аниқки, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини тўлақонли таъминлашда судлар фаолияти алоҳида аҳамият касб этади. Шу сабабли тараққий этган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашни мақсад қилган республикамизда бошқа соҳалар қаторида судлов тизими ҳам самарали ислоҳ қилинмоқда. Айни пайтда суд тизимида замонавий ахборот-коммуникациялар инфратузилмасини яратиш, ахборот ресурслари ва ахборот тизимларини ишлаб чиқиш, электрон ҳужжат айланиши тизимини жорий этиш ҳамда суд органлари веб-сайтлари орқали фуқароларга интерфаол хизматларни кўрсатиш республикамизда суд органларида амалга оширилаётган инновацияларнинг асосини ташкил этади. Шунингдек, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишдан кўзланган асосий мақсад судлар фаолиятининг очиқлигини, шаффофлигини ва тезкорлигини таъминлаш, судларда иш юритиш сифатини ва аҳолининг одил судловга эришиш даражасини оширишдан иборат.

    Йилдан йилга ривожланиб бораётган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари улардан ҳар қандай тизимда фойдаланиш кўплаб қулайликлар яратишини исботлади. Судлов фаолиятига ҳам бундай технологияларнинг жорий этила бошлангани фуқароларнинг суд билан боғлиқ ишларини тез ва қулай, ортиқча сарсонгарчиликсиз амалга ошириш имконини бермоқда. Албатта, ушбу қулайликларнинг яратилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 30 августда қабул қилинган “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим. Ушбу қарор асосида судлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш билан боғлиқ масалаларда кўплаб ижобий ўзгаришларга эришилди. Жумладан, судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш орқали суд мажлисида иштирок этиш, судлар томонидан кўриладиган ишларни судьялар ўртасида автоматик тақсимлаш, суд якуний хулосаларини интернет тармоғида жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш ҳамда ижро ҳужжатларини ахборот технология воситаларидан фойдаланиб электрон шаклда юбориш шулар жумласидан.

    Ушбу ўзгаришларниниг ижобий натижасини янада мустаҳкамлаш, судлов фаолиятини янада такомиллаштириш ва унга замонавий ахборот-коммуникация воситаларини кенг жорий этиш мақсадида 2020 йил 3 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорда судда ишларни кўриб чиқиш жараёнида вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви асосан қоғоз шаклида амалга оширилаётганлиги таъкиланди. Ўз ўзидан бундай тартибнинг амалда бўлиши кўрилаётган иш бўйича якуний қарор чиқариш учун кўпроқ муддат талаб этиб, судлар томонидан низоли вазиятларни тезроқ ҳал этиш ҳамда суд томонидан кўриб чиқиладиган ишлар ҳажмининг кўпайиб кетишини олдини олишга тўсқинлик қилмоқда. Бундан ташқари, мазкур қарор асосида судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш ҳам назарда тутилди.

    Юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ушбу ҳужжат билан судлар фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари белгиланди. Хусусан, фуқаролар ва тадбиркорларга кенг имконият ва эркинлик яратиш учун уларга кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турлари кенгайтирилади, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб бориш таъминланади, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имконияти жорий этилади, шу билан бир қаторда судьялар ҳамжамияти фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида махсус ахборот дастурлари жорий этилади. Қарорда тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш ҳам белгиланган бўлиб, бу фуқароларнинг вақтини тежаб, қўшимча қулайлик яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.

    Шунингдек, қарор асосида 2020-2023 йилларда қуйидаги суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди:

    2021 йил 1 январдан судларда суд мажлисини тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлиси баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;

    2021 йил 1 июлдан апелляция ва кассация инстансияси судларида ишларни судялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;

    2021 йил 1 октабрдан барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида SMS хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш;

    2022 йил 1 январдан суд қарорларини тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;

    2022 йил 1 июлга қадар судлар фаолиятида, шу жумладан, фуқаролар ва тадбиркорларга одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;

    2023 йил 1 январдан суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш;

    судлар, Судялар олий кенгаши ҳамда Судялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш.

    Мазкур қарор асосида судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича ҳам муайян вазифалар белгиланган бўлиб, яқин 3 йил ичида юқоридаги ишларни босқичма-босқич амалга ошириш судлов фаолияти самарадорлигини ошириш ва энг асосийси, судга мурожаат қилган фуқароларга бир неча қулайликлар яратиши шубхасиз.

    Қарорга кўра, судлар фаолиятида ахборот алмашинувига алоҳида эътибор берилаётганин кўришимиз мумкин. Жумладан, 2022 йил 1 январдан судлар фаолиятига қуйидаги имкониятларни берувчи “Адолат” ахборот тизимлари комплекси жорий этилади:

    давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш;

    манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш;

    суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш;

    суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш.

    Шунингдек, жорий йил якунига қадар суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобил дастур ҳам ишлаб чиқилади.

    Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Ички ишлар вазирлиги, ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш масаласида “UNICON.UZ” фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази” давлат унитар корхонаси ва бошқа давлат органлари зиммасига қатор вазифалар юклатилди.

    Сўнгги йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар уларнинг давлат бошқаруви, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрнини янада мустаҳкамлади. Фуқароларнинг судлар фаолятига нисбатан ишончини ошириш, уларни рози қилиш асосий мақсад эканлиги инобатга олиниб, қонунчиликда ҳам шу йўналиш бўйича ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Мазкур қарор ҳам судлар фаолиятини янада такомиллашишига, фуқаролар муаммоларини осонлик билан ҳал этилишига замин яратади. Барчамизга маълумки, ушбу ўзгаришларнинг амалда тўлақонли ижро этилиши қарордан кўзланган аниқ мақсадга етишда муҳим ҳисобланади. Бунинг учун аввало, фуқаролар ҳам мазкур ўзгаришлар билан танишиб, ўз ҳуқуқларини билган ҳолда қарор ижросини амалга оширишда иштирок этиши лозим. Ишонамизки, бу каби ўзгаришлар суд ҳокимиятини фуқаро ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ролини янада оширади.

    Саддам ҚОДИРАЛИЕВ,

    ТДЮУ суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва адвокатура кафедраси ўқитувчиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates